Ўзбекистон: Тошкент ҳокимияти вакили дарахтларнинг кесилишини "жиноят" деб аташдан бош тортди

Тошкентда 2018 йилнинг иккинчи ярмида 6000 дан ортиқ дарахт кесиб ташланган.

Аммо уларнинг ҳаммаси "қонуний кесилган".

Бу ҳақда Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Нодир Юнусов маълум қилган.

#10YearChallenge Ўзбекистон ва дунё 10 йилда нима йўқотди ва топди?

Тошкентда яна азим чинорлар кесиляпти

Ўзбекистон ҳукумати халққа қулоқ соладими?

Унинг Тошкентдаги матбуот анжуманида журналистларга айтишича, ўтган йилнинг 27 июнидан 31 декабригача жаъми 10 минг тупдан кўпроқ дарахтни кесишга ариза тушган.

3 201 туп дарахт "сақлаб қолинган".

Юнусовга кўра, 388 туп дарахт "давлат аҳамиятига эга бўлган объектлар қурилиши муносабати билан қирқилган".

3840 дона дарахт эса жисмоний ва юридик шахслардан 1 млрд 44 млн 908 минг 436 сўм тўлов пули эвазига кесилган.

Мулозим нима учун бу дарахтларни сақлаб қолишнинг иложи бўлмаганига аниқлик киритмаган.

Машъум 10 йиллик

Душанба куни Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигида ўтган матбуот анжуманида журналист Никита Макаренко Тошкентнинг Амир Темур хиёбонидаги дарахтлар кесиб ташланганига 10 йил тўлганини хотирлатган.

"Бу йил пойтахтимизда юз берган мудҳиш воқеага роппа-роса 10 йил тўлади - 2009 йилда Амир Темур хиёбонидаги дарахтлар кесиб ташланган эди, Бу ҳодисани сиз ҳуқуқий нуқтаи назардан қандай баҳолайсиз, сиз буни жиноят деб ҳисоблайсизми ёки бу қонун доирасида қилинган ишми?", - деб сўраган журналист.

Аммо расмийлар Ўзбекистоннинг янги тарихидаги энг зиддиятли ҳодисалардан бўлган ва ҳануз жавобсиз қолаётган пойтахтнинг марказий хиёбонида чинорларнинг ёппасига кесилишига ҳуқуқий баҳо беришдан бош тортганлар.

"Дарахтларнинг кесилиши қонуний ёки ноқонунийлиги тўғрисида суд органлари қарор чиқаради. Мен ҳозир 10 йил олдин бўлиб ўтган воқеани шарҳлаб ўтирмоқчи эмасман, - дея Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Нодир Юнусовдан иқтибос келтирган "Халқ сўзи" нашри.

Мулозимнинг қўшимча қилишича, "Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида дарахтларни ноқонуний кесиш ҳамда бунинг учун тайинланадиган маъмурий жазо чоралари аниқ-тиниқ ёзиб қўйилган".

Жавобсиз саволлар

Никита Макаренконинг Би-би-сига айтишича, Тошкентдаги матбуот анжуманида расмийларга савол бераркан, унга қониқарли жавоб ололмаслигини билган.

"Мен Нодир Юнусов бу саволга жавоб беролмаслигини билардим. Чунки у 10 йил аввал ҳозирги лавозимида ишламаган. Матбуот анжуманида гапирган расмийлардан ҳеч ким бунга жавоб беролмаслиги аниқ эди. Аммо шунга қарамай, бу саволнинг янграши мен учун жуда ҳам муҳим эди. Эътибор берган бўлсангиз, бугун (29 январь куни - таҳр) эрталаб Олий Мажлиснинг расмий нашри бўлган "Халқ сўзи" газетасида "10 йил олдин Амир Темур хиёбонидаги дарахтларнинг кесиб ташлангани жиноят эдими?" сарлавҳаси остида мақола чоп этилди. Бу расмий нашрларнинг дарахтларнинг оммавий кесилишига биринчи марта эътибор қаратиши", - деб айтди Макаренко Би-би-си билан суҳбатда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Nikita Makarenko
Image caption Журналист Никита Макаренко ўтган йили дарахтлар кесилишига қарши онлайн-петиция ташаббускори бўлган.

Расмийларга кўра, 2019 йилнинг 1 июнига қадар республика ҳудудидаги барча дарахтларни инвентаризация қилиш режаланган.

Ўтган йили "Mening fikrim" порталида дарахтларнинг ноқонуний кесилишига қарши онлайн-петиция 12 мингдан ортиқ имзо тўплаганди.

Олий Мажлис ўз тарихида биринчи марта фуқароларнинг онлайн-петициясини кўриб чиққан, аммо ундаги таклифларнинг аксариятини рад этган эди.

Жумладан, парламентнинг қуйи палатаси мамлакатда дарахтларнинг кесилишини назорат қилувчи алоҳида ваколатли орган ташкил этишга эҳтиёж йўқлигини айтган.

Қонунчилик палатаси масъул идораларга дарахтларнинг кесилиши устидан назоратни кучайтиришни топширган.

Пойтахт Тошкент ва вилоятларда 2009 йилдан бошланган оммавий дарахт кесишларда табиатга жами қанча зарар етказилгани маълум эмас.

Вилоятларда қанча дарахт кесилганига оид расмий маълумот йўқ.

Орадан 10 йил ўтган эса-да, дарахтларни кесишга ким буйруқ бергани жумбоқлигича қолмоқда.

Ўтган йил сентябрида Юнусобод тумани ҳокими 400 минг доллар пора билан қўлга олингани хабар қилинган.

Бахтиёр Абдусаматов 2014-2017 йилларда Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасини бошқарган.

Ҳозирга қадар пойтахтда дарахтларнинг ёппасига кесилиши юзасидан жиноят иши очилмаган.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.