Мирзиёев, Трамп ва Путин: Толибон мақсадига етдими?

Расмий Вашингтон 17 йиллик афғон урушига чек қўйиш ва Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетиш аҳдида қатъий.

Афғонистон Толибон ҳаракати ва ниҳоят Қатарда АҚШ томони билан музокаралар олиб боришга муваффақ бўлган.

Америкалик юқори мартабали мулозимнинг ушбу баёноти айнан ана шу олти кунлик ўзаро мулоқотлар ортидан янграган. Аммо у ўзининг исм-шарифини очиқлашни истамаган.

Бунгача Ўзбекистон, Россия дохил дунёнинг қатор давлатлари Толибонни афғон ҳукумати билан музокаралар столига ўтиришга ундаб кўришган.

Уларни расмий Кобул билан бирор бир шартларсиз музокаралар олиб боришга чақиришган.

Расмий Тошкент эса, ҳатто, исталган пайтда бу каби музокараларга мезбонлик қилишга тайёр эканликларини изҳор этишгача борган.

Аммо Афғонистон Толибон ҳаракати сўнггига қадар энг аввало расмий Вашингтон билан музокаралар олиб бориш истагида эканини баён қилиб келган.

Афғонистон масаласида якуний сўзни фақат Америка Қўшма Штатларигина айта олишини даъво қилган.

Бу каби тинчлик музокараларининг асосий шарти қилиб эса, хорижий қўшинларнинг Афғонистондан буткул сафарбарлигини илгари суриб келган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи President.uz

Аввалига толиблар билан ҳар қандай мулоқотлар эҳтимолини деярли назардан соқит этган, асосий урғуни ҳарбий танловга беришларини таъкидлаб келган президент Дональд Трамп бошчилиги остидаги янги АҚШ маъмурияти сўнгги ойларга келиб ўз оҳанги ва мавқеини ўзгартирган.

Афғонистондаги тинчликка масъул махсус вакилини тайин этган.

Ўтган йил якунида эса, президент Трамп Афғонистондаги қўшинлари сонини деярли тенг ярмига қисқартириш, у ердан минглаб ҳарбийларини олиб чиқиш кетиш режасида эканликларини баён қилган.

Афғонистон Толибон ҳаракатининг сиёсий идораси жойлашган Қатардаги музокаралар ана шу баёнотдан саноқли ҳафталар ўтиб амалга ошган.

Аммо америкалик ўз исм-шарифини очиқламаган юқори мартабали мулозимнинг ўз сўзларига қўшимча қилишича, музокаралар чоғида кўзда тутилган сафарбарлик оташкесинсиз амалга ошмаслиги мумкин.

Афғонистон Толибон ҳаракати эса, аксинча, бу ишнинг оташкесинсиз амалга ошиши истагида.

2014 йилги оммавий сафарбарлик ортидан Афғонистонда қолдирилган хорижий иттифоқ қўшинларининг сони ҳозир 13 мингдан ортиқроқ экани айтилади.

Уларнинг асосий қисмини эса, айнан америкалик ҳарбийлар ташкил этишади.

Музокарачи томонларнинг бу каби қарама-қарши истаклари музокараларнинг 25 феврал кунига режаланган навбатдаги босқичида энг оғир масалалардан бири бўлиши кутилмоқда.

Аммо, америкалик мулозимга кўра, дастлабки музокаралардаёқ Толибон уларнинг асосий хавотирларини беэътибор қолдирмаган.

"Ал-Қоида" ва ИШИД каби гуруҳларнинг Афғонистон ҳудудидан АҚШ ва унинг иттифоқчиларига қарши ҳужум қилиш мақсадида фойдаланишларига изн бермаслик талаблари бежавоб қолмаган.

Бу эса, унинг айтишича, томонларнинг Қатардаги музокараларда қўлга киритган "ютуқлари" учун замина бўлиб хизмат қилган.

Эксклюзив: Мирзиёев махсус вакили Тошкент истаги, Толибон ва Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ҳақида

Ўзбекистон: Толибонга Тошкент, Тошкентга Толибон нега керак?

Ўзбекистон, Россия, АҚШ ва Мирзиёев, Путин, Трамп: Толибон нима қилмоқчи, қизиқ?

Мирзиёев, Ўзбекистон, Тошкент: Саволлар кўп, жавоблар-чи?

Афғон ҳукумати нима дейди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

"Reuters" ахборот агентлиги хабарига кўра, томонларнинг Қатардаги мулоқоти чоғида Афғонистон Толибон ҳаракати афғон ҳукумати билан музокаралар олиб бориш эҳтиёжи ҳақида сўз ҳам юритмаган.

Аммо тинчлик битими ортидан Афғонистонда қудратга келажак муваққат ҳукумат таркибида бўлиш истагини изҳор этган.

Қатардаги музокаралар расмий Вашингтонни намоён қилган Американинг махсус ва масъул вакили Залмай Халилзод кеча, якшанба куни Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани билан учрашган. Уни музокаралар тафсилотларидан огоҳ этган.

Кобулдан мухбиримиз Фазл Аҳмад Ёлғизнинг хабар беришича, Қатардаги музокаралар тафсилотларидан огоҳ бўлиши ортидан, президент Ғани огоҳлик мазмунидаги телевизион мурожаат билан чиққан.

Афғонистон раҳбари ўтмишдаги хатоларни ёдда тутиш, пухта ишлаб чиқилган режа асосидаги тинчлик тарафдори эканликларини айтган.

Президент Ғани толибларни яна бир бор афғон ҳукумати билан жиддий музокаралар олиб боришга чақирган.

Афғон раҳбарига кўра, улар тинчлик исташади, аммо бу жараён афғонлар етакчилигида бўлиши керак.

Президент Ғани ҳам, ўз ўрнида, Афғонистондаги хорижий кучлар масаласига алоҳида тўхталиб ўтган.

У бу кучлар эҳтиёж асосида Афғонистонда фаолият юритишаётгани, уларнинг ҳозирлигини аниқ ва олдиндан белгиланган режа асосида кескин камайтириш ёки буткул нолга тенглаштириш ҳаракатида эканликларини билдирган.

Афғонистон Толибон ҳаракати қаршисида иккита танлов борлиги, у ҳам бўлса ё Афғонистон халқи билан бирга бўлиш ва ё хорижий давлатлар қўлида ўйинчоққа айланиш эканини таъкидлаган.

Президент Ғанининг бу мурожаатига ҳозирча на-да расмий Вашингтон ва на-да Афғонистон Толибон ҳаракати расмий муносабат билдирган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи official

Қатардаги музокаралар Толибон ҳаракати жорий пайтда Афғонистон ҳудудининг 70 фоизида у ёки бу даражада ҳозир бўлган бир пайтда амалга ошган.

Агар, президент Ғани ўтган ҳафта эълон қилган сўнгги расмий маълумотларга таянилса, 2014 йилдан буён қуролли низоларда 45000 ҳарбийларини бой беришган.

Таъкидлаш жоиз, Толибон ҳаракати Афғонистон ва минтақада фаол энг йирик жангари гуруҳ бўлади.

АҚШ ва Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг узоқ йиллик ҳарбий амалиётлари ортидан ҳам, уларнинг сони бугун бир неча ўн мингга нисбат берилади.

Музокарачи томонлар сўнгги музокаралардан ўз мамнунликларини изҳор этаётган бир пайтда уларнинг "ютуқлари"ни савол остига олаётган экспертлар ҳам йўқ эмас.

Уларга кўра, афғон можароси аллақачон глобал қиёфа касб этиб бўлган ва унинг ечими ҳам шунга яраша кенг қамровли саъй-ҳаракатларни талаб қилади.

Устига устак, Афғонистон Толибон ҳаракати сафларидаги парчаланишлар ва тарқоқлик, бу музокаралар ҳатто расмий Вашингтон билан олиб борилмайдими, уларнинг якуний ва амалий натижасини хавф остида қолдиради, дейишади улар.

Афғонистондаги тинчлик жараёни билан боғлиқ воқеаларнинг сўнгги ривожи юзасидан расмий Тошкент баробарида Кремль ҳам ҳозирча жим.

Аммо сўнгги ривожланишлар АҚШ ва Россия ўртасида геосиёсий танглик кучайган, айни шу сабаб, Афғонистон томонлар ўртасида иккинчи Сурияга айланиши мумкинлигига оид хавотирлар манзарасида кузатилган.

Расмий Вашингтоннинг Қатардаги музокаралар ортидан ортга сафарбарликка оид янграган қатъий баёноти минтақа геосиёсати учун нимани англатиши ҳам ҳалича ўз жавобини топмаган энг муҳим саволлардан бири бўлади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek