Тошкент, паспорт ва виза: Ташқи дунё Ўзбекистондан қўрқадими?

Ўзбекистон Тожикистон, Мозамбик, Мавритания, Сан-Томе ва Принсипи қаторида.

Бугун Ўзбекистон паспорти билан дунёнинг бор-йўғи 58 давлатига бориш мумкин.

Бунга Henley&Partners эълон қилган жаҳон паспортларининг янги индекси далолат қилган.

Шунда ҳам, бу Ўзбекистоннинг рўйхатда икки поғона юқорилаб, кўрсатган натижаси бўлган.

Ширкат дунёнинг 200 дан ортиқ давлати паспорти имкониятларини таҳлил қилган.

Бу давлатларда амалда бўлган виза тартиби ва енгилликларини ўрганган.

Дейлик, қиёс учун олинганида, собиқ Шўро давлати Латвиянинг юқори ўнликка киришига бир дақиқа қолган.

Фуқароларига жаҳоннинг 180 давлати эшикларини очиб, рўйхатда 11-ўринда келган.

Осиё вакили бўлган Япония эса, ҳатто, рўйхатда пешқадамлик қилган.

Японияликлар дунёнинг 190 давлатига виза машмашаларисиз бора олишлари маълум бўлган.

Бошқа томондан, рейтинг Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг кутилмаган фармонидан саноқли кунлар ўтиб эълон қилинган.

Мирзиёев ўзининг фармони билан етакчилари дохил жаҳоннинг 45 давлатига бир ойга Ўзбекистоннинг эшикларини очиб берган.

Уларнинг орасида Буюк Британия, Швейцария, Испания, Италия каби Европанинг аксарият кўзга кўринган давлатлари бор.

Президент Шавкат Мирзиёев яқинда Франция ва Германия билан ҳам бу каби қадамга борган.

Устма-уст ва кутилмаганда бўй кўрсатаётган бу каби янгиликлар Ўзбекистоннинг ташқи дунёга очилаётгани нишонаси сифатида кўрилган, баҳо топган.

Шундай экан, ташқи дунё-чи, улар ҳам Ўзбекистонга очилармикан?

Би-би-си Ўзбек Хизмати худди ана шундай савол билан Лондонда истиқомат қилаётган жамиятшунос Алишер Илҳомовга мурожаат қилди:

Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook

Алишер Илҳомов: Менимча, бу масалада иккита фактор муҳим роль ўйнайди. Биринчиси - ҳаёт даражаси. Яъни, ҳаёт даражаси қанча паст бўлса, ўша давлатдан меҳнат муҳожирлари оқимининг катта бўлиши кутилади. Улар турли йўллар билан ривожланган давлатларга кириб олиб, ярим қонуний ёки ноқонуний мақомда, иш излаб, ортга қайтмай, ўша ерда ўрнашиб қолишни истовчи кишилар сифатида кўрилишади. Буни амалда Россияга меҳнат муҳожирлиги билан боғлиқ маълумотлар ҳам тасдиқлайди. Ўзбекистондан энг катта меҳнат муҳожирлари оқими Россия ҳисобига тўғри келади. Бундан ташқари, Қозоғистонда ҳам уларнинг сонлари анчагина. Яхши хабарингиз бор, ҳозир Россияда шу масала атрофида баҳсу мунозаралар қизиган. Нима қилмоқ керак, деган саволлар ўртага отилган. Турли нуқтаи назарлар изҳор этилган. Миграция оқимини чеклаш керак, қаттиқроқ назорат этиш лозим, деган таклифлар билдирилган. Ҳозир Ўзбекистондан Туркияга ҳам мигрантлар оқими кучайиб бораётганига оид хабарлар бор. Буларнинг барчаси факт. Яна бошқа давлатлар, Европага...Бугун ўзбекистонлик мигрантлар кириб борган давлатлар барчасини номма-ном келтириш қийин. Бу асосан уларнинг ўз ватанларида оилаларини тебратиш учун етарлича пул топишга имконсиз эканликлари билан боғлиқ. Шу боис ҳам, бу масала биринчи навбатда ҳаёт даражасининг пастлиги, аҳолининг даромади ва яхши маошли ишнинг қанчалик имконли эканига бориб тақалади. Ҳозир Президент Шавкат Мирзиёев бу муаммони ҳал этишга ҳаракат қилмоқда. Жумладан, Ўзбекистонга хорижий сармоя жалб этишга уринмоқда. Аммо, кўринишича, жараён силлиқ кечаётгани йўқ. Кўплаб муаммолар бўй кўрсатмоқда. Афтидан, ҳукумат бу масалада изчил ва собит йўл тутаётгани йўқ. Бир томондан, хорижий инвесторларни мамлакатга чақиради. Бошқа тарафдан, улар ўз сармояларини киритишлари учун Ўзбекистонда лозим шарт-шароитни яратаётгани йўқ. Мамлакат иқтисодига кам инвестициянинг киритилиши эса, янги иш ўринларини яратишга имкон бермайди. Бу - биринчидан.

Алишер Илҳомов: Иккинчи фактор хавфсизлик нуқтаи назари билан боғлиқ:

Сўнгги йилларда Ўзбекистон фуқароларининг ўзга давлатда экан, террорчи ташкилотлар чангалига тушиб, терактга қўл уришлари ҳоллари кўпайди. Мазкур ҳолат бу мамлакатда нималар бўлаяпти, нима учун Ўзбекистон бунча ишончсиз одамни чет элларга чиқараяпти, деган саволларни пайдо қилмай қўймайди. Бунга кўп томонлама Каримов тузуми даврида дин, диндорларга нисбатан олиб борилган репрессив муносабат сабаб бўлган. Мавжуд ҳолат турли хил исломий оқимлар, исломий қарашдаги одамларнинг кўздан панада бўлишга мажбур қилган. Улар ўзларини, диний ўзликларини ошкора намоён эта олишмаган. Бу уларнинг аллақачон яширин оламда фаол шахслар таъсирларига тушиб қолишларига ҳам замин яратмай қолмаган. Демак, бир томондан, назорат этиб бўлмайдиган даражада катта мигрантлар оқими. Иккинчи тарафдан, хавфсизлик нуқтаи назари билан боғлиқ бу каби аҳвол. Бу икки фактор ҳамоҳангликда Ўзбекистон ҳақида фуқаролари ўзга давлатларга таҳдид солиши мумкин бўлган давлат каби тасаввурни пайдо қилган. Худди шу боис ҳам, улар Ўзбекистон фуқароларига саёҳат чекловларини сақлаб туришибди. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон паспортининг рейтинги пастлигича қолмоқда.

Би-би-си: Бу яқин йиллар назарда тутилганда, мавжуд вазият ўзгаради, деб умидбахш бўлишга қанчалик асос бор? Ўзбекистон бу муаммоларга барҳам бера оладими?

Алишер Илҳомов: Энг аввало янги иш ўринлари яратилиши керак. Аммо бу иш маъмурий буйруқбозлик йўлида амалга оширилмаслиги лозим. Куни-кеча менга маълум бўлишича, Мирзиёев вилоят, туман ҳокимларига сармоя оқимини таъминлашга буйруқ берибди. Бу ҳокимлар эмас, авваламбор марказий ҳукуматга боғлиқ масала. Бунинг учун марказий ҳукумат лозим шарт-шароитларни яратиши, хорижий инвесторлар учун сиёсий рискларни камайтириши керак. Биз ҳозирча бунга гувоҳ бўлаётганимиз йўқ. Тўғри, бу йўлда муайян қадамлар қўйилаяпти. Қатор давлатларга виза тартибини бекор қилди. Қўшимча рўйхат эълон қилинди. Сўзсиз, бу тўғри йўналишда қўйилаётган қадамлар. Аммо ҳали етарлича эмас. Ҳаёт даражасининг жиддий ва жадал яхшиланиши, янги иш ўринларининг яратилиши, иқтисоднинг юксалашини таъминлаши мумкин бўлган ишончли бир стратегия ҳалича йўқ. Қандайдир қоришиқ вазият кўзга ташланади. Бир томондан, интилиш бор, қандайдир қарорлар қабул қилинмоқда. Бошқа тарафдан, янги қарор ва амаллар билан улар йўққа чиқарилмоқда. Хавфсизлик масаласига келсак, вазият бир қадар яхшиланмоқда. Ҳозир сўз, диний эътиқод эркинлиги билан боғлиқ аҳвол яхшиланган. Ким бўлишларидан қатъиназар, одамлар ўз сўзларини айтишга имкон қадар муваффақ бўлишмоқда. Ахборотга имконият кенгайган. Аммо, шунда ҳам, бу соҳада кўрилаётган чора-тадбирлар чала-ярим. Биз ҳозирча тўлиқ сўз, фикр эркинлигини кўраётганимиз йўқ. Ҳукумат бу йўналишда ўз сиёсатини давом этдириши, ислоҳотлар ўтказишда давом этиши керак. Бу эса, алал-оқибат, тоқатлилик даражасининг кучайишига хизмат қилади. Кўпфикрлилик учун қанча кўп муҳит яратилса, жамият шунча тоқатли бўлади. Бунинг ортидан, умумиятла вазият ҳам яхшиланади.

Би-би-си: Бир давлат мисолида оладиган бўлсак, паспортингизнинг қудрати қанчалик муҳим фактор саналади?

Алишер Илҳомов: Бу - ўша мамлакатнинг нуфузи, обрўси, деганидир. Тўғри, ўзбекистонликлар ҳозир Россия ва иқтисодий аҳволи Ўзбекистонникидан қолишмайдиган яна қатор давлатларга визасиз бора олишлари мумкин. Аммо Европа, АҚШ, Канада ва Япония каби дунёнинг ривожланган давлатларига бораман, дейишганида тўсиқ бор. Виза билан боғлиқ бу каби маъмурий тўсиқлар учун заминни иқтисодий, сиёсий тараққиёт даражаси ўртасидаги фарқ пайдо қилади. Шунинг учун ҳам, Ўзбекистон камида ўртача ривожланган давлатлар қаторига кўтарилишга интилиши керак. Бу Ўзбекистоннинг глобал саҳнада нуфузи, обрўси, мавқеининг яхшиланишига олиб келади. Натижада Ўзбекистон паспортининг рейтинги ҳам яхшиланади.

Ўзбекистон, Мирзиёев: хорижга чиқиш паспорти ОВИРдан фарқ қиладими?

Шенген: паспорт назоратига қайтиладими?

Биометрик паспорт машмашаси: "Америка ўзбеклари" муаммолари

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek