Ўзбекистон: Андижонлик уч эгизак Шавкат, Миромон ва Мирзиё эмаслиги учун ёрдамсизми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Kun.uz
Image caption 12 кишилик оилада фақат бир киши маош олиши айтилади

Кун.уз сайтидаги мақолада ёзилишича, Андижон вилоятида июнь ойида туғилган уч эгизак болалар давлат ёрдамисиз қолишмоқда.

Иззатбек, Исломбек ва Имронбек Булоқбоши тумани, Ширмунбулоқ қишлоғида яшовчи Хидировлар оиласида туғилган. Уларнинг, катта ўғли билан бирга ҳисобласа, энди тўрт фарзанди бор.

Кун.уз мухбири Элмурод Эрматовнинг ёзишича, Булоқбоши ҳокимлиги туғилиши халқ орасида шов-шув бўлган уч чақалоққа аравачалар ва 2 ёшгача бўлган бола тарбияси учун нафақа пули берилишини ваъда қилган, аммо бу ваъдалигича қолган.

Уч чақалоққа сути етмаётган Диёрахон туман ва вилоят ҳокимлигига бир неча марта ёзма ва оғзаки мурожаат қилганини айтади. Лекин, унга ҳатто икки ёшгача бўлган болалар учун бериладиган нафақани ҳам бермаганлар.

Болалар онасига унинг турмуш ўртоғи давлат ишида ишлашини, ойлик маоши кўп эканлиги ва комиссиядан ўта олмаганини айтилган, дейилади мақолада.

"Кун.уз сайтида мақола эълон қилингач, эртасига эгизакларнинг онаси телефон қилиб, Булоқбоши тумани ҳокими Ўткирбек Мамуров хотин-қизлар қўмитаси раиси Гулнорахон Худойбердиева билан келиб, кир ювадиган машина ва «духовка» совға қилганини, бир қоп ун ва ёғ бериб кетганини, яна шу маҳаллада яшовчи тадбиркорга ҳар ҳафта болаларнинг сунъий озуқасини олиб бериш вазифаси юклатилганини айтди. Айни пайтгача ҳомий тадбиркор ҳафтасига 3тадан озуқа олиб келиб бермоқда," - деб ёзади мухбир.

Диёрахон бу ёрдамлардан чексиз миннатдор бўлса-да, уч чақалоқни катта қилиш қийин бўлаётганини айтади.

«Уч чақалоқ кунига ўсяпти, улғайяпти. Истеъмоли ҳам шунга яраша ошмоқда. Кунда камида 10 дона таглик (памперс)1800 сўмдан, ҳафтасига 6та озуқа бўтқаси (донаси 22 минг сўм) оляпмиз. Яна ҳар куни сут сотиб оламиз ва ундан ҳам қўшимча озуқа тайёрлаб ичиришга тўғри келади. Сутнинг литри 5 минг сўм. Бир ойда 350 000 сўм памперсга ва 500 минг сўм озуқага сарфланяпти. Бундан ташқари, болалар муддатидан олдин дунёга келгани учун қўшимча дорилар ичиряпмиз," - дейди у.

Мақолада ёзилишича, чақалоқларнинг отаси туман МИБда ишлайди ва маоши ёмон эмас, лекин 12 киши истиқомат қиладиган оилада фақат шу йигит ишлайди, холос.

Шавкат, Миромон ва Мирзиё

Фото муаллифлик ҳуқуқи daryo.uz
Image caption Президент совғаси

Ўтган ҳафта эса Тошкентда 18 декабрда туғилган учизакка Шавкат, Миромон ва Мирзиё деб исм қўйган ота-она Президентдан Сobalt машинаси олди.

Шунингдек, оилага Президент совғаси сифатида коляска ва турли совға саломлар етказилган.

Чақалоқларнинг ота-онаси эгизакларга Президент Шавкат Миромонович Мирзиёев шарафига Шавкат, Миромон ва Мирзиё деб исм қўйган эди.

Бундан олдин Хоразм ва Бухоро вилоятларида туғилган учизакларга Президент Шавкат Мирзиёев шарафига исмлар қўйилган эди.

Бироқ бу учизакларнинг Президентдан совға олганлиги матбуотга маълум эмас.

Хоразмда туғилган чақалоқларнинг бобоси уларга ҳокимият томонидан ҳеч ким ёрдам бермаганини айтган эди.

Президент ўз шарафига исм қўяётган ота-онага машина совға қилиши илк маротаба учрамоқда.

Олдин Ўзбекистонда марҳум Президент Ислом Каримов шарафига исм қўйиш урф бўлган эди.

Учизакларга Мирзиёев исмини қўймаганлар ҳукуматдан ёрдам ололмайдими?

Ўзбекистон, шифокор ташхиси: Нима учун тиббиёт аҳволи ўнгланмаяпти?

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek