"Хусусий дегани фақат пул шилишми?" - Тошкентдаги Кореянинг Ёжду институти талабаси

Фото муаллифлик ҳуқуқи ytit.uz
Image caption Ёджу техника институти ноҳукумат хусусий ўқув даргоҳидир

Тошкентда очилган Жанубий Кореянинг хусусий Ёджу техника институти талабаси Би-би-сига шикоят йўллаб, институтдаги таълим даражаси ва ўқиш учун шароитлардан арз қилди. Унинг даъво қилишича, таълимнинг "қиммат" бўлишига қарамай, талабалардан қўшимча пул олиш ҳаракатлари кузатилмоқда.

Ёджу техника институти Ўзбекистондаги иккинчи ноҳукумат, хусусий таълим даргоҳи бўлиб, 2018 йил 15 октябрида тантанали равишда очилганди. Унга 1250дан ошиқ талаба қабул қилинди.

Институт сайтида ёзилишича, институтининг ташкил этилиши Ўзбекистонда "янги иш ўринлар яратилиши билан бир қаторда, таълим секторида соғлом рақобат муҳитининг пайдо бўлиши, ёшларнинг ўзлари ҳоҳлаган ва инновацион йўналишлар бўйича таълим олиши, таълим ва саноатнинг чамбарчас боғланиши, таълим ва кадрлар сифатини ошиши, давлат бюджетига тушумларни кўпайиши ва бюджетдан қопланадиган сарф харажатларни камайиши ва таълимга оид бошқа масалаларнинг ижобий ечимига олиб келади."

Йилига 16 миллион сўмдан 24 миллион сўм (тахминан 1900-2800 доллар)га тенг контракт пулини тўлашга қодир талабалар архитектура ва шаҳарсозлик, туризм, қурилиш, муқобил энергия ва бизнесни бошқариш каби йўналишларда таълим олишлари мумкин.

Шикоятни Би-би-сига йўллаган талабанинг исми, унинг илтимосига кўра, ошкор қилинмайди. Ёджу техника институти раҳбарияти талабани норози қилган баъзи жиҳатлар бўйича ўз муносабатини Би-би-сига ёзма шаклда юборди. Лекин, аввало талаба сўзларини сизга тақдим этсак:

"Ўқув даргоҳининг фақат уст қисмини битириб, расмдаги кўринишга келтириб, мана биз очилдик деб ўқув йилини бошлаб юборишди. Аслида иккита этаж битган эди, холос. Ҳозир эса энди учинчи этажни битиришяпти. Хоналарда пардалар йўқ, ҳатто. Дарсликлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади - ҳалигача электрон вариант ва ксерокопиялардан ўқиб юрибмиз.

Бизга ўқишга киргандан кейингина тизим ҳақида маълумот берилди. Кредит таълим тизими экан. Бизда тушунтиришларича, дарслар қисқартирилган, 50 дақиқадан бўлади, қолган маълумотни талаба ўзи излаб топиб тайёрланиши керак экан.

Гуруҳда камида 40 киши. 50 кишилик гуруҳларда ҳам ўқидик. Таълим сифати - ноль. Шовқин-сурон, ҳеч нарса тушуниб бўлмайди. Назорат йўқ. Устозларга фарқи йўқ, тинчлантиришни ўйлашмайди. Боғчадагидек манзара гўёки...

Ишонинг, ҳозир аниқ айта оламан. Бошида кутдим, яхши бўлиб қолар, гуруҳлар бўлинса, алоҳида хоналарда ўқисак, билим олармиз деб. Шуниси аниқ бўлдики, ишга қабул қилинган домлалар таълим бериш мақсадида эмас, презентациясида берилган мавзуни тезроқ гапириб чиқиб кетиш мақсадида келишаркан.

Корея билан ҳамкорликда очилди дейилди, аммо фақатгина 4 нафар асли Кореядан келган устоз бор. Қолган ҳаммаси ўзимизнинг институтларда дарс берадиган ўқитувчилар.

Бир мартагина Кореянинг асл Ёджу технология институти ректори деб таништиришган бир одам келди. Маъруза ўқиди. Гапларидан аниқ бўлгани шу бўлдики, Кореядиги Ёджу инситути ҳам хусусий экан.. Бизга икки йил Тошкентда, икки йил Кореяда ўқиш мумкинлиги ҳақида айтишганди. Бу ҳақида савол беришганида, кореялик ректор аниқ жавоб бермади. Бу эса амалга ошмаслиги аниқлигини англатади.

Майли, Кореяни қўйиб турайлик. Институтдан мақсад нима? Хусусий дегани фақат пул қилиш учунми?

Мана ҳозир сессия яқин, тўғрими? Бизга тушунтирилган система бўйича ҳозирда кўп эмас, деярли 70-80 фоиз талаба қайта топшириш имтиҳонларига пул тўлашлари лозим бўлади.

Дарсда билим беришмаса, уйда ўзинг топиб ўқиб кел дейишса, кутубхонага ўрнатилган 30 дона компьютер бирон марта фойда бермаган, интернетга киролмайсиз, ҳам шовқин-сурон. Кутубхона эмас, вокзалнинг ўзгинаси. Яна бу етмагандек вожатий аёллар айланиб жеркиб юради, асабингизни бузиб.

Корейс тилини ўргатишмоқда. Лекин, ҳеч бўлмаса шу тилни кредит эмас, модул тизимида тўлиқ ўргатса-чи? Ахир биз учун бу янги тил-ку. Йўқ, у ҳам фақат ўқитувчиларнинг презентациясида берилган қисмигина ўтилади. Бир нарсага тушунмайман. Мен туризм йўналишида 20 миллион сўм тўласам-да, яна билим сўраб дакки эшитсак . Нима эмиш, агар тушунмаётганлар, қолиб кетканлар бўлса, ойига 300 минг сўмдан қўшимча дарсларга қатнаб етиб олсин экан. Ахир буниси энди ортиқча, ғирт муттаҳамлик эмасми? Тасаввур қиляпсизми, 20млн сўм тўлаб ўқисак-да, тўлиқ ўргатишмаса, мен яна қўшимча пул тўлаб ўқишим керакми? Қани инсоф? Қани адолат? Хусусий дегани фақат пул шилишми?

Тизимга кўра, бир семестр - 100 балл. Яъни 20 балл - тўлиқ давомат, 40 балл - оралиқ назорат, 40 балл - якуний назорат. Ҳозирда оралиқ назоратдан ўтдик, 7та фаннинг ҳар биридан 20-30 балл орасида олдик. Тизимга кўра, ўтиш балли 59дан юқори бўлсагина ўтиш мумкин. Акс ҳолда, улар чиқариб қўйган формулага кўра, яна пул тўланар экан.

Демак, мен 7 фандан 3тасини ўзлаштира олмасам, ҳар бири учун қайта имтиҳонга 800 мингдан юқори суммани тўлашим керак бўлади.

Бу коррупциянинг расмий кўришини бўлса керак. Ундан кўра, ўзимиз 100-200 мингга домлалар билан "гаплашганимиз" маъқул эди. Энг кулгили тарафи, бизда дарс бераётган домлалар бошқа институтларда қандай "ставка"лар билан юриши ҳаммага маълум. Лекин, бу институтда уларга кам балл ажратилгани учун, ёрдам бери олиши эҳтимоли кам.

Бир неча марта телеканаллардан суратга олгани келишди. Ишонинг, бари кўзбўямачилик. Бизнинг институтда ундай, бизнинг институтда бундай дейишдан олдин, БИЗни ўйлашлари керак. Бу ерда БИЗ йўқ! Бу ерда фақат қандай қилиб бўлса ҳам пул шилиш пайида бўлган институт ва билим ололмай сарсон юрган талабалар бор.

Камида 70 фоиз талабалар ўзимизнинг оддий инситутларга перевод қилиш ҳақида ўйлаб юришибди.

Мана 3 ой ўтди. Уларнинг режаси бўйича кетса, бизни анча қарз қилиб қўйишади. Биласиз, Ўзбекистон шароитида 20 миллион контракт пули тўлаш ота-она учун осонмас. Агар семестр якунига кўра яна қўшимча пул тўлашим кераклигини айтсам, унда нима бўлади?

Нега уларни текширишмайди? Нега биров келиб, дарс беряптими ўзи деб кириб текширмайди? Нега бизнинг давлатга тўғри келмайдиган тизимни йўлга қўйишади? Бизда модул тизими ишлаган, бу бутун дунёда амал қилаётган тизим, устоз ипидан игнасигача тушунтириб бериб, шундан сўнг ўргатган нарсасини талаб қилиши лозим. Бу ердаги устозлар эса, ҳатто декан ҳам, яқиндагина ўзимизнинг оддий университетларимизни битириб олиб, фақат "бу тизим эскирган, бундай таълим узоққа бормайди" деб бонг уришади.

Агар шуларни мен ёзмасам, аниқ кимдир ёзган бўларди. Тасаввур қиляпсизми, камида 800 нафар талаба қайта топширишга мажбурланиши мумкин. Оралиқ ва якуний имтиҳонлар қийин тузилган. Мақсад - талаба паст баҳо олсин ва пул тўлаб қайта топширсин."

Институт раҳбариятининг жавоби

"1. Бугунги кунда бинода тўлиқ қуриш-таъмирлаш ишлари якунланган булиб, жорий ўқyв йилида қабул қилинган барча талабалар учун белгиланган меъёрлар бўйича ўқyв ҳамда мустақил тайёрланиши учун етарлича хоналар ташкил қилинган. 2018-2019 ўқyв йили учун қабул қилинган талабаларни тўлақонли қамраб олиш учун 3 қават етарли бўлди.

Биринчи босқич талабаларига ўтилаётган дарслар бўйича барча ўқyв адабиётлар (китоб ва электрон шаклларида) мавжуд. Бугунги кунда, институтнинг икки қаватдан иборат булган АРМда талабалар учун барча шароитлар яратилган. Компьютерлар сони белгиланган меъёрларига тулиқ жавоб беради.

2. Институтда бугунги кунда 12 нафар кореялик мутахассислар фаолият юритиб келмокда. Биринчи ўқyв йилида, яъни Foundation босқичида, асосий дарслар маҳаллий кадрлар (уларнинг аксарияти хорижий давлатларнинг Англия, Германия, Чехия, Жанубий Корея, АҚШ, Австралия ва Латвия нуфузли олий ўқyв юртлари битирувчиларидир) томонидан олиб борилмоқда.

Ташкил этилган дарс жараёнида талабалар ўртасида муайян ўтилаётган фан масалалари бўйича ўзаро баҳс, мунозаралар ва фикр алмашишлар юзага келиши мумкин. Мазкур жараёнларда табиий ҳолда аудиторияларда "шовқин" юзага келиш мумкин.

Корея Республикасининг таълим жараёни талабларига асосан дарс жараёни 50 дақиқадан иборат. Профессор-ўқитувчиларнинг дарс жараёнини малакали тарзда ташкил этишларини таъминлаш мақсадида Корея Республикасининг профессор-ўқитувчилари томонидан доимий назоратга олинган.

3. Сиз томонингиздан қайд этилган "керакли баллни тўплай олмаган талаба ҳар бир фанга яна 800 минг сўмдан қўшимча тўлаш"и ҳақидаги маълумот асоссиз эканлигини маълум қиламиз. Шунингдек, хатда келтирилган "70 фоиздан ортиқ талаба керакли балларни тўплай олмаслиги мумкин" зайлида ёзилган эҳтимолни вақт кўрсатади. Институтда таҳсил олаётган ҳap бир талаба исталган шаклдаги ахборот ва маълумотларни институт раҳбариятига бевосита мурожаат қилган ҳолда олиш имкониятлари мавжуд.

4. Институтда корейс тилини ўқитишга қаратилган дарслар ҳафта давомида 5 маротаба ҳар бир гypyҳда ташкил этилган. Бундан ташқари, институтда Корея маданияти маркази ташкил этилган. "Корея маданияти маркази" мутахассислари бевосита Корея Республикасидан жалб қилинган бўлиб, хоҳловчи талабалар учун дафтасига 3 маротаба қўшимча бепул машғулотлар ташкил этилмоқда.

Хатингизда келтирилган "қўшимча равишда 300 минг сўмдан қўшимча дарслар ташкил қилинган" зайлидаги бандда келтирилган маълумот асоссиз эканлигини қайд этган ҳолда, мазкур қўшимча дарслар, фақатгина, абитуриентлар учун ташкил қилинганлигини маълум қиламиз.

5. Институтнинг расмий ижтимоий саҳифаларидан бири бўлган Телеграм саҳифасида доимий равишда талабалар ўртасида сўровномалар олиб борилади. Сўровномалардан асосий кўзланган мақсад - институт ўқув ҳамда ижтимоий ҳаётида юзага келиши мумкин бўлган турли даражадаги масалаларни аниқлаш ва уларнинг олдини олиш ҳисобланади. Ўтказилган сўровнома натижалари бўйича институт раҳбарияти бевосита, доимий равишда танишиб боради ҳамда зарурий чоралар кўради.

Талабаларнинг бошқа олий ўқyв юртларига ўқишларини кўчириши бўйича маълумотлар мавжуд эмас. Бошқа олий ўқyв юртларига кўчириш масаласи талабанинг ўз хоҳишларига мувофиқ, тегишли меъёрий ҳужжатларига асосан амалга оширилиши мумкин.

6. Кириш имтиҳонлари жараёнида ташкил этилган тест синовлари учун саволлар даражаси мамлакатимиздаги мактаб, академик лицей ҳамда касб-хунар коллежлари ўқув-дастурлари асосида ишлаб чиқилган.

7. Ҳар бир фан доирасида ўтказилган имтиҳон натижалари ҳар бир талаба ёки унинг ота-онасига етказилади. Институтда ҳар бир жараён очиқ ҳамда ошкора олиб борилади."

Тошкентда ўқишга киролмаган Жамшид Москвада талаба

"СНБ назоратчилари"ни танқид қилган талаба қиз

Бош вазир талаба ва ўқитувчиларни пахтадан қайтаришга "буйруқ берган"

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.