Россия, Ўзбекистон, миграция: “Ўликни ҳам ажратишадими?!”

Россия "Тез тиббий ёрдам" машиналари Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Ўз қўлида жон берган дўстининг тобутини ватанга юборган муҳожир ҳикояси

Новосибирскда фарғоналик 26 ёшли йигит ўлди. Айни кучга тўлган ёшида бир дунё орзу-ҳаваслар билан Россияда ишлаётганди. 7 йил ишлаб ўзининг тўйига пул йиғиб уйланган, ёшгина келинчагини уйда қолдириб яна мусофирликка отланганди. Гўдаги билан ҳам 2 ойгина бирга бўлди, қолган дийдорни "IMO"да ўтказиб, энди кредитга уй олиш учун тўланадиган бошланғич пулни йиғиш ҳаракатида эди...

26 ёш йигитнинг юрак хуружи

Фалокат ҳам бўлгани йўқ, ҳалокат ҳам. Бирдан тоби қочиб, бир соат ичида юраги уришдан тўхтади.

Шифокорлар "юрук хуружи" ташхисини қўйишди. 26 ёшли жисмонан бақувват йигитчанинг юраги хуружига нима сабаб бўлди: мусофирлик қийинчиликларими, ёш бошидаги бутун оиланинг ташвишларими? Елкасидаги тирикчилик юкими? Ўз юртида, оиласи бағрида юрган, ўқиб ишлаётган, тўйлар қилиб юрган тенгқурларини кўриб эзилганмикин? Энди буни билиш имконсиз, фақат тахминлар.

- Оёғи куйиб қолиб, ишга чиқа олмаётганди. Анча тузалиб, янги йилдан иш бошлайман деб юрганди. Ўлимидан сал олдин ижара уйига ҳамма дўстларни йиғди. Кайфияти яхши эди. Гаплашиб ўтирдик. Эртаси куни поликлиникага ярасини боғлаш учун охирги марта бордик. Қайтишда қорни очиб печенье ва энергетик ичимлик олиб ичди. Бироз вақт ўтиб, юрагини ушлаб қолди. Қаттиқ санчаяпти, деди. Шифохонага бордик. Осма укол олди, уйга қайтдик. Яхшидек эди, аммо бир соатларда титроқ туриб кўзлари орқага кетдию жон берди, - гапириб берди марҳумнинг яқин дўсти қашқадарёлик Шоҳруҳ.

Бу биринчи воқеа эмас, афсуски, сўнггиси ҳам... Тинч замонда Россиядан Марказий Осиёга ҳар йили 8000 дан зиёд муҳожирларнинг жасадлари юборилаяпти. Навқирон эркаклар, ёшгина аёллар турли бахтсизликлару касалликлар туфайли ўзга юртда жон беришаяпти. Бу ҳақида кам ёзилади, кам гапирилади. Ҳар ойда муҳожирликда жони узилаётган ўнлаб, балки юзлаб ёшларнинг ортидан фақат яқинлари бўзлаб қолаверади...

"Ким хоҳлайди ўлиги бегона юртда қолишини?"

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC Uzbek

Одатда, Россиядаги меҳнат муҳожирлари ёнида пул жамғариб юрмайди. Ойлик иш ҳақини оладию, тирикчиликка пул етказа олмай Россияга юборган фарзандининг қўлига қараб турган оиласига юборади. Шу боис, унга бир нима бўлса, жасадини уйига жўнатиш муаммога айланади. Жасадни ватанга юбориш харажатлари эса қиммат. Бундай вақтда ҳеч ким ёрдам бермайди. На элчихона, на диаспоралар ва на Ўзбекистон ҳукумати.

Марҳумнинг атрофидагилар аввалига бошларини ҳар идора эшигига уриб кўришади. Наф чиқмагач, "ўзбекчилик, мусулмончилик" дея ҳар ким баҳоли қудрат пул тўплашга киришади. Марҳумнинг яқинлари жасадни олиб ҳам кета олмайди, бегона юртга кўмилишини ҳам исташмайди.

"Масжидга ҳам ёрдам сўраб бордик. Фақат шу ерда кўмишда ёрдам бера оламиз, дейишди. Ким хоҳлайди ўлиги бегона юртда қолиб кетишини? Элчихонага бордик. Пул сўраганимиз йўқ, нимадир ёрдам қилса бўлди, дегандик. Борган заҳотимиз моддий ёрдам бера олмаймиз, деб қайтаришди" дейди Шоҳруҳ.

"Бепул олиб кетишлари учун вагонда ёниб кетишинг керакми?"

Ўтган йили Ўзбекистон ҳукумати Россияда ҳалок бўлган ўзбекистонликларнинг жасадларини ватанга қайтариш бўйича дастур ишлаб чиққанини маълум қилганди. Йил давомида Ташқи ишлар ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамкорликда ўнлаб жасадлар оилаларига етказиб берилди ҳам.

Би-би-си Ўзбек хизматининг Москвадаги идорасига Россиянинг турли ҳудудларидан ҳар ойда 4-5 қўнғироқлар айнан шу масалада бўлади. Мурожаат қилувчиларга тегишли идоралар манзилларини берамиз. Аммо орадан бир-икки кун ўтиб, қайтиб чиқишади: "Ёрдам беришмаяпти".

Гап шундаки, Ўзбекистон ҳукумати ваъда қилган ёрдамнинг муҳожирлар жасадларини қайтариш бўйича ўз мезонлари бор.

- Агар муҳожир фавқулодда вазият натижасида вафот этган бўлса, жасадни ватанга қайтаришда бепул ёрдам кўрсатилади. Вазият ўрганилиб, ФВ оқибати деб топилса, элчихоналар ҳужжат борасида, Ташқи ишлар вазирлиги ватанга қайтариш бўйича, бизнинг вазирлигимиз эса Ўзбекистонда кутиб олиб, уйигача етказиб беришда бепул ёрдам кўрсатади, - деди Ўзбекистон Фавқулодда Вазиятлар вазирлигининг матбуот котиби Самандар Ҳикматуллаев.

Қолганлар-чи? Дейлик, бир миллатчининг ҳужуми ёки кутилмаганда юрак хуружидан вафот этган муҳожирларнинг жасадлари яна қанча сарсон бўлади?

"Эҳ, ўликни ҳам ажратишадими?"

"Дўстимнинг ўлиги бир ҳафта ўликхонада қолиб кетди. Ойликларимизни ололмагандик, пулимиз йўқ, жуда қийналдик. Ижтимоий тармоқларда хайрия эълон қилдик, устимиздан кулишди, "эркаксанлар, ишласаларинг бўлмайдими" деган таънаю дашномлар остида қолиб кетдик. Ориятдан эълонларни ўчирдик. Ўзбекистон жасадларни бепул олиб кетади деб эшитдик, ҳар жойга бош урдик, бефойда. Ёниб кетган, авария бўлиб ўлганда бепул олиб кетишаркан. Эҳ, ўликни ҳам ажратишадими? Энди бепул олиб кетишлари учун вагонда ёниб кетишимиз керакми?...", - дардини сўзлайди Шоҳруҳ.

Муҳожир йигит азоб билан керакли пулни йиғиб, мусофирликда орттирган яқин дўстининг жасадини уйига юборди.

"Охирги кунгача онасига айтмагандик. "Груз"ни юборишдан олдин суратга олдим, бир амаллаб айта олдим. Она тамом бўлди. "Тобут совғамидики, юборишдан олдин айтсанг" деб йиғлади. Кўнглим ғаш бўлиб ниманидир сезиб юргандим, деди. Уларнинг олдиларида айбдордайман".

Қашқадарёлик Шоҳруҳ марҳум йигит билан 7 йиллик дўст бўлганлигини айтади. Улар мусофирчиликнинг жами азобию ташвишини бирга кўришган. Ўзбекистонга таътилга боришганида ҳам бир-бирлариникида меҳмон бўлишган. Оғайниси оламдан ўтганига бир ой бўлиб қолди, ҳалигача тез-тез тушига кираётганини айтади.

"Бугун эрталаб ҳам тушимга кирди. Телефоним жиринглади. Қарасам, ундан. Ҳайрон бўлиб олдим. Гаплашдик. Кейин ёнимга ўзи кириб келди. Қўлида жойнамоз бор эди. "Шоҳ, бугун охирги куним, бугун ман кетаман, бўлди", деди..."

Шохруҳ билан суҳбатимиз сўнггида Ўзбекистонга борса, албатта Фарғонага боришини, дўстининг онаси билан суҳбатлашиш нияти борлигини айтди.

"Улар мени "Келсин, ўғлим ўрнида ўғил бўлсин", дебдилар дейди у.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ