Ўзбекистон: "Ёмон хабар берсангиз, инвестор келмайди" - Тошкент ҳокими

Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев журналистлардан салбий хабарларни тарқатмасликни сўради.

Унинг айтишича, ёмон хабарлар инвесторларни чўчитади.

Ҳоким бу сўзларини Юнусобод-Сити ва Мирзо Улуғбек-Сити лойиҳаси тақдимотида айтган.

"Агар пиар мақолалар ёмон бўлса, биттаям инвестор келмайди. Агар журналистлар одамлар эскисига қараганда яхшироқ жойларга кўчирилаётганини кўрсатишса, унда инвесторлар келади", деб айтган Ортиқхўжаев журналистлар қуршовида қолар экан.

Ҳокимга кўра, инвесторлар келиши масаласи фақат журналистларга боғлиқ.

Аввалроқ, ҳоким Ташкент-Сити қурилиши учун 700 инвестор билан учрашгани, аммо улар рози бўлишмаганини айтганди.

Айни дамда, шаҳар бўйлаб ўз уйларидан қисқа огоҳлантириш билан мажбуран кўчирилаётган одамлар ҳикоялари кўпаймоқда.

Уларнинг баъзилари янги уйлари қиймат жиҳатидан мутаносиб эмаслиги, ёки янги уйлар ҳали қурилмагани туфайли ижарада туришганини ёзишмоқда.

Айни масала билаш шуғулланган тошкентлик блогер Умид Ғофуровнинг ёзишича, ўз уйи бузилиши ортидан эвазига яхши уй олган биронта кишини учратмаган.

"Агар бундай одамни менга кўрсатсангиз, мен сизга норози бўлган мингтасини кўрсатаман. Уларнинг баъзилари ҳатто боридан айрилган," - дейди у.

Тошкент шаҳридан аҳоли кўчириб чиқарилиб, кўплаб Ситилар, яъни бизнес марказлар ким учун қурилаётгани ноаниқ.

Бу янги бизнес марказларни ким эгаллаши, у ердаги офисларда қандай компаниялар жойлашишини ҳеч ким билмайди.

Агар 700 инвестор ҳокимга йўқ деб жавоб берган бўлса, унда хорижий компаниялар ҳам бу ердан офис олиши даргумон, дейди журналистлар.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев Tashkent City бўйича бор ҳақиқатни айтдими?

Мирзиёев мақтаманг деса, Ортиқхўжаев мақтанг дейдими?

Би-би-си тергови: Бузилаётган уйлар бўйича Тошкент ҳокимлиги жавоб берди

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek