Ўзбекистон: Ҳукумат YouTube ва Facebook ни блоклаганини тан олдими?
Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбекистон: Ҳукумат YouTube ва Facebook ни блоклаганини тан олдими?

Ўзбекистонда 15 январга келиб, куз ойлари бошидан бери кириб бўлмаётган YouTube ва Facebook қисман очилиб кетди. Ҳукуматдаги манба бу сайтларга қўйилган блокировка олиб ташланганини билдирган.

Тўлиқ очилмаса-да, асосан интернет провайдарлари орқали кирувчиларда куннинг биринчи ярмида муаммо бўлмаётган эди. Аммо мобил алоқа операторларининг интернетидан фойдаланувчилар бу сайтларга киролмаган.

Телеграмдаги davletovuz канали ўтказган ўзига хос кичик сўровномада иштирок этган 2000 дан ортиқ респондентнинг атиги 30 фоизи Youtube ва Facebook ишлаётганини айтган.

Шундай бўлса-да, Ўзбекистондаги интернет нашрлари ушбу хабарни "хушхабар" дея беришган.

"Ё қудратингдан, Youtube ва Facebook'лар ВПНсиз ишлаб кетди", деб ёзади твиттердаги фойдаланувчи.

Telegram да машҳур бўлган, Xushnudbek.uz канали "Фейсбук VPNсиз ишласа, хурсанд бўладиган замонларга ҳам етиб келдик, табриклайман. Аслида бўлиши керак бўлган нарсани ҳам кўзимизга суртиб, неъмат сифатида қабул қилиб юборишимизга оз қолди", деб ёзди.

Айримлар бу ижтимоий тармоқларнинг ишлаб кетишини Президент Шавкат Мирзиёевнинг Германияга бўладиган расмий ташрифига ҳам боғлаган.

Олдинроқ "Ўзбектелеком" компанияси Facebook ва YouTube нинг Ўзбекистонда очилишидан манфаатдор эканлигини, бу борада қаттиқ ишланаётгани ва натижа бўлиши билан ҳаммани бохабар қилишини билдирганди.

Бироқ Ўзбекистонда монопол ташкилот бўлган "Ўзбектелеком"нинг бу гапларига фойдаланувчилар шубҳа билан қарашганди. Уларга кўра, Facbook ва Youtube нинг блокланиши тўғридан тўғри расмийларга боғлиқ.

Ушбу тахминларни Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигидаги манба ҳам тасдиқлаётгандек.

15 январ куни Gazeta.uz нинг ҳукуматдаги манбаси ижтимоий тармоқлардаги блокировка олиб ташланганини тасдиқлаган.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида ишлайдиган ва номи келтирилмаган бу манбанинг айтишича, тўсиқларнинг олиниши вақтинчаликми ёки доимийлиги номаълум.

"Блокировка олиб ташланганини тасдиқлаш - қачонлардир блокировка ўрнатилганини ҳам тасдиқлашдир", деб ёзади телеграмдаги Муҳрим канали.

Унга кўра, ижтимоий тармоқларнинг блокировка қилингани тан олиш, шу вақтгача бу борада вазирлик томонидан айтиб келинган сабабларнинг ёлғонлигини кўрсатади. Ва бунинг учун жазо бериш керак.

Блогерлар ёлғон гапирган амалдорларни жазолаш ҳақида гапириб турган бир вақтда, Ўзбекистондан Facebook ва YouTube бир ишлаб, бир ишламаётгани ҳақида бир бирига зид хабарлар келмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbe