Ўзбекистон: Бўлажак куёвлар бадавлат қайнотани орзу қилади

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Ўзбек йигитларининг 57 фоизи бадавлат қайнотани орзу қилади

Ўзбек йигитларининг 57 фоизи бадавлат хонадонга куёв бўлишни орзу қилади.

Уларнинг ишонишича, бундай куёвлик фаровон ҳаётнинг гаровидир.

Бу ҳақда Ўзбекистон ҳукумати қошидаги "Оила" маркази ўтказган тадқиқот натижаларида айтилган.

Мирзиёев ва сенат тўйлар устидан тўқнашдими?

"Тўйни тўхтатиш ўрнига дунёқарашингни ўзгартир!"

Мирзиёев: "Тўйларда европача ликиллаган дискотека бўлмайди"

Марказ мутахассисларига кўра, "йигитларда бундай қарашнинг шаклланиб бораётгани келажакда катта оилавий муаммоларга сабаб бўлиши мумкин".

"Чунки, эркак кишининг энг катта бурчи ўз қарамоғидагиларнинг ўзгаларга қарам бўлиб қолишига йўл қўймаслигидир.Оилада эркакларнинг асосий вазифаси оилани иқтисодий жиҳатдан мустақил таъминлай олишидир",- дейилади тадқиқотда.

'Ўзини осиши керак'

Ўзбек жамиятида дабдабали тўйларнинг удумга айлангани ва кўп ҳолларда асосий харажатларнинг келин томон зиммасига юкланиши турли даражаларда кўп танқид қилинган.

Президент Шавкат Мирзиёев ўтган йилги чиқишларидан бирида "Тошкентда 4 та қизи бор одам ўзини осиши керак", деб айтган эди.

Сўнгги пайтларда бу турдаги куёвлар ҳақида "куёвчак" ибораси ҳам урфга кирган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Oila
Image caption "Оила" маркази ўтказган тадқиқот натижалари

Ўтган йил охирида ижтимоий тармоқларда Ўзбекистондаги тўйлардан биридаги "куёв салом" акс этган видео ҳам тарқалганди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "Оила" илмий-тадқиқот маркази мутахассислари сўровда қатнашган респондентлар ҳақида батафсил маълумот беришмаган.

Жумладан, уларнинг қайси ҳудуддаги ва қайси ёш гуруҳидаги ва ё ижтимоий аҳволи ҳақида маълумот йўқ.

Буюк Британиядаги Ҳалл университетида аёллар мавзусини тадқиқ қилган гендер тенглик бўйича мутахассис Ҳафиза Бўронованинг айтишича, тадқиқот натижалари Ўзбекистонда оила институтининг иқтисодий заҳирага айланиб бораётганини кўрсатади.

"Бизда оила тушунчаси мустаҳкам. Агар олдинлари бу тушунча коллектив ҳаракатланиш жараёнини билдирган бўлса, ҳозирги пайтда айнан иқтисодий муаммоларни ечиш заҳирасига айланган", -дейди олима.

Унинг фикрича, ўзбек жамиятидаги бу кўриниш вақтинчалик.

"Ҳар бир жамият ривожланиш босқичларининг турли даврларида ўзига хос бир мафкура пайдо бўлади. Бизнинг ўзбек жамиятимизда ҳозирда биринчи галдаги вазифа иқтисодий муаммоларни ечиш, маълум даражада иқтисодий қониқишга эришиш ҳисобланади. Бу босқичдан ўтсак, оила институтининг маълум даражада заифлашишига гувоҳ бўлишимиз мумкин", - дейди Ҳафиза Бўронова.

Унинг айтишича, бу фақат ўзбек жамиятида эмас, балки бошқа давлатлара ҳам ўтилган бир босқич.

Лавҳани BBC O'zbek YouTube каналида томоша қилинг.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek