Аҳолиси қашшоқ Ўзбекистонда ҳоким ўринбосарлари нега Malibu-2 люкс машиналарида юради?

Навоий вилоят ҳокими Қобул Турсунов ўринбосарларига олиб берган 8 та Malibu-2 русумли машиналар масаласига изоҳ берди. Ҳокимга кўра Президент Мирзиёев маҳаллий ҳокимларга бюджетга тушадиган пулларни ўз ихтиёрлари билан ишлатиш каби "катта ваколат" берганидан сўнг машиналарни олишга имконият пайдо бўлган.

Кун.уз сайтига интервью берган вилоят ҳокими интернетда шов-шув бўлиб кетган ўринбосарларига 8 та Malibu-2 олиш масаласига батафсил тўхталган.

"Ҳар қандай ҳолатни тўғри тушуниш керак. Биз вилоят ҳокимининг ўринбосарларига 8 та эмас 5 та Malibu-2 русумлик хизмат автомашинаси сифатида топширдик. Битта шаҳар ҳокимига топширилди. 2 та фақулодда вазиятлар бошқармаси ҳамда давлат солиқ бошқармасига хизмат машинаси сифатида автомашиналар топширилди", дейди у.

Қобул Турсуновнинг айтишича, машиналар GM Uzbekistan сайтида кўрсатилганидек 302 миллион сўмдан эмас, балки акция сабаб 267 миллион сўмдан олинган.

"Акцияда иштирок этганимиз нуқтаи назаридан қарийб 50 миллион сўм иқтисод қилдик", деган ҳоким.

8 та Malibu-2 солиқ тўловчиларга 2 миллиард 136 миллион сўм, ёки 256 минг долларга тушган.

Вилоят ҳокимининг ўзи Ўзбекистонда божхона тўловларини тўлаб бўлгандан кейинги нархи 50 минг доллардан бошлаб 110 минг долларгача чиқадиган Toyota Prado машинасида юради.

Машиналарнинг келиш манбасига тўхталган ҳоким амалдорларга бундай шароит яратилишига Президент Мирзиёев томонидан кўп ваколат берилганига боғлайди.

"Манбасини айтмоқчи бўлсам, муҳтарам юртбошимиз томонидан 2017 йилнинг бошиданоқ маҳаллий давлат ҳокимларининг фаолиятини эркинлаштириш, уларни бўлаётган барча соҳаларда салоҳиятини ошириш нуқтаи назаридан кўп ваколатлар берилди. Қолаверса ҳукуматимизда ўша енгил хизмат машиналари билан боғлиқ, 1999 йил, адашмасам, апрелдаги 154-сонли қарорга ҳам ўзгартириш киритилди".

Ҳокимнинг таъкидлашича, вилоятда бўш турган бинолар ва ерларни сотиб ўз ўринбосарларига люкс русумдаги Malibu-2 олиб берган.

"Биз ваколатимиз доирасида, манба нуқтаи назаридан бизда бўш турган, фойдаланмаётган ер майдонлари, биноларни сотишдан тушган маблағлар ҳисобига. Яна бир нарсани ман ўзимга қайд этиб ўтишни жоиз деб биламан. Муҳтарам юртбошимиз томонидан маҳаллий бюджетга тушадиган, прогноздан, режадан орттириб бажарилган қисмини ўзларининг ихтиёрига қолдириш нуқтаи назаридан бизга жуда катта ваколатлар берилган".

Навоийда бошқа вилоятларда бўлгани каби мактаблар етишмайди. Вилоятда минглаб ўқувчилар жой йўқлигидан 2 гоҳида 3 сменада ўқишишга тўғри келади.

Ҳокимнинг айтишича, 2018 йил якунига келиб маҳаллий бюджетга тушумларнинг эркин қолдиғи қарийб 400 миллиардга етган. Бу маблағни у Президент берган ваколат билан истаганича сарфлаши мумкин.

"Саволимизнинг иккинчи томони биздаги мавжуд автопаркнинг техникалари ўзининг хизмат муддатини ўтаб бўлган автомашиналар ташкил этади. Тўғри, текширишларингиз ҳам мумкин. Учта ўринбосаримизда Captiva русумли автомашина бор эди. Биз учта автомашинани туман ҳокимларига хизмат муддатини ўтаб бўлган машиналарнинг ўрнига хизмат машинаси сифатида бердик", дейди у.

Навоий вилоят ҳокими интернетдан шов-шув бўлиб кетганидан сўнг бу масала дунёнинг бошқа давлатларида қандай экан, деб қизиқиб кўрганини айтади.

У Навоий вилояти билан ҳамкорлик қилаётган Россия губернияларидан бирини ўзининг ҳолатига солиштириб кўрган.

"Ман Россиянинг губернаторлари, губернатор ўринбосарлари қандай кечиряпти, экан деган нарса билан боғлиқ бўлди. Ман биламан биз билан ҳамкорликда бўлган ўша вилоятлар ҳам дотацияда турибди. Бу дегани улар давлат таъминотида турибди. Лекин вилоятини айтолмайман, узр сўрайман, ўша губернаторимизнинг ўзини самолёти, ўзининг хизмат вилласи, 3 та чет элдан сотиб олиб келган, бизнинг кеча тилга тушган мошиннинг қийматидан биттасининг нархи 8 баробар қиммат хизмат машинасида юрар экан", дейди у.

Қобул Турсунов қиммат русумли машиналарнинг олинишини Навоий вилояти ҳудудининг катталиги билан изоҳлаган.

"Бизнинг ҳудудимиз жуда ҳам катта. Айтайлик Навоий вилояти марказидан Томдининг қайсидир қишлоғига бориш учун 450 км масофа юришимиз керак. Маҳсулотнинг нархи, қиймати аввало, сифати билан яроқлиги билан белгиланади. Биз шунақа ҳаракат қилдикки, икки йилда битта машина битта машина алмаштирмайликда. 10 йилга битта машина алмаштирайлик, нуқтаи назаридан қилдик", деган у.

Global Finance журналининг 2017 йилги рейтинги бўйича Ўзбекистон дунёнинг энг қашшоқ 127 - давлати сифатида эътироф этилган.

Бошқа халқаро ташкилотларнинг ҳисоботларига кўра, Ўзбекистон аҳолиси бир кунда 2 доллар ҳам пул тополмайдиган қашшоқ давлатлар сирасига киради.

Миллионлаб ишга яроқли ўзбекистонликлар тирикчилик ўтказиш учун Россия каби бошқа давлатларга кетишга мажбур.

"Ўзимнинг нуқтаи назаримдан, бу ерда қанақадир халқнинг манфаати ёки давлатнинг манфаатига путур етадиган ҳаракат содир этилмаган", деган вилоят ҳокими Қобул Турсунов.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek