Ўзбекистон - Россия: Ҳаётини хатарга қўйиб оила боқаётган ўзбек муҳожир

Сирдарёлик Дилшод Ҳамидуллаев 8 йилдан буён Москвадаги ташқи реклама корхоналарининг бирида ишлайди. У иши ўзига жуда ёқишини айтади.

-30 ёшга кирган бўлсам, ўрганган хунарим, эришган барча нарсаларимнинг ҳаммаси муҳожирлик туфайли, - дейди Дилшод.

Муҳожирликкача йигитнинг маълумоти, касби бўлмаган. У коллежни тамомлаб, тирикчилик учун оиласига ёрдам бергани Москвада ишлаётган отаси ва акасининг ёнига отланади. Ҳатто рус тилини ҳам билмас эди. Меҳнаткашлиги ва тиришқоқлигидан бир ишнинг бошини тутиб, мақсадларига ета бошлади.

Ҳозирда у ташқи реклама баннерларини ясаш бўйича уста. Дилшод асосан тунда ва ташқарида ишлайди. Иши шу билан ҳам хавфли.

Тунда уйқусираб ишлаб бўлмайди, рулда юрамиз, электр токи билан ишлаймиз. Жуда масъулиятли иш. Шунга кундузи ухлаб дам олишга ҳаракат қиламиз.

Дилшодга кўра, бу ерда бир киши бир неча ишни бажаришига тўғри келади. Электр-пайвандчилик, юк ташувчи, ҳайдовчи, баннерларни ясовчи, ўрнатувчи, ҳаммаси бир кишининг зиммасида.

- Агар фақат баннер ясаш билан шуғуллансам, шунга яраша иш ҳақи оламан. Ҳамма ишни ўзимиз қилишимизда моддий манфаат бор, - дейди у.

Ўзбекистон - Россия ва миграция: "Уйланиб Россияга келгулик қилмасин"

Россия, Ўзбекистон, миграция: "Ўликни ҳам ажратишадими?!"

Россия ва миграция: Ўзбекистонлик миллиардерлар ҳам мигрантлар ҳақида қайғурадими?

Муҳожиратдаги ҳаёт

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK

Дилшод муҳожирликдаги иши орқали оиласининг моддий таъминотини анча яхшилади. Уй-жой қилди, машина олди, уйланди.

Аёлини онаси ёнида қолдириб, яна Москвага қайтди.

Яқинда фарзандли ҳам бўлишди. Улар билан ҳар куни "Имо"да кўришиб гаплашиб яшашаяпти.

Дилшод бу қийин бўлса ҳам, ҳозирча шунга мажбурлигини айтади.

Унга Тошкентда ишлаш таклифи ҳам бўлган. Аммо бу хунари Ўзбекистонда у қадар даромадли эмас, деган фикрда.

-Ойликлар кам. 2 млн сўм билан оила боқиб, орттириш жуда қийин. Бу ерда эса топганим ўзимнинг ҳаражатларимдан ортиб, пул жамғаришга ҳам бемалол етаяпти, - дейди Дилшод.

Дилшод камтарлик қилиб иш ҳақи миқдорини айтишни истамади.

Унинг даромадли ҳунари ҳаёти учун қанчалик ҳавфли бўлмасин, у ҳозирча Москвада қолиб ишлаш ниятида.

-30 даража совуқларда ташқарида ишлашимизга ҳам тўғри келади. Қалин кийинамиз, иссиқ кофе ичиб ишлайверамиз. Бундай пайтларда ўзимизни ўзимиз асрашимизга тўғри келади. Оёқдан совуқ ўтмаса, қолганига чидаса бўлади.

Шунингдек, баландлик билан боғлиқ ишлар ҳам анча хатарли. Муҳожир "альпинист"лик қиладиган жойлар орасида 35-қават ҳозирча энг баланд бино бўлиб турибди.

-Кўнгилсизликлар бўлиб туради. 2 та арқон билан боғлансак ҳам, баъзида нимадир панд бериши мумкин. Бир марта арқон узилиб кетди, суғурта арқонини ушлашга улгурдим. Шунақа воқеалар, тунда йўлда юрганимиз учун рулда ҳам ҳар хил ҳодисалар бўлади. Бу ерда ҳеч ким сизга қайғурмайди, ўзимизни асрашга ҳаракат қиламиз, - дейди муҳожир йигит.

Россия дунёнинг энг катта сондаги ўзбекистонликлар меҳнат муҳожирлигида банд давлати бўлади.

Биргина расмий рақамларда ҳозир ҳам уларнинг нисбати бир миллиондан ортиқроққа нисбат берилади.

Улар Россиядаги яқин-яқингача, ўз таъбирларида, асосан "қора юмушлар"да банд бўлиб келишган.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳукумати уларнинг ҳуқуқий аҳволларини яхшилаш учун қатор чораларга қўл урган.

Аммо, шунда ҳам, улар Россияда ўзларичалик кўп қийинчиликларга тўқнаш келаётган бошқа меҳнат муҳожирлари йўқлигини айтишади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek