Ўзбекистон: Жаҳонгир Ортиқхўжаев Tashkent City бўйича бор ҳақиқатни айтдими?

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ўзининг Tashkent City инвесторларидан бири эканини тасдиқлаган.

Аввалроқ, британиялик журналистлар унинг Tashkent Cityни қураётган ширкатларга алоқаси бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзишганди.

Ҳокимнинг журналистларга билдиришича, у ҳали ҳам Akfa ширкати ҳиссаларига эгалик қилади, аммо ширкат бошқарувини бошқаларга топширган.

Тошкентликлар ишёқмас, шубҳали инвесторлар билан ишим йўқ - Тошкент ҳокими

Ўзбекистон: Tashkent City - "Сирли" инвесторлар кимлар?

Мирзиёев Tashkent Cityда нималарни кўрмади?

Британиядаги Open Democracy ташкилоти ўзи кўздан кечирган ҳужжатлар Tashkent City, Akfa Dream World, Akfa Group ҳамда Жаҳонгир Ортиқхўжаев ўртасида боғлиқлик борлигига ишора қилаётганини айтган.

29 январь куни эълон қилинган ҳисоботида ташкилот Ўзбекистоннинг энг йирик ишбилармонларидан бўлган Ортиқхўжаевни манфаатлар тўқнашувида гумон қилган.

Open Democracy ташкилотининг ҳисоботи ортидан журналистларга гапирган Тошкент шаҳар ҳокими манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ даъволарга жавоб берган.

Пайшанба кунги матбуот анжуманида Ортиқхўжаев Akfaдаги ҳиссалари миқдорини очиқламаган, аммо улардан воз кечиш нияти йўқлигини таъкидлаган.

"Ҳа, Akfa менинг 20 йиллик компаниям. Уни ўзим ташкил қилганман. Тан олиб айтишим керак, шаҳар ҳокими бўлишим тушимга ҳам кирмаганди. Ярим соат олдингина шаҳар ҳокими бўлишимни эшитганман. Ўзим ташкил қилиб, 20 йил бошқарган компанияни, 31 минг ходимни шунчаки ташлаб кетиш мумкинми?", - деган Ортиқхўжаев.

Ортиқхўжаевнинг айтишича, Президент уни ҳокимликка тайинлаган пайт Akfa ҳиссаларини сотиш талабини қўймаган.

"Президентимиз мени ҳоким қилиб тайинлаганларида менга компания бошқарувини бошқаларга бериш бўйича топшириқ бергандилар. Акцияларни сотиб юбориш ҳақида гап бўлмаган", - деб айтган Ортиқхўжаев.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Жаҳонгир Ортиқхўжаев шубҳали инвесторларни инкор этмади

Ҳоким ва матбуот анжуманида қатнашган бошқа расмийлар инвесторларнинг ёши ва компанияларнинг яқинда очилгани билан боғлиқ саволларга ҳам жавоб қайтаришган.

Инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар вазирининг ўринбосари Лазиз Қудратовнинг айтишича, олти ой - бир йил олдин очилган компанияларнинг йирик лойиҳаларда қатнашиши "жаҳон тажрибаси".

"Кўпгина компаниялар қандайдир лойиҳани амалга ошириш мақсадида янги структураларни тузишади", - дея Қудратовдан иқтибос келтирган Gazeta.uz нашри.

Open Democracy ўз текшируви хулосаларида №3 лотнинг асосий инвесторларидан Германиянинг Hyper Partners ширкати эгаси сифатида 19 ёшли шахс кўрсатилганига эътибор қаратганди.

Ташкилот суҳбатлашган америкалик коррупцияга қарши эксперт Ричард Мессик Ўзбекистон ҳукуматини дарҳол текширув бошлашга чақирган.

Унинг айтишича, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 1992 йилда қабул қилган қарор амалдорларга тадбиркорлик билан шуғулланишни ман этади.

Би-би-си тадқиқот муаллифи, Британиядаги Алстер университетининнг криминология бўйича профессори Кристиан Ласслетт билан боғланиб, Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг баёнотига муносабатини сўради.

Кристиан Ласслетт: Биз Ортиқхўжаевнинг Akfa Group асосчиси ва яқин-яқингача кампания бошқарувчиларидан бўлганини яхши биламиз. Билмайдиган нарсамиз - у Discover Invest кампаниясига ҳам тўла ёки қисман эгалик қилиш-қилмаслиги. Tashkent Cityнинг №1 ва №7 лотларидаги йирик контрактлар ушбу ширкатга берилган. Шунингдек, унинг бошқа бир лотни қураётган Akfa Dream World кампаниясида ҳам манфаати бор-йўқлиги масаласи очиқ қолмоқда. Бу икки кампаниянинг расмий эгаси Ортиқхўжаев эмас, бошқа одамлар. Аммо айни пайтда улар Akfa Group корхоналарини ҳам бошқаришади. Бу эса ўз навбатида улар бу ширкатларнинг ҳақиқий эгаси эканига шубҳа уйғотади. Уларнинг ҳақиқий эгаси бошқа одамлар бўлиши мумкин. Бу ерда асосий савол - Ортиқхўжаевнинг бу икки ширкатда ҳиссалари боми? Агар бўлса, бу расман эълон қилиниши керак. Ортиқхўжаев бу лойиҳага масъул давлат идорасини ҳам бошқаргани инобатга олинса, жиддий манфаатлар тўқнашуви ҳақида сўз бораётгани англашилади. Бу эса очиқ, шаффоф текширувни талаб қилади.

Би-би-си: Жаноб Ортиқхўжаев юзлаб хорижлик инвесторлар билан музокара олиб боргани, уларнинг биронтаси ҳам лойиҳага қизиқиш билдирмагани, шундан сўнг маҳаллий ширкатларга мурожаат қилишга мажбур бўлганини айтган. Хорижий инвесторларда Ўзбекистон ҳақида шаклланган тасаввурни инобатга олсак, бу анча ҳақиқатга яқин, шундаймасми?

Кристиан Ласслетт: Хорижлик инвесторлар масаласида Ортиқхўжаев ҳақ. Чунки инвесторлар шаффофлик йўқлигидан, қудратли амалдорлар ва суд тизимининг мустақил эмаслигидан кўрқишади. Ўзбекистонда адолатли, холис, шаффоф ва ҳисобдор давлат хизмати ва инвестициялар ҳамда манфаатлар тўқнашувини тушунадиган давлат хизматчилари пайдо бўлмас экан, инвесторлар мамлакатга сармоя киритмайди. Ҳоким эса ўзининг ҳаракатлари билан инвесторларнинг қўрқувларини янада кучайтирмоқда. Бу лойиҳалар очиқ ва шаффоф бўлмагунича, Ўзбекистон халқига нафи тегадиган сифатли инвесторларни жалб қилиш имконсиз.

Би-би-си: Тошкент шаҳар ҳокими инвесторларнинг кимлиги билан иши йўқлиги, унинг учун муҳими инвестиция, пул эканини айтмоқда. Ўзбекистон шароитида буни прагматик ёндашув, десак бўладими?

Кристиан Ласслетт: Менимча, буни қўрқинчли ёндашув деганимиз тўғрироқ бўлади. Мен дунёдаги кўплаб кўчмас мулк лойиҳалари билан ишлаганман. Бу лойиҳалар пул ювиш ўчоғлари ҳисобланади. "Инвесторларнинг кимлиги билан ишим йўқ" деб айтиш уюшган жиноий гуруҳларга "келинглар, бизнинг кўчмас мулк секторимизда бемалол пулларингни ювинглар", дейиш билан баробар бўлади. Бу прагматик эмас, балки хавфли бир ёндашув. Бу Президент Мирзиёевнинг инвесторларга етказишга ҳаракат қилаётган Ўзбекистон инвестициялар учун хавфли ер эмас, деган муждасига тескари. Қайтага, хавфли ер, деган тасаввурни янада мустаҳкамлайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Prezident Matbuot Xizmati
Image caption Президент Мирзиёевнинг ғояси бўйича Tashkent City дунёга очилаётган Ўзбекистоннинг рамзи бўлиши керак.

Би-би-си: Ортиқхўжаевнинг айтишича, Akfa Dream World "Тошкент-сити"даги ўзи қураётган конгресс-ҳоллдан фойда кўрмас экан. Бино ҳукуматга берилар экан. Ҳақиқатан ҳам шундай бўлиши мумкинми?

Кристиан Ласслетт: Ортиқхўжаев нимани назарда тутганини билмайман, аммо капиталистик иқтисодиётда инвестиция қилишдан мақсад битта - фойда олиш. "Тошкент-сити" давлат томонидан қўллаб-қувватланаётган лойиҳа эканини инобатга олсак, инвестицияларни оқлаши тайин. Akfa Dream World "Тошкент-сити"даги №5 лотнинг инвестори. Конгресс-ҳолл уни қурган инвесторники, яъни Akfaники бўлади. Фойдани ҳам Akfaнинг эгаси, бу ўринда Тошкент шаҳар ҳокими кўради.

Би-би-си: Иккинчи томондан, Ўзбекистонда сиз айтаётган "манфаатлар тўқнашуви"ни тартибга соладиган механизмнинг ўзи йўқ. Эҳтимол, масалага кенгроқ ёндашиш керакдир? Балки ҳамма нарса Ортиқхўжаевга боғлиқ эмасдир?

Кристиан Ласслетт: Мен Тошкент шаҳар ҳокими ҳамма қарорлар учун масъул, демаяпман. У ҳам тепадагиларнинг босими остида бўлиши мумкин. Бу Ўзбекистоннинг демократик келажаги масаласи. Агар ҳукуматдагилар қандайдир муҳлат қўяётган бўлса ва бу муҳлат ҳақиқатдан узоқ бўлса, пастдагилар ўзининг амалини йўқотиш ёки қасос олинишидан қўрқмасдан фикрини айтиш имконига эга бўлиши керак. Биз бу ерда битта касалхона ёки кутубхона қурилиши ҳақида гапирмаяпмиз. Бутун бошли шаҳар қурилиши ҳақида гап кетяпти. Ҳозирнинг ўзида қанча одам уйларидан кўчирилди, қанча инсонларнинг ҳақлари поймол қилинган бўлиши мумкмин. Йўл ҳаракати, теварак атрофга, яқиндаги бизнесларга таъсири масаласи бор."Тошкент-сити" Президент Мирзиёевнинг номи билан боғлиқ лойиҳа. Унинг вақтида битказилиши президент учун муҳим. Шунинг учун мен ҳоким катта босим остида ишлаётганини тасаввур қиламан. Унга ҳам осонмас. Манфаатлар тўқнашувига келсак, бу масалага турли давлатлар турлича ёндашади. Баъзи давлатларда расмий лавозимни эгаллаган заҳоти бизнесдан воз кечишингиз керак. Чунки бир вақтнинг ўзида ҳам халққа ва ҳам пулга хизмат қилолмайсиз. Бошқа давлатларда нисбатан мўътадил, яъни юқори мартабали сиёсатчилар хусусий ширкатда бизнес манфаатларига эга бўлишлари мумкин. Аммо бу манфаатни декларация қилишлари керак бўлади. Яъни бирон лойиҳа ҳақида қарор қабул қилинганда амалдорнинг унда манфаати бор ёки йўқлигини ҳамма очиқ манбаълардан текшириш имконига эга бўлади. Яккаҳокимликка асосланган, ҳамма нарса битта одамга боғлиқ бўлган тизимларда холис ва адолатли қарор қабул қилишни кутиш қийин. Манфаатлар тўқнашуви очиқлик ва шаффофликни талаб қилувчи мураккаб тушунча. Ўзбекистонда ҳам жараённинг очиқ ва шаффоф бўлишига эришилиши муҳим. Токи муҳим қарорлар манфаатлар тўқнашуви таъсирида қабул қилинмасин.

Видеони Youtube каналимизда томоша қилинг.