Россия,Ўзбекистон: Муҳожир болаларнинг байрамдан бошқа кунлари кўп

Ота-онаси ортидан Россияга келган болакайларнинг байрам кунлари кўп эмас. Айниқса, аксар ҳолатларда мактабу боғчаларга боролмайдиган болаларнинг…

Статистика маълумотларига кўра, Россияга ишлашга келган меҳнат муҳожирларининг 15 фоизи фарзандларини ўзлари билан бирга олиб келишади. Кунига 12-14 соатлаб ишлайдиган ота-оналарнинг кўпчилиги ўз болаларига етарлича вақт ажратиб қарай олмайди. Москва боғчаларига мигрантларнинг болаларини жойлаштириш деярли имконсиз. Мактаблар муаммосиз қабул қилади, аммо муҳожир болаларнинг катта қисми тил борасида қийинчиликларга дуч келади. Ва бошқа ижтимоий муаммолар ҳам бола руҳиятига ўз таъсирини ўтказмай қолмайди.

Шу боис, ота-онаси билан келган болакайларнинг маълум бир қисми ўқишдан мосуво, жамиятдан айри ҳолда ўз қобиғига ўралганича катта бўлаяпти.

Москвадаги ўзбекистонлик фаоллар ана шундай муҳожир болаларнинг кўнглини кўтаришга, янги йил бошланишида озроқ бўлса-да, қувонч бағишлашга қарор қилишди.

- Арча байрами айнан муҳожир болалар учун жуда керак, чунки уларнинг катта қисми дискриминацияга дуч келади, уларнинг кўпчилиги жамиятдан айри. Уларнинг аксарида қайғули кунлар, ҳаётида деярли байрамлари йўқ. Шунинг учун биз айнан муҳожир болалар учун байрам ташкиллаштиришга қарор қилдик, - дейди "Тонг жаҳони" нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари, мигрантлар учун бепул юрист Валентина Чупик.

Уларнинг руҳини муҳожирлик синдираяптими?

BBC UZBEK мазкур байрамда бўлиб, муҳожир болалар билан танишди. Болаларнинг кўпи тортинчоқ, гапиришга ботинмайди, ота-оналарига қарашади. Россиядаги кўп учрайдиган миллатчилик муҳити мусофир болаларни журъатсиз қилиб қўйгандек туюлади. Ниҳоят, рус мактабларида ўқиётган икки нафар ўзбек қизчалар билан суҳбатлаша олдик.

- Москвадаги 218-мактабнинг 4-синфида ўқийман. Бу байрам ҳақида аям айтдилар, уларнинг дугоналаридан эшитиб келдик. Ҳаммамиз ўйнадик, шеърлар айтдик. Рус мактабда ўқиганим учун ўзбекча сал эсимдан чиқаяпти. Шунга уйда ҳам ўзбекча гапиришга ҳаракат қиламан. Бу ерда ҳам ўзбекистонлик дугоналар топдим, - дейди асли фарғоналик Жозиба.

Севара Эрназарова эса муҳожир болалар орасида илк бора "Артек" болалар оромгоҳида бўлган иқтидорли ўқувчи. У кейинги пайтларда дарсдан бўш вақтида Instagram да саҳифа юритаётганини гапирди.

- Спорт журналистикасига қизиқаман, катта бўлсам шу касбни эгалламоқчиман. Спорт мавзусида саҳифа очиб, уни инглиз тилида юритаяпман. Ҳозирча обуначиларим мингдан ошди, - дейди Севара.

Байрам меҳмонлари - Марказий осиёлик болалар

Муҳожир болаларнинг Арча байрамида 46 нафар ўзбекистонлик, тожикистонлик, қирғизистонлик, туркманистонлик ва россиялик болалар болалар қатнашди. Тадбирнинг концерт қисмини ўтказишни Рязань шаҳридаги асли ўзбекистонлик Зулайхо Қодирова бошчилигидаги фаоллар ўз зиммасига олди.

Оддийгина бўлса ҳам арча ўрнатилди. Тожик Қорбобо, қирғиз Қорқиз, ўзбек бошловчи, шу тариқа кўпмиллатли байрам ўтказилди. Болалар биргаликда қувнашди ва бир бирлари билан танишиш, мулоқот қилиш имконига эга бўлишди.

Москванинг турли мактаблари ва турли ҳудудларидаги бу болалар қандай йиғилди?

- Facebook да эълон бердим. У ердан 29 кишини йиғишга муваффақ бўлдим. Кеча кечки пайт охирги ойда ким менга мурожаат қилган бўлса, барчасига Ватсап орқали эълонга ҳавола юбордим, тамом ))) Ва улар пайдо бўлди )) Ватсап орқали яна 17 йиши йиғилди, - дейди Валентина Чупик.

Муҳожир болаларга янги йил қувончини улашиш ҳаражатларини юристнинг ўзи ва асли ўзбекистонлик тадбиркор Раъно Хамроева кўтарди.

"Муҳожир болаларнинг кўзларида қувончни кўрдик. Муҳими, шу" дейди ташкилотчи.

Россия, Ўзбекистон, миграция: “Ўликни ҳам ажратишадими?!”

Россия, мигрантлар: Болалар билан муҳожир бўлиш осонми?

Ғурбатдаги ғариблар: 'Ҳамма ўз уйи, ўлан тўшагида бўлсин'

Видео: 'Фарзандимни ҳеч қачон Россияга жўнатмайман'

Бир-бирини тушунади, ачинади…

Байрам тугади. Аслида мақоламиз шу ерда тугаши керак эди. Бир воқеа бўлмаганида.

Тадбирдан қайтар пайтимизда биз суҳбатлашган Севаранинг "iPhone 5"и йўқолгани маълум бўлди. Бино эгалари бирпасда видеокузатувлар тасвирларини текшириб, ким олганлигини аниқлашга муваффақ бўлди. "Арча байрами"га фарзандини олиб келган муҳожир аёллардан бири бўлиб чиқди. Ташкилотчилар аёлнинг рақамларини топиб, у билан гаплашишди. Телефон эгасига қайтариладиган бўлди.

- Муҳожирлик, ночорлик баъзи инсонларга салбий таъсир қилади. Балки телефонга ҳаваси келгану сотиб олишга пули йўқлигидан шу ишни қилган бўлиши мумкин, - дейди Севаранинг онаси Гули Эрназарова.

Муҳожирликдаги ўзбек, тожик, қирғиз, хуллас, кимнинг ижтимоий ҳолати Россияда энг оғир саналса, барчалари бир-бирининг ҳаётидан сиртдан билади. Шу боис жиноят қилишларини ҳам тушунадиган, кечирадиган, ҳатто ачинадиган бўлиб кетган…

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek