Мирзиёев виртуал қабулхонаси иш беряптими?

Ўзбекистон тарихида мисли кўрилмаган Президент виртуал идораси Шавкат Мирзиёев ҳали Бош вазир даврида очилган, ва у президентликка сайланиши ортидан Президент виртуал қабулхонасига айлантирилганди.

Мақсад ҳар бир кишига Ўзбекистон давлат раҳбарига ўз ариза, таклиф ёки шикоятини юборишни осонлаштириш, йиллар оша давлат раҳбарлари ва халқ ўртасида пайдо бўлган кенг жарликни қисқартириб, халқ билан мулоқотни ошириш эди.

Икки йилдан ошиқ давр ичида, виртуал қабулхонага 2 ярим миллиондан ошиқ мурожаат келиб тушган, сайтда янгиланиб турадиган бу кўрсаткичга қаралса, 50 мингдан ошиқ мурожаатдан ташқари деярли ҳаммаси кўриб чиқилган.

Мурожаатларнинг барчасини президент шахсан ўзи кўриб чиқишига жисмонан имкони йўқ, лекин кўплаб идоралар бунга жалб этилган ва кейинроқ ҳатто жойларда Халқ қабулхоналари ташкил қилинди.

Бутун Ўзбекистон бўйлаб, 12 та вилоят, Қорақалпоғистон республикаси ва Тошкент шаҳрида камида 10 тадан шундай қабулхоналар очилган. Тошкент вилоятидаги бир тумандан келган маълумотга кўра, халқ қабулхоналари ходимлари ҳозирда ҳатто уйма-уй юриб, мурожаатларни йиғишмоқда.

Баъзиларнинг арз қилишича, уларга автоматик жавобга ўхшаган мактублар жўнатилган, энг самарасиз бир тарзда уларнинг шикоятлари улар устидан арз қилган маҳаллий прокуратура ёки маҳаллий ҳокимиятларга йўлланган. Маҳаллий ҳокимиятларнинг эса ўз устидан текширув олиб боришга унча иштиёқлари йўқ.

Бизга ёзган кўпгина одамларнинг фикрича виртуал қабулхонанинг нуфузи тушиб кетди.

30 январ, чоршанба куни BBCUZBEK.COM нинг YouTube даги каналида ўтказилган жонли дастурда виртуал қабулхона қандай ишлаётгани тўғрисидаги саволга жавоб олишга ҳаракат қилдик.

Унда Президент виртуал қабулхонасига 400 мартадан ортиқ мурожаат қилган каттақўрғонлик Омон Абдуллаев ва Навоийдан инсон ҳуқуқлари фаоли, журналист Дилдора Боймуродова иштирок этди.

Дастурни Ибрат Сафо олиб борди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи President.uz

Омон Абдуллаевнинг айтишича, вояга етмаган болалари билан кўчада қолиб кетган. Сабаби у қайнотасининг номида бўлган уйда яшаган, қайнотасининг жинояти ортидан эса уй суд ҳукми билан тортиб олинган.

Омон Абдуллаев даъво қилишича, уйни тортиб олиш жараёнида суд ижрочилари унинг уйидаги пулларини ҳам ўғирлашган.

Президент Мирзиёев ўзининг виртуал қабулхона очиш ғоясига қаршиликлар бўлгани ҳақида 2017 йил июнидаги чиқишида гапирганди.

30 йилдан бери Тошкент шаҳрига прописка қўя олмай сарсон бўлиб юрган Малоҳат Эшонқулова Президент виртуал қабулхонаси орқали муаммосини бир кунда ҳал қилган.

Ҳуқуқ фаоли шунингдек, 24 ёшли қизи Зарнигор Алимбековага чиқиш визаси берилмаётгани учун Ички ишлар вазирлиги билан судлашганди. Иш ҳатто Олий судгача етиб борган бўлса-да, унинг қизи ОВИР стикерини ололмаётган эди. Бу ҳам ҳал бўлган.

Камида 70 марта виртуал қабулхонага мурожаат қилганини айтган Тўлқин Йўлдошев шундай дейди: Ўз номи билан виртуал, мурожаат хам виртуал хал этиляпти, янги ғоя асосида "онангга бор отангга бор", ёки "қиламиз, бажарамиз, озгина колди бўляпти" шу тариқа 25 йил ўтиши аниқ".

Зафар Хакимов ёзади: "оддий йўл ҳаракати ходисаси бўйича мурожот қилувдик гаи ходимларига кучи йетмади виртуал қабулхонани"

Абдумурод Тургун: Ман узим 3 марта мурожат килдим...2 марта ёзма равишда, 1марта телефон оркали.Ёрдам берамиз деб конгирок келди аммо ёрдамдан дарак булмади.

Hannah English ёзади: Шахсан мани муаммойимни хал килиб беришган. Овир буйича эди, балки катта муаммо булмагани учун тез хал булгандир.

Адхам Акбаралиевич Юсупов: Мени ушбу мурожатим бўйича Президент виртуал порталига 35 марта ёздим ёрдам беринг деб лекин Мансабдорлар мурожатимни отписка қилишяпти", дея бизга Аризаси нусхасини ҳам юборган. Унда у Бекобод шаҳар Дехқон бозорида ўз бизнесига қарши жиноят содир қилинганини даъво қилади. Ва ўзига бозор маъмурияти таҳдид қилганини айтади.

Мансур Тўхтасинов ёзади: Мен ёзган аризам 3 кунда ижобий ҳал бўлди. 3 ойлик нафақа пули бўйича почта устидан ёзилган ариза эди."

Зухра Насритдинова ёзади. Ман президентни ишонч телефонни орқали ҳам виртуал кабулхонасига 15 мартадан зиёд мурожат қилганман. Ижобий кўриб чиқилмайди. Савияси паст, малакаси йўқ, у ерда мутахассислар ишламайди. Аризангизни мазмунини тушунишмайди ҳаттоки.." дейди у.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek