Демократия Индекси-2018: Ўзбекистон бироз демократлашди

парламент Фото муаллифлик ҳуқуқи uza.uz

The Economist нашри 2006 йилдан бери тайёрлаб келинадиган Democracy Index 2018 ҳисоботининг 11-нашрини эълон қилди. Ҳисоботда ўтган 2018 йил ҳолатига кўра, 165 мустақил давлат ва икки ҳудуддаги демократик ўзгаришларга атрофлича тавсиф берилган.

Демократия Индекси 2018'да давлатлардаги ҳукмрон тузум, мавжуд демократик аҳволга кўра, тўрт турга бўлиб, кўрсатилган: тўла демократия, дарз кетган демократия, гибрид тузум ва авторитар тузум.

Ҳисоботда таъкидланишича, 2018 йил давомида ўрганилган 165 мустақил давлат ва икки ҳудуднинг 53 тасида авторитаризм, яъни якка раҳбарнинг қаттиққўл бошқаруви ўрнатилган, сиёсий ва фуқаровий эркинликлар сезиларли даражада чекланган тузум ҳукмрон бўлган. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам.

Бироқ Индекс муаллифларининг қайд этишича, 2018 йилда Ўзбекистонда мавжуд демократик вазият бироз яхшиланган: ҳисоботда Ўзбекистон ўзи киритилган Шарқий Европа ҳудудидаги еттита авторитар тузум ичида ижобий демократик ўзгаришлар кузатилган ягона мамлакатга айланган.

Шунга қарамай, Ўзбекистон халқаро рейтингда энг қуйи ўринлардан бирини эгаллаганича қолмоқда: 165 мустақил давлат ва икки ҳудуд ичида 156-ўрин. Ҳисоботда, демократик аҳвол кескин ёмонлиги бўйича, Ўзбекистондан кейин Яман (158-ўрин), Тожикистон (159-ўрин), Туркманистон (162-ўрин), Сурия (166-ўрин) ва Шимолий Корея (167-ўрин) келтирилган.

Ўзбекистондаги демократик ҳолат 10 баллик тизим бўйича 2.01 баллга баҳоланган [10 - энг яхши; 0 - энг ёмон]. Бу Ўзбекистон 2015-2017 йиллар (1.95 балл)дан кўра 0.06 баллга демократлашганини англатади.

Мамлакат ўзи киритилган Шарқий Европа ҳудудидаги 28 та давлат орасида 26-ўринга муносиб кўрилган.

Ўзбекистондаги мавжуд демократия кўрсаткичларининг асосийларига 10 баллик тизимда қуйидагича баҳо берилган:

  • · Сиёсий жараён ва плюрализм - 0.08 балл
  • · Ҳукумат фаолияти - 1.86 балл
  • · Фуқароларнинг сиёсий иштироки - 2.22 балл
  • · Сиёсий маданият - 5.00 балл
  • · Фуқаровий эркинликлар - 0.88 балл

Ҳисоботда Ўзбекистонга қўшни ва яқин давлатларнинг демократик аҳволи ўтган йилда сезиларли ёмонлашгани айтилади.

Айниқса, Россиядаги вазият анчайин салбий томонга ўзгаргани қайд этилган: мамлакат халқаро рейтингда тўққиз поғона пастлаган, яъни 2017 йилдаги 135-ўриндан 2018 йилда 144-ўринга тушиб кетган.

Ҳисоботда Шарқий Европа ҳудудига киритилган қолган авторитар тузумлар - Қозоғистон, Беларус, Озарбайжон, Тожикистон, Туркманистондаги аҳвол ўтган йиллардагидан деярли ўзгармаган, аммо улар халқаро ва минтақавий рейтингда энг қуйи ўринларни эгаллаганича қолмоқда.

Муаллифлар ушбу давлатларни узоқ йиллардан буён фақат бир шахс бошқараётгани, мавжуд тузумга нисбатан бирор мухолиф кучларнинг мавжуд эмаслиги туфайли яқин келажак

ичида уларда демократик тамойиллар ўрнатилиши ва эркинликлар таъминланишига у қадар умид қилмаётганини таъкидлайди.

The Economist Норвегияни 2018 йилдаги дунёнинг энг демократик давлати сифатида эътироф этган ва Исландия, Швеция, Янги Зеландия, Дания, Канада, Ирландия, Финландия, Австралия, Шветсария каби давлатлар биринчи ўнталикдан жой олган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek