YouTube ва Facebookни блоклашдан Ўзбекистон қанча иқтисодий зарар кўраяпти?

BBC Uzbek жонли дастури

Ўзбекистонлик фойдаланувчилар 2018 йилнинг октябридан Facebook ва YouTubeга эркин киролмаяптилар.

Айнан ўшанда Ўзбекистон ҳукуматининг ахборот хавфсизлигини такомиллаштиришга қаратилгани айтилган қарори кучга кирган эди.

Ҳукумат расмийлари YouTube ва Facebookка тўсиқ қўйилганини рад этадилар, Президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатда Интернет тезлигини 10 баравар ошириш топшириғини бажарганини айтадилар.

Амалда аксар оддий фойдаланувчилар Интернет тезлигининг кўтарилганини ўз ҳаётларида сезганлари йўқ, ўзлари учун муҳим деб билган веб-сайтларига прокси-серверлар ва VPN орқали кирмоқдалар.

2018 йил 30 ноябрида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Facebook ва YouTube саҳифалари нега очилмаётгани сабабини билмаслиги ҳақидаги хабар тарқалди.

"Мен ўзим ҳам Facebook ва YouTube'га муаммосиз кира олиш мумкин бўладиган пайтни кутяпман. Чунки VPNдан фойдаланиш бироз ноқулайлик яратади. Бир нарсани тушуниш керак, бу комплекс ёндашувни талаб этадиган масала. Биз ушбу масала устида миллий оператор билан ҳамкорликда ишлаяпмиз. Умид қиламанки, яқин кунларда ушбу масалага ечим топамиз", деб айтган журналистлар билан мулоқотда Ахборот технологиялари ва коммуникациялари вазири ўринбосари Олимжон Умаров.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

2019 йил 15 январида Ўзбекистонда тўсатдан YouTube ва Facebook "очилиб кетгани" кўпчиликни хурсанд қилди, аммо бу хурсандчилик узоққа чўзилмади.

18 январда Ўзбекистон Ахборот ва коммуникация технологияларини ривожлантириш вазирлигининг Facebook маъмурияти билан алоқа ўрнатишда ёрдам сўраб, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қилгани ҳақидаги хабарлар тарқалди.

NetBlocks гуруҳи турли мамлакатлар иқтисодиётига интернет ёки алоҳида хизматларни блокировка қилиш орқали етказиладиган молиявий зарар миқдорини ҳисоблаш мумкин бўлган калкулятор яратилди, деб ёзди Daryo.uz сайти.

NetBlocks калкуляторига кўра, Facebook ва YouTubeнинг блокировка қилиниши Ўзбекистон иқтисодиётига бир ойда 388,900,273,582 сўм ёки 46,784,995 АҚШ доллари миқдорида зарар келтирган.

Бу бир кунда камида 1,5 миллион доллар зарар деганидир.

Би-би-си Ўзбек хизматининг YouTubeдаги жонли мулоқотининг иштирокчиси Тошкентдаги asaxiy.uz Интернет дўконининг асосчиси Фируз Аллаев шундай дейди:

"Ушбу рақам нималарга асосланиб ишлаб чиқилганини билмадим. Лекин иқтисодий томондан буни зарар эмас, балки ишлаб топилмаган пул деб айтган бўлардим", дейди тадбиркор.

Facebook ва YouTubeнинг блоклангани Ўзбекистондаги бизнесларга салмоқли салбий таъсир кўрсатиб улгурди.

Кўпчилик ушбу икки машҳур Интернет саҳифага Ўзбекистонда тўсиқ қўйилиши "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили"га тўғри келганидан ҳайратландилар.

"Инновацион ғоялар ва технологиялар учун Интернет керак", дейди тошкентлик ахборот технологиялари бўйича мутахассис ва блоггер Жонузоқ Ҳалил.

"Facebook ва YouTubeнинг блоклангани Ўзбекистоннинг халқаро имиджи учун яхши эмас. Эътибор берайлик, қани қайси давлатларда блокланган Facebook ва YouTube? Бангладеш, Туркманистон, Шимолий Корея... Демак, бу бизни очилиш реформалари, яхши реформалар кетиб турган вақтда битта ҳаракат билан ёмон рўйхатга киритиб қўйишга сабаб бўлиб турибди", дейди Фируз Аллаев.

Би-би-си Ўзбек хизматининг Facebook ва YouTube блоклангани ҳақидаги жонли дастурини томоша қилинг.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ