Ўзбекистон: ДХХ раҳбариятида ўзгариш - Абдуллаев кетдими, кетказилдими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Gazeta.uz
Image caption Ихтиёр Абдуллаев 2018 йил 31 январида МХХ раиси лавозимига тайинланганди

Президент Шавкат Мирзиёев генерал Ихтиёр Абдуллаевни Давлат Хавфсизлик Хизмати раиси лавозимидан озод этган ва ўрнига собиқ мудофаа вазири Абдусалам Азизовни тайинлаган.

Бу ҳақдаги Президент фармонида Ихтиёр Абдуллаев "соғлиги туфайли ўз аризасига биноан" лавозимдан озод этилгани таъкидланади.

Ўзбекистон тарихида биринчи марта Президент фармонида мулозимнинг соғлиги ёмонлашганига доир тафсилот берилган.

Рустам Иноятов МХХ раислигидан олинди

Президент Мирзиёев МХХ қароргоҳига кириб борди

Иноятов Президент маслаҳатчиси этиб тайинланди

"Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Раиси лавозимида ишлаб келган Абдуллаев Ихтиёр Бахтиёрович соғлиги ёмонлашгани туфайли ўз аризасига биноан (кейинги бир йилда бўйин ва бел умуртқа поғонасида икки марта оғир жарроҳлик амалиётини ўтказган, шунингдек, кўзида ҳам операция бўлган) лавозимидан озод этилди. соғлиги ёмонлашгани туфайли ўз аризасига биноан (кейинги бир йилда бўйин ва бел умуртқа поғонасида икки марта оғир жарроҳлик амалиётини ўтказган) лавозимидан озод этилди", - дейилади president.uz сайтида эълон қилинган фармонда.

Мирзиёев бир вақтнинг ўзида генерал-майор Курбанов Баҳодир Низамовични Мудофаа вазири лавозимига тайинлаган.

Курбанов ҳам ўтмишдоши Азизов сингари ички ишлардан чиққан, муқаддам Ички ишлар вазири ўринбосари ҳамда Тошкент шаҳар ИИБ бошлиғи лавозимларида ишлаган.

Бу 59 ёшли Абдусалам Азизовнинг охирги икки йил ичида учинчи лавозимидир.

52 ёшли Ихтиёр Абдуллаевнинг кейинга тақдири маълум эмас.

У ўтган йил 29 мартда Сенатдаги чиқишида мамлакатни "шубҳали инвесторлар"дан огоҳлантирган ва 1990-йилларда фаолият олиб борган мухолифат гуруҳларини "қора кучлар" деб атаганди.

Фуқаро жамияти фаоллари Абдуллаевни Президент Мирзиёев бошлаган ислоҳотларга "қарши чиқиш"да айблашган.

Кетдими, кетказилдими?

Ихтиёр Абдуллаев 2018 йил 31 январида МХХ раиси лавозимига тайинланган, шу йилнинг 14 мартида ташкилот ДХХ деб қайта ташкил этилганди.

Абдуллаевнинг тайинланиши 22 йил мобайнида махсус хизматларни бошқарган ва ҳокимият ўзгаришида муҳим рол ўйнагани айтилган генерал Рустам Иноятовнинг шов-шувли истеъфоси манзарасида юз берган.

Президент Мирзиёев МХХдаги қонунсизликларни танқид қилган, унинг айрим собиқ раҳбарларини "давлатга хиёнат"да айблаганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Screenshot
Image caption Ўтган йил бошида Мирзиёев МХХда туб ислоҳотлар ўтказилишини айтганди

У махсус хизматлар тубдан ислоҳ қилиниши, уларнинг ҳокимият идоралари фаолияти, тадбиркорлик ва жамият ҳаётига ноқонуний аралашувларига чек қўйилиши, парламент ДХХни назорат қилиши ва ўзаро тийиб туриш механизми ишга туширилишини айтганди.

Аммо ўтган бир йил мобайнида ДХХ тизимида кадрлар ўзгаришидан бошқа жиддий тузилмавий ўзгаришлар юз берганини кўрсатувчи далиллар йўқ.

Қайтага, ДХХнинг кўпгина соҳалар устидан назорати ҳануз сақланиб қолаётганига доир ишораларни кўриш мумкин.

Ихтиёр Абдуллаевнинг истеъфоси ўтган ой унинг собиқ ўринбосари Жаҳонгир Эгамов ҳибсга олингани ҳақида пайдо бўлган ва тасдиқланмаган хабарлар манзарасида юз берган.

Мустақил Eltuz.com нашри ўз манбаъларига таяниб, Ихтиёт Абдуллаевга Бош прокурорлик лавозимида ҳам муовинлик қилган Эгамов "президент оиласи орқасидан кузатув" ўрнатгани боис ишдан четлатилгани ва ҳибсга олингани ҳақида ёзганди.

Ўтган ой охирида Ўзбекистон ҳукуматининг юқори мартабали мулозими Би-би-си билан микрофонсиз суҳбатда Эгамовнинг ишдан олинганини тасдиқлаган, аммо унга нисбатан жиноий тергов ҳаракатлари олиб борилмаётганини айтган.

Ўтган ҳафта эса Эгамов ўрнига 71 ёшли генерал Ботир Турсунов тайинлангани ҳақида хабарлар пайдо бўлган.

Турсунов муқаддам ИИВ Терроризмга қарши кураш бошқармасига раҳбарлик қилган ва Мирзиёев ҳокимиятга келиши ортидан янги ташкил этилган Миллий гвардия бошлиғи ўринбосари лавозимига тайинланганди.

ДХХ раҳбариятидаги ўзгаришлар Абдусалам Азизовнинг Америка Қўшма Штатларига сафари ортидан юз берган.

Ўтган ҳафта Азизов мудофаа вазири мақомида АҚШдаги ўзбек-америка қўшма ҳарбий машқларини кузатган ва Қўшма Штатлар ҳарбий раҳбарияти билан музокаралар олиб олиб борганди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek