Ўзбекистон - Россия, Шуҳрат Аббосовнинг ўғли: Отамнинг мустақил инсонлиги ҳукуматга ёқмаган

Бундан уч йил олдин, 2016 йилнинг январида ўзбекистонлик режиссёр, кино арбоби Шуҳрат Аббосовнинг 85 йиллик юбилейи Москвада нишонланган эди. Режиссёр 2018 йилнинг апрел ойида Тошкентда оламдан ўтди. Унинг вафотига бир йил тўлгани муносабати билан буюк режиссёрни хотирлаш кечаси ҳам Москвада ўтказилди.

Маросимни Россия кинематография иттифоқи¸ актёрлар гильдияси ва марҳум режиссёрнинг шогирдлари ташкиллаштирган. Пойтахтдаги Марказий Кино уйида устоз санъаткорнинг яқин инсонлари, расмийлар ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

"Дил ва ор" деб номланган хотира кечасининг расмий қисмида россиялик машҳур актриса Валентина Тализина, биринчи ўзбек космонавти Владимир Жонибеков, кинорежиссёрлар Али Хамроев, Рустам Ўрозаев, Тимофей Спивак, рассом Шавкат Абдусаломовлар марҳум устозларини ёдга олиб, у билан боғлиқ ўз хотиралари билан бўлишдилар. Асли ўзбекистонлик машҳур курашчи, ҳозирда Россия давлат думаси депутати Артур Таймазов, Ўзбекистоннинг Москвадаги элчиси Ботиржон Асадов эса Шуҳрат Аббосов яратган фильмлар ва унинг шахси тўғрисида илиқ фикрларини билдиришди.

Ўзбек киноси арбоби бутун умр Ўзбекистонда яшаб ижод қилганига қарамай, нима учун унинг юбилейлари ҳамиша Москвада ўтказиб келинди ва хотира кечаси ҳам шу ерда ўтказилаяпти?

BBC UZBEK бу саволни ташкилотчиларга берди.

- Бу саволни мен ўзбек кино ижодкорларига, "Ўзбеккино" унитар корхонаси ва "Ўзбекфильм" раҳбариятига беришни истардим. Бизда Шуҳрат Аббосовдан ташқари жуда машҳур режиссёрларимиз, актёрларимиз бор. Яқинда севимли режиссёримиз Латиф Файзиевнинг ҳам 90 йиллиги бўлиб ўтди, лекин бирон бир тадбир ёки чиқишлар бўлгани йўқ. Йўлдош Аъзамов, Наби Ғаниев, буюк актёрларимиз Наби Раҳимов, Раҳим Пирмуҳаммедов сингари кўплаб фидокор инсонлар бўлган. Улар ўз вақтида давлат учун хизмат қилишди, бугун давлат уларни эсламайди, - дейди режиссёр Улуғбек Юлдашев.

Шуҳрат Аббосовнинг энг яқин шогирдларидан бири бўлган Улуғбек Юлдашевга кўра, бу каби тадбирлар харажат талаб қилмайди. "Асосийси, хоҳиш, ният керак", дейди у.

Ўзбек киносининг жонкуяри Шуҳрат Аббосов оламдан ўтди

Шуҳрат Аббосов: 'Биз ҳиндларга ўхшатиб кино қилолмаймиз'

Ўзбекистонда йиллаб цензурадан ўтолмаган фильм халқаро кинофестивалда

Фото муаллифлик ҳуқуқи videograb

Марҳум режиссёрнинг таваллуд куни муносабати билан хотирлаш кечасига Тошкентдан кенжа ўғли Элжон Аббосов етиб келди. Ўзбекистонда Шуҳрат Аббосов қадрланмагани ва ҳукумат эътиборидан четда эканидан афсусда эканини яширмади.

- Нима учун бундай бўлаётганини ҳеч ким билмайди. "Ўз юртингдан пайғамбарлар чиқмайди" деган ибора бор. Отам ҳамиша мустақил бўлган, ҳукуматга унинг шу феъли ёқмаган. Отам ҳаётлик пайти Каримов ўлганида "бу киши умримнинг 25 йилини ҳаётимдан ўчирди" деб айтган эди. У 25 йил давомида биргина фильм суратга олди. Уни ишлашга қўйишмади. Инсон умрининг энг серҳосил йиллари ўчирилди. Шундай ҳукуматга қандай муносабат билдириш мумкин?!, - дейди Элжон Аббосов.

Шунингдек, режиссёрнинг ўғли ҳозирда Ўзбекистоннинг янги раҳбари ва ҳукуматининг муносабати ўзгаргани ва шу сабабли Шуҳрат Аббосовнинг кўмиш маросими яхши ташкиллаштирилганини айтади.

"Давлат инсон ўлганидан кейин уни шараф билан кўмди, у ҳаётлигида ҳам шундай қадрга муносиб эди. Бунинг учун рахмат", - дейди Шуҳрат Аббосовнинг ўғли.

Шунга қарамай, тўсиқлар сақланиб қолганини билдирди Элжон Аббосов.

- Январь ойида «Ўзбеккино"га келиб Аббосов ва 60-70 йиллардаги ижодкорлар ҳақида хужжатли фильм олиш тўғрисида таклиф бердим. Йўқ дейишди. "Қўй, бу мавзуга ҳозир тегмаймиз" деб қайтаришди, - дейди режиссёр Элжон Аббосов.

Шуҳрат Аббосов ўзининг Москвада ўтказилган 85 йиллик юбилейи чоғида "25 йил цензура менинг қонимни ичди" деган эди саҳнада туриб.

Айни пайтда Али Ҳамроев, Рустам Ўразаев, Юсуф Розиқов, Шавкат Абдусаломов, Элёр Эшмухаммедов, Рашид Маликов, Фарход Махмудов сингари кўплаб асли ўзбекистонлик режиссёрлар, рассому актёрлар, санъат арбоблари Москвада яшаб ижод қилишмоқда. Ўзбекистонда ҳушланмаган буюк режиссёр нима учун унинг ижодига имкон берадиган жойга кетиб ишламади?

- Шуҳрат Солиҳович ўта ватанпарвар эди. Ўз ватани ва халқини жуда яхши кўрардики, унинг Москвага келиб яшашини тасаввур ҳам қила олмасдим. Устоз ўта истеъдодли, зиёли ва маданиятли инсон эди. Унга рухсат беришмаётганини кўп гапирарди. У ҳар гал ҳасрат қилганида менинг ҳам дилим оғрир эди. Ҳайрон ҳам қолардим. Ахир у энг юқори даражадаги фильмларни яратган бўларди, - дейди Шуҳрат Аббосовнинг дўсти, россиялик машҳур актриса Валентина Тализина.

Фото муаллифлик ҳуқуқи videograb

Шуҳрат Аббосовнинг яқин дўстларидан бири режисёр Али Ҳамроев устоз-шогирд анъанасини давом эттириш лозимлигини таъкидлади.

- Шуҳрат Аббосовдан ўрганиш керак. Унинг қандай ажойиб фильмлари бор. Ўрганинг, таҳлил қилинг. У ватанпарвар эди, ўзбек режиссёри эди. У ҳаётда кўп нарсаларни бошидан кечирди. 91-йилдан кейин уни ҳам таъқиб қилишди, ишлашга қўйишмади. Тушунаяпсизми?! Аммо у нолимади. У ўз ерини, ҳалқини яхши кўрарди. Ва хотираларимизда шундайлигича қолди.

Маросимга ташриф буюрган меҳмонлар орасида биринчи ўзбек космонавти Владимир Жонибековни учратдик. Икки карра Совет Иттифоқи қаҳрамони Би-Би-Си ўзбек хизматига хотира тадбири сабаб ўзбекистонликлар билан дийдорлашганидан мумнунлигини билдирди.

- Мени яқинда Ўзбекистонга таклиф қилишди.... Апрель ойида , Космонавтика кунида бориб қолишим мумкин. Билмадим, жуда зўр тадбир бўлади, дейишаяпти. Кўрамиз. Ўзбекистон менда баланд тоғлари ва юлдузли осмони билан ёқимли хотиралар қолдирган.

Режиссёр ва актёр Рустам Ўразаев эса Шуҳрат Аббосов билан қўшни бўлганлиги ҳақида гапирди, болалик хотираларини биз билан бўлишди.

Хотира кечасининг иккинчи қисмида ўзбекона дастурхон ёзилиб, маросим меҳмонларига ош тарқатилди. Шу билан бирга катта экранда Шуҳрат Аббосов фильмларидан парчалар ва унинг иштирокидаги ҳаётлик чоғида тасвирга олинган лавҳалар намойиш этилди.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.