Энди бой хорижликлар ҳам Тошкент пропискасини олиши мумкин

Тошкент Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Камида 400 минг доллар сарфлаб пойтахтдан уй сотиб олган 109 давлат фуқароси Тошкент пропискасини олиши мумкин. Бу давлатлар орасида Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳам бор.

Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан туризм борасида имзоланган янги фармонда айтилган.

Тошкент шаҳри ва вилоятидан 400 минг доллардан қиммат уйларни олган рўйхатда келтирилган хориж фуқаролари бу ерда доимий яшаш ҳуқуқини қўлга киртиши мумкин.

Ўзбекистонлик оддий одамлар Тошкент шаҳри ва вилоятига пропискада туриши чекланган.

Бундай ҳуқуқ олдинроқ пойтахтдан янги уйларни сотиб олишга қодир вилоятликларга берилган эди. Энди бундай имконият чет элликларга ҳам берилмоқда.

Бундан ташқари Самарқанд, Бухоро, Наманган, Андижон, Фарғона ва Хоразм вилоятларидан камида 200 минг долларга уй сотиб олган хорижликлар бу ерда доимий яшаш ҳуқуқини қўлга киритиши мумкин.

Қорақалпоғистон республикаси ва бошқа вилоятларда бу кўрсатгич 100 минг АҚШ долларини ташкил қилади.

Тошкентга пропискага тура олиши мумкин бўлган давлатлар сирасида Британия, Россия ва Ўзбекистонга қўшни Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон давлатлари фуқаролари ҳам бор.

Бундан ташқари "Ўзбекистонда туризмни тезкор ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонда 1 февралдан бошлаб яна 45 давлат фуқароларига Ўзбекистон кириш визаси бекор қилинган.

Энди Британия, Испания фуқаролари Ўзбекистонда 30 кун визасиз кириши мумкин.

Ҳуқушунос Хушнудбек Худойбердиев аввалроқ, ўзининг Телеграмдаги каналида Тошкент пропискаси ҳақидаги фикрларини баён қилган ва пропискани "расво тизим" деб атаганди.

Унинг фикрича, илгари доимий прописка шунчаки тўсиқ ва тақиқ бўлган бўлса, эндиликда ўзига хос бизнесга айланган.

Ҳуқуқшунос ҳукуматнинг янги қурилган уй-жойлардан квартира сотиб олган фуқарорларга Тошкент пропискасини бериш тўғрисида ўтган йил июлида чиқарган қарорини камситувчи, дея баҳолайди.

"Ҳукумат битта уй учун ўзининг фуқароларига (!) икки хил нархда бож белгилаяпти ва бу фарқ минг эмас, бир неча миллионларни ташкил этяпти. Ваҳоланки, иккаласи ҳам тенг ҳуқуқли фуқаро, иккаласи ҳам тенг солиқлар тўлайди, иккаласи ҳам сайловда бир хил овозга эга, иккаласининг ҳам бир хил паспорти бор", деб ёзади Хушнудбек Худойбердиев.

Унинг ёзишича, паспортдаги биргина штампни деб Ўзбекистон фуқароларининг бир тоифаси иккинчисидан "400 баравар қадрсизроқ".

Ҳукуматнинг ўзи Вазирлар Маҳкамасининг 527-сонли қарорини пойтахтда рўйхатдан ўтиш тартибини енгиллаштирувчи қарор, дея тақдим қилган.

Ҳукумат шунингдек, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилинадиган вазирлик, идора ва ташкилотлар ходимлари рўйхатини ҳам кенгайтирган.

Аммо шу йил ёзида Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» каналида эълон қилинган «Қайси ташкилотда ишловчи ходимлар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилинади?» сарлавҳали хабари ижтимоий тармоқларда «яна дискриминациями?» деган норозиликларга сабаб бўлган.

Унга мувофиқ, Ўзбекистон пойтахтидаги 65 давлат бошқаруви органлари, идора-ташкилотига ишга олинган шахснинг Тошкент шаҳри ва вилоятида пропискага туришига рухсат берилган.

Шу йил бошида "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили" давлат дастури лойиҳасига биноан, Ўзбекистонда паспорт тизимини соддалаштириш режалангани эълон қилинган.

Ҳукумат прописка, паспорт олиш жараёни, ишга жойлашиш ва бошқа конституцион ҳуқуқлардан фойдаланиш йўлида кўплаб чекловларнинг бекор қилинишини айтганди.

Аммо бекор қилиш учун белгиланган 1 апрел муддати ўтган, лекин аксар чекловлар сақлаб қолинган.

Аксар таҳлилчилар Тошкент пропискаси тизими аксил-конституциявий экани ва бизнеснинг ривожланишига тўсқинлик қилишини айтиб келадилар.

Уларга кўра, мавжуд тартиб амалда пойтахтни Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларидан алоҳида сиёсий-жўғрофий объект - "Тошкент республикаси"га айлантирган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek