Ўзбекистон: 2019 йил ўзбекларнинг турмуши янада оғирлашадими?

ислоҳотлар Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Президент Мирзиёев Олий Мажлисга қилган мурожаатида 2019 йил "жуда оғир, аммо ҳал қилувчи йил" бўлишини айтди. Британия матбуоти таҳлилчилари тарихга таяниб, 9 рақами билан тугайдиган йиллар ҳодисаларга, айниқса тарихни ўзгартириб юборувчи ҳодисаларга бой бўлишини ёзмоқда.

Guardian нашри таҳлилчиси Ларри Эллиоттанинг ёзишича, 9 рақами билан тугайдиган йиллар турли ҳодисаларга бой бўлади. Айниқса бу йилларда тарихнинг ўзгаришига ҳисса қўшган воқеалар бўлиб ўтган.

1789 йилда француз инқилобини эсланг. 1939 йилда Иккинчи жаҳон уруши бошланган.

1979 йили Эронда режимни ўзгаришига олиб келган инқилоб рўй берди. Ўша йили Британия ҳукуматига "темир хоним" деб таърифланган Маргарет Тэтчер келди.

Бундай ҳодисалар Ўзбекистон тарихида ҳам учраган. Айнан 1979 йили Ўзбекистон футболининг ўша вақтда бутун иттифоқда тамсилчиси бўлган "Пахтакор" жамоаси минган учоқ ҳалокатга учради. Бир кунда афсонавий жамоа йўқ бўлиб кетди.

Орадан ўн йил ўтиб Берлин девори қулади ва бу Европада коммунизм инқирози бошланишининг нишонаси бўлди.

Айнан 1989 йилда намойишлар ортидан Ўзбекистонда 70 йил расмий доирада ўрни бўлмаган ўзбек тили давлат тили мақомини олди.

Ўша йилнинг май-июн ойларида Фарғона водийсида ахиска турклари ва маҳаллий аҳоли бўлмиш ўзбеклар ўртасида тўқнашувлар бўлиб ўтди. Натижада кўплаб ахиска турклари яна бир бор уйини ташлаб бошқа жойга кўчишга мажбур бўлишди.

1999 йил 16 февралда рўй берган Тошкент портлашлари Ўзбекистон ҳукуматининг диндорлар ва сиёсий элитага қарши репрессияси бошланишига олиб келди.

2009 йилда дунёдаги деярли барча марказий банклар ўта жиддий рецессия иккинчи "Буюк депрессия"га олиб келмаслиги учун кескин чоралар кўришига тўғри келди. Иқтисодий соҳада инқироз бўлиб ўтди.

"Буюк депрессия" 1929 йилда Уолл-стритдаги инқироз ортидан келиб чиққан эди.

2009 йили Ўзбекистонда Тошкент имом хатиби Анвар қори Турсунов ва Ички ишлар вазирлиги бошқарма бошлиғи Ҳасан Асадовларга нисбатан суиқасд уюштирилди.

Пичоқлаш натижасида Анвар Қори Турсунов шифохонага ётқизилган. ИИВ амалдори ўз уйида отиб кетилгач ўлган эди.

2009 йил яна бир диндорларга қарши репрессиянинг кучайиши билан ҳам эсда қолган.

70 яқин диндор имом ва амалдорга ҳужум қилиш гумони билан ҳибсга олинди. Уларнинг тақдири борасида матбуотга ахборот берилмади.

Ҳодисадан сал олдинроқ феврал ойида Ўзбекистонда нурчилар оқимига алоқадор, деб кўрилган 50 атрофидаги диндор ҳибсга олинган эди.

Йил охирига келиб Тошкент, Андижон ва Қашқадарё вилоятларида диндор аёлларнинг гуруҳ-гуруҳ қилиб ҳибсга олинишларига уланиб кетган.

Биргина Қаршидаги 30 дан зиёд аёл 2009 йилнинг 5 ноябридан бошлаб ҳибсга олинди. Уларнинг ҳибсда даҳшатли қийноқларга тутилгани айтилади.

Халқаро миқёсда 2019 йил ҳам ўтмишдаги 9 рақами билан тугайдиган йиллар каби оламшумул ҳодисаларга бой бўлиши кутилмоқда.

2018 йилда АҚШ Президенти Дональд Трамп Хитой билан савдо урушини бошлаш учун бир неча "ўқ" отди. 2019 йилнинг илк ойлари бу икки давлат ўртасидаги муносабатларда ҳал қилувчи палла бўлиши мумкин.

Таҳлилчилар икки давлат ўртасидаги можаро яхшилик билан ҳал бўлмаса 2019 йилда дунё миқёсида иқтисодий инқирозга сабаб бўлиши мумкинлигини тахмин қилишмоқда.

Ўзбекистонда аҳвол 2019 йилда оғир ва ҳал қилувчи бўлишини мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёев парламентга мурожаатида айтди.

Келаётган йилнинг апрел ойида Мирзиёев эълон қилган икки йиллик фавқулодда вазият ҳолатида ишлаш муддати битади.

2017 йилнинг 11 апрелида ўтказган видеоселектор йиғилишида Мирзиёев Ўзбекистондаги аҳволни ниҳоятда оғирлигини тан олган ва фақулотда вазиятда ишлашни билдирган эди.

"Аҳвол ниҳоятда оғир. Томошабин бўлиб ўтира олмаймиз. Ўтиришга ҳаққимиз ҳам йўқ. Одамлар биздан бугун талаб қилаяпти. Бизда кадр тайёрлаш тизими йўқ десак, адолатдан бўлади. Йўқ. Албатта, икки-уч йилдан кейин кадрлар келади. Лекин, ҳозир мен қарор қилдим, икки йил фавқулодда вазиятда ишлаймиз, - деганди Шавкат Мирзиёев.

Бу вақт давомида Мирзиёев ҳукуматда ҳал қилувчи лавозимларда ўтирган кўплаб кадрларни ўзи ишонган ва "садоқатли" кадрлар билан алмаштирди.

Юқори лавозимли амалдорларнинг янгиланиши бу йил ҳам давом этиши мумкин.

Бироқ ўзгартиришларга қарамасдан халқнинг турмуш тарзи яхшиланмаётгани айтилади.

Одамлар иш излаб хорижга кетишда давом этмоқда. Мирзиёев келиши билан маълум муддат яхшиланган газ-свет муаммоси бу қиш яна бўй кўрсата бошлаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek