Ўзбекистон: Тадбиркор Аҳмет Демир Мирзиёев қарори бажарилмаётганидан нолиди

Тошкентдаги энг баланд бино бир неча 10 йилдан бери хизмат қилмаяпти Фото муаллифлик ҳуқуқи Xalq sozi
Image caption Тошкентдаги энг баланд бино бир неча 10 йилдан бери хизмат қилмаяпти

Туркиялик тадбиркор Аҳмет Демир Тошкентдаги "Чорсу" меҳмонхонасини реконструкция қилиш ишларида маҳаллий қоғозбозликдан шикоят қилди. Расмийлар ваъда қилинган ер майдонини ажратмаганлиги боис ишлар сустлашган.

90 йилларда Ўзбекистонга илк сармоя киритганлардан бўлган ва 2010 йилда мамлакат ҳуқуқ тизимларининг турли айбловлари ортидан бизнесини ташлаб кетишга мажбур бўлган Demir Holding эгаси Аҳмет Демир "Халқ сўзи" электрон нашрига дуч келаётган тўсиқлар ҳақида гапирган.

"Афсуски, кўнгилдагидек эмас. Айрим муаммолар бор. Энг катта муаммоимиз эса - қоғозбозлик. Масалан, бир пайтлар айтиб ўтганимдек, бизга қўшимча ер керак. Чунки меҳмонхона камида тўрт юлдузли бўлиб, 350 та хонадан иборат бўлади. Хорижлик ҳамкорларимиз бундай йирик иншоотда намунали хизмат кўрсатиш учун 2 гектарлик майдон камлик қилишини айтишганди. Шундан сўнг биз Тошкент шаҳар ҳокимияти ва бошқа мутасаддиларга қўшимча ер майдони ажратиш бўйича мурожаат этгандик. Натижада яна 3 гектар ер қўшиб берилишини ваъда қилиниб, бу ҳақда давлат раҳбарининг қарори ҳам чиқди", - дейди у.

Бироқ Президентнинг қарори ҳануз бажарилмаган.

"Энг ёмони, банкдан кредит ололмаяпмиз. Банкка иккита кадастр ҳужжатини кўтариб бориб, кредит сўрасам, "Бизнес-режангизда кўрсатилган мана бу ҳудуднинг ҳужжати қани?" дейишади. "Мутасадди идоралар кейин қилиб берар экан", дейман. Аммо улар ҳам четдан келмаган, шу юртнинг фуқаролари. Яхши билишадики, "Кейин қилиб берилади", дегани баъзан "Ҳеч қачон қилиб берилмайди", деганини англатади".

Фото муаллифлик ҳуқуқи Xalq sozi
Image caption Туркиялик тадбиркор Аҳмет Демир

2017 йил Аҳмет Демирга "Чорсу" меҳмонхонаси реконструкция қилиш учун берилди.

Тадбиркор ОАВ берган интервьюларида Ўзбекистонга қайтганидан мамнунлигини, Шавкат Мирзиёев даврида хорижлик тадбиркорларга нисбатан муносабат тубдан ўзгарганини айтган.

Режа бўйича "Тошкентдаги энг баланд бино "Чорсу" 2019 йилнинг охирида ишга тушиши керак эди.

Аҳмет Демир 10 йиллар давомида қаровсиз ётган меҳмонхона ичидан минг юк машинасидан зиёд чиқинди чиқарганини айтган.

Тадбиркор бундан ташқари Тошкентда 25 январ куни Divan by Demir ресторанини очган.

Аҳмет Демир "Халқ сўзи"га берган интервьюсида ресторан учун 1 миллион 200 минг доллар сарфлаганини билдирган.

Турк тадбиркори Ўзбекистонни нега тарк этган эди?

Аҳмет Демир Ўзбекистонга илк сармоя киритган ва бу ерда бизнесини кенгайтирган тадбиркор сифатида танилган.

У Тошкентдаги Demir супермаркетлари¸ Grand Mir меҳмонхонаси мулкдори бўлган. 4 мингдан ортиқ одамни иш билан таъминлаган.

"Демир" супермаркети ва тез овқатланиш емакхонаси Тошкентда Ўзбекистон мустақиллигидан кейин иш бошлаган бу турдаги илк масканлар бўлганди.

Тошкентликлар орасида машҳур бўлган бу савдо муассасалари Ўзбекистоннинг туркиялик бизнесменлар билан муваффақиятли ҳамкорлигининг намунаси сифатида ҳам кўрсатиб келинарди.

Бироқ 2010 йилда қатор Турк ширкатларига қарши рейдлар уюштирилган, ўшанда Тошкентнинг қоқ маркази - Матбуотчилар кўчасида жойлашган супермаркет ва тамаддихона ёпилган эди.

Рейдлар чиндан ҳам Ўзбекистон қонунчилиги ижроси талаби билан уюштирилганми ёхуд "Демир"дан "қутулмоқчи бўлган қўли узун носоғлом рақобатчининг буюртмаси"миди жамоатчиликка аён эмас.

Текширишларга бостириб кирган солиқчи ёки бошқа назоратчилар ўз рейдларининг натижасини ошкор этмаган.

Фақат 2011 йил мартида Ўзбекистон телевидениеси Турк бизнесменларининг ноқонуний амаллари ҳақида ҳикоя қилувчи кўрсатув намойиш этган.

Кўрсатувда бу ширкатлар Ўзбекистонда диний экстремизмни молиялашда айблашган.

Давлат телевидениесига кўра, "Туркуаз", "Гунеш ва "Кайнак" сингари бир қатор турк ширкатлари Туркияда фаолияти тақиқланган "Нурчилар" диний оқими ғояларини тарғиб қилувчи адабиётларни тарқатиш ва яширин жамоатлар тузиш билан шуғулланган.

Туркияга қайтганидан кейин "Туркуаз" собиқ раҳбарларидан бири Воҳид Гунеш Тошкентда ҳибсда сақланган 9 ойи давомида электр шоки билан қийноқларга тутилганини айтиб маҳкамага мурожаат қилди.

"Фергана. ру" ахборот агентлиги "Демир" ёпилиши билан Амир Темур хиёбонига яқин жойда "Пойтахт" савдо маркази очилишида боғлиқлик кўрган.

"Фергана.ру" буни "юз метр наридаги мижозларидан маҳрум қилаётган рақибидан қутулиш" деб таърифлаган.

Аҳмет Демирнинг Ўзбекистонга қайтиши Президент алмашганидан сўнг рўй берди.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.