Россия: Ўзбек мигрантлари нега паспорт олишга шошилмаяпти?

Россияда охирги 10 йилда биринчи марта аҳоли сони камайиши қайд этилган.

Росстатнинг маълум қилишича, 1 январь ҳолатига аҳоли сони 146 миллион 793,7 минг кишини ташкил этган.

Россия паспортини олиш осонлашиши мумкин

Путин: экстремизм учун Россия фуқаролигидан маҳрум қиламиз

Мирзиёев яна юзга яқин шахсга фуқаролик берди

Бу ўтган йилга нисбатан 86,7 минг кишига кам дегани.

2017 йилда аҳоли ўсиши 76 минг кишини ташкил этган эди.

Ўлим даражаси

Аввалроқ Россия ҳукумати ўлим даражаси туғилиш нисбатидан катталигини тан олган эди.

Россия бош вазирининг ўринбосари Татьяна Голикованинг айтишича, 2018 йилнинг 11 ойида ўлим даражаси туғилиш нисбатидан 193 минг кишига кўп бўлган.

Ўтган йили туғилиш коэффициенти ҳар 1000 нафарга 11 нафарни ташкил этган.

Бу 2017 йилдагидан 5,6 фоизга кам.

Ўлим ҳолатлари эса ҳар 1000 кишига 12,5 кишини ташкил қилган.

Россия мулозими бу рақамларни Москвадаги форум чоғида келтирган.

БМТнинг башоратларига кўра, 2050 йилга келиб, Россия аҳолиси 11 миллион кишидан кўпроққа қисқариб, 132,7 миллионни ташкил этиши кутилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Alexei Druzhinin
Image caption Президент Путин ўтган йили мигрантларнинг Россия фуқаролигини олишларини осонлаштирувчи ҳужжатни имзолаган.

Айни пайтда шаҳар ва қишлоқ аҳолиси ўртасидаги тафовутнинг ҳам кучайиши башорат қилинган.

Унга кўра, 2025 йилга келиб, Россия шаҳарлари аҳолиси 3 миллионга кўпаяди, қишлоқ аҳолиси эса 14 миллионга камаяди.

Нажот - мигрантларда

Россиялик демографларга кўра, собиқ совет давлатларидан мигрантлар оқимисиз Россия ўзи ёқасида турган "демографик чуқур"дан чиқолмайди.

"Бизнинг ҳисоб-китобларимизча, мигрантлар оқимисиз яқин келажакда Россия аҳолининг барқарор ўсишига эришолмайди", - дея россиялик демограф Андрей Коротаевнинг сўзларидан иқтибос келтирган 360tv.ru нашри.

Унинг сўзларига кўра, мигрантлар оқимини йилига 300 минг киши нисбатида ушлаб туриш керак.

"Аслида йилига 1 миллион мигрант аҳоли муаммосини ҳал қилган бўларди. Аммо Россиядаги ҳаёт ва меҳнат шароитларига мос бунча сондаги мигрантни топиш имконсиз", - деган Коротаев.

Ўтган йили Президент Путин миграция соҳасида 2019-2025 йилларга мўлжалланган давлат сиёсатига доир концепцияни имзолаган.

Унда мигрантларнинг Россияда ерлашиш ва фуқаролик олишини осонлаштириш кўзда тутилган.

Тошкентдан иқтисодий таҳлилчи Анвар Ҳусаиновнинг Би-би-си билан суҳбатда айтишича, Россия аҳолисининг табиий камайиши минтақа, жумладан, ўзбекистонлик мигрантлар учун тарихий фурсат.

"Россия ўзбекистонлик мигрантларнинг қадрини энди билмоқда", - дейди таҳлилчи.

Унинг сўзларига кўра, Россияда ҳуқуқсиз ва ҳимоясиз юрган 2 миллиондан ортиқ ўзбек муҳожирларини ҳимоялашнинг энг маъқул йўли уларнинг ўзбек фуқаролигини йўқотмаган ҳолда Россия паспортини олишга имконият яратишдир.

"Бу мигрантлар ҳозирда уйларига юбораётган 10-12 миллиард доллар атрофидаги маблағларнинг икки-уч баробарга кўпайишига имконият яратади", - дейди Анвар Ҳусаинов.

Унинг фикрича, бу Ўзбекистон давлатчилигига таҳдид туғдирмайди.

"Бунга демографик вазиятнинг ўзи йўл қўймайди. Россияда Марказий Осиё республикаларига кириб келадиган ортиқча куч, тирик аҳолининг ўзи йўқ. Биз бу ерда ютуқлик томонда бўламиз", - дейди Анвар Ҳусаинов.

Ўзбекистон қонунлари нима дейди?

"Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида"ги 1992 йилда қабул қилинган қонунга 2016 йил 23 сентябрда ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.

Шавкат Мирзиёев имзолаган ўзгартиришларга кўра, "агар шахс чет давлатнинг фуқаролигини олган бўлса, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотиши мумкин".

"Чет давлатнинг фуқаролигини қабул қилган шахс ушбу факт ҳақида ўттиз кун ичида Ўзбекистон Республикасининг ички ишлар идораларига ёки чет элдаги консуллик муассасаларига хабар бериши шарт", деган жумла ҳам киритилган.

Бу қонунга доир янги ўзгартиришлар эълон этилиши билан турли талқин, фараз ва хавотирларга туртки берган.

Ҳозирда ўз ватанига айнан фуқаролик, ОВИР ва паспорт масалалари билан ватанига қайтолмаган миллионлаб ўзбекистонликлар борлиги тахмин қилинади.

Аммо айни шу хабар манзарасида ўзбекистонлик айрим дипломатлар Ғарб нашрлари билан суҳбатда, "бирор бир хорижий давлатникини олиш - Ўзбекистон фуқаролигидан автоматик равишда маҳрум бўлишни англатмаслиги"га оид фикрларни ҳам изҳор этишганди.

Лавҳани YouTube каналимизда томоша қилинг.