Ўзбекистон - Россия: Алишер Усмонов ўзбек халқига ҳам яқинлашмоқдами?

Алишер Усмонов Фото муаллифлик ҳуқуқи РБК

Асли ўзбекистонлик миллиардернинг ўзбек халқига илк "бебаҳо туҳфаси"нинг умумий қиймати $8 миллион АҚШ долларига тенг.

Хабарларга кўра, бу туҳфа нодир китоблар коллекциясидан иборат.

Коллекциядаги жаъми китобларнинг умумий сони эса, 4923 та экани айтилмоқда.

Уларнинг орасидан энг ноёблари ўлароқ Ибн Синонинг "Тиб қонунлари" китобининг илк лотинча таржимаси тилга олинган.

Шунингдек, бу китоблар орасидан "Мусулмон манбаъларини таржима қилиш учун лотинча-арабча луғат" ўта нодир қўлланма сифатида эътироф этилган.

Алишер Усмонов "бебаҳо" китоблар коллекциясини Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ҳадя қилган.

Бу ўзбек миллиардери қурилиш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ишларига ҳомийлик қилаётган марказ бўлади.

Сўнгги янгилик ҳақида марказ раҳбари Шоазим Миноваров Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги билан суҳбатида маълум қилган.

Аммо бу хабарда ноёб китоблар коллекциясининг марказ ихтиёрига етиб келган-келмагани тафсилотлари очиқланмаган.

Шунингдек, бу нодир қўлланмаларнинг қай тариқа сақланиб қолгани ва миллиардернинг қўлига тушгани ҳам маълум эмас.

Ўзбекистон - Россия, Алишер Усмонов: Мирзиёев Горбачёв эмас

Алишер Усмонов яна тақдирланди

Алишер Усмонов Ўзбекистонга қайтмоқчи

"Меценат" миллиардер

USM Holdings ширкати соҳиби бўлган Алишер Усмонов Россия баробарида Британияда ҳам энг бадавлат шахслардан бири саналади.

Бундан ташқари, ўзбек миллиардери Россиянинг энг кўзга кўринган меценатларидан бири ҳам бўлади.

Россиядаги "Маданият, илм-фан ва спорт" хайрия жамғармаси асосчиси 2015 йилда "Йилнинг меценати", деб топилган.

Орада Россия Президенти Владимир Путин Алишер Усмоновни "Хайр-саховати учун" медали билан тақдирлаган.

Бундан икки йил бурун эса, миллиардер Италия ҳукуматининг олий унвонига сазовор кўрилган.

"Италия Республикаси қошидаги хизматлари учун" орденига лойиқ, деб топилган.

Бу орден билан адабиёт, санъат, иқтисод, хайрия, жамоат ва инсонпарварлик ишларига мислсиз ҳисса қўшган инсонлар тақдирланади.

Россиялик миллиардер Алишер Усмонов ўзининг айрим ҳомийлик ишлари билан халқаро миқёсда ҳам шов-шувларга сабаб бўлган.

2014 йилда америкалик биолог олим Жеймс Уотсоннинг Christie's кимошди савдосига қўйилган Нобел мукофоти медалини рекорд баҳода сотиб олган.

4,8 миллион доллар харжлаб харид қилган медалини яна унинг ўз соҳибига қайтарган.

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистоннинг мустақиллиги билан кечган чорак асрдан ортиқроқ вақт давомида Алишер Усмоновнинг "ўзбек халқига туҳфаси"га оид бирор бир хабар олинмаган.

Унинг қанчалар машҳур меценат экани айрим кузатувчиларнинг, "ўзбек миллиардерлари ҳам Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ҳақида қайғуришадими?", каби саволларни пайдо қилмай қўймаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи MIKHAIL METSEL/TASS

Россиялик мухолифатчи сиёсатчи Алексей Навальний ва унинг Коррупцияга қарши кураш жамғармаси билан Алишер Усмонов ўртасидаги "ҳадя" билан боғлиқ даҳанаки жанг эса, бундан икки йилча бурун ижтимоий тармоқларда энг эътибор тортган мавзулардан бири бўлган.

Алексей Навальний ўшанда Усмонов "Бош вазир Медведевга сарой совға қилгани"ни иддао қилган.

У Алишер Усмоновни "жиноятчи" деб атаган ва Россияда бир тийин ҳам солиқ тўламаслигини айтган.

Даҳанаки жанг ростмана маҳкама даражасига етиб борган.

Москванинг Люблинский туман маҳкамаси миллиардер Алишер Усмоновнинг мухолифатчи Алексей Навальнийга қарши ўз шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳақидаги даъвосини қондирган.

Маҳкама арафасида ҳам Навальнийга видеомурожаат билан чиққан Усмонов ўзига қарши янграган бу "айблар"ни рад этган.

"Тупурдим сенга, Алексей Навальний!" дея якунлаганди ўзининг биринчи видеомурожаатини ўзбек миллиардери.

Ижтимоий тармоқларда аксарият ўзбеклар миллиардер ҳамюртлари Алишер Усмоновнинг тарафини олишганди.

Алишер Усмонов ва Ўзбекистон

Фото муаллифлик ҳуқуқи President.uz

Марҳум Ислом Каримов даврида Алишер Усмонов ўзбек расмийлари билан яқин алоқаларга эга эмасди.

Каримовнинг кутилмаган вафотидан сўнг Кремль ва сиёсий доираларда президент Путинга яқин кўрилувчи миллиардернинг Ўзбекистонга бот-бот бораётгани кузатилади.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг янги президенти этиб сайланишидан саноқли ҳафталар ўтиб эса, Алишер Усмонов ўзининг Ўзбекистонга қайтиш истаги ва режасида эканини билдирган.

Бу ҳақда ўшанда миллиардер "Россия-24" телеканалига берган интервьюсида маълум қилган.

Алишер Усмонов Ўзбекистон ва унинг раҳбариятига ёрдам беришга ҳар доим тайёрлигини изҳор қилган.

Усмонов ўз ватанида хайрия жамғармасини очиш учун Ўзбекистон раҳбариятидан рухсат сўрашдан тортинмаслигини ҳам айтганди.

Бунинг ортидан, яқинда Британиянинг "Рейтер" ахборот агентлиги билан суҳбатида ҳам у ўзининг худди шу сўзларини такрорлаган.

"Мен Ўзбекистонга қўлимдан келганича ёрдам беришга тайёрман ва ҳозирнинг ўзида беряпман ҳам", - деб айтган.

Усмоновнинг аниқлик киритишича, унинг роли "маслаҳат, консультация ва хайриядан иборат".

"Ўзбекистон иқтисодиётига қанча сармоя киритмоқчисиз?" деган саволга Усмонов "қурбим етганича" деб жавоб берган.

Усмонов Президент Мирзиёев бошлаган ислоҳотларнинг суръатидан таъсирланганини айтган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи President.uz

Усмонов бошқа хориждаги ўзбекларни ҳам Ўзбекистонни фаровон ва ҳуқуқий давлатга айлантиришда ўз ҳиссаларини қўшишга чақирган.

Ўтган йил август ойида эса, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Алишер Усмоновни "Эл-юрт ҳурмати" ордени билан тақдирлаган.

Ўзбекистоннинг энг олий мукофотларидан бири саналган орденни миллиардерга пойтахт Тошкентда топширган.

Алишер Усмонов ўз вақтида президент Мирзиёев билан рафиқаси орқали қудачилик ришталарига ҳам эга бўлган.

65 ёшли Алишер Усмонов Россиянинг энг бой ўнта одамидан биттаси бўлади.

"Bloomberg" ўзининг миллиардерлар рейтингида Усмоновнинг бойлигини $14.6 миллиард АҚШ доллари, деб баҳолаган.

Россиянинг қатор нашрлари орада Алишер Усмонов учун хайрияпарварлик тушунчаси нимани англатиши саволига унинг ўз сўзларига таяниб ойдинлик киритишган.

Улар миллиардернинг, "Хайрияпарварлик тушунчаси мен каби бутун жамият учун ҳам бир жумлада ўз ифодасини топади, у ҳам бўлса - инсонлар яқинларини худди ўзлари каби севишлари керак", - деган сўзларидан иқтибос келтиришган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek