Ҳиндистон Ўзбекистонда гени ўзгартирилган уруғларни етиштиради

буғдой Фото муаллифлик ҳуқуқи Podrobno.uz

Ҳиндистоннинг Nath Bio-Gens ширкати Ўзбекистонда уруғшунослик кластерини яратиш лойиҳаси устида ишламоқда. Лойиҳа амалга ошса Ўзбекистонда гени ўзгартирилган уруғлар етиштирилиши мумкин.

Бу ҳақдаги келишувни Ҳиндистон ширкати билан Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги имзолаган, дея хабар бермоқда побробно.уз сайти.

Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон уруғ етиштириш ва уруғшунослик кластерини яратиш учун ер ажратади. Лойиҳа давлат ва хусусий ҳамкорлик тарзида ишлайди.

Ҳиндистонлик мутахассислар маҳаллий экин навларининг муртак плазмалари ҳамда дурагай навлар билан ишлаш имкониятини қўлга киритади.

Nath Bio-Gens уруғларни етиштиришдан тортиб, уни сотишга оид босқичларни ўзида жамлаган тизимни яратиш учун бу соҳага тўғридан тўғри сармоя киритиши кутилмоқда.

Бундан ташқари Ҳиндистондан Ўзбекистонга пахта, буғдой, помидор, картошка, ер ёнғоқ, ловия ва сабзавотларнинг уруғини етиштиришда инновация киритилиши мумкин.

2017 йил август ойида Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистонда гени ўзгартирилган чигитни истеъмол мақсадида ишлатишга рухсат берган эди.

Ўзбекистонлик мутахассислар бу борада 3 йил изланишлар олиб борганини ва гени ўзгартирилган чигитдан олинган маҳсулотлар инсон саломатлигига зарарсиз эканлигини айтишган.

Гени ўзгартирилган маҳсулотларга нисбатан икки хил қараш шаклланган.

Бир томон ушбу маҳсулотлар инсон организми учун зарарсиз эканлигини айтади. Уларга кўра, аҳоли сонининг шиддат билан ўсиб бориши турли касаллик ва иқлимга мос ўсимларни яратишни тақазо қилишини таъкидлашади.

Иккинчи томон унинг зарар етказиш миқдори тўлиқ ўрганилмагани ва генни ўзгартирилган маҳсулотларнинг асорати йиллар ўтиб юзага чиқишидан огоҳлантиришади.

Давлатларнинг гени ўзгартирилган маҳсулотларга нисбатан сиёсати ҳам иккига бўлинган дейиш мумкин.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek