Ўзбекистон: бир аёлга нечта эркак тўғри келади?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Аёлларга муносабатни ўзгартирайлик...

Кўпчилигимиз «дунёда аёллар миқдори кўп, битта эркакка мана шунча аёл тўғри келар экан» деганга ўхшаган гапларни эшитганмиз. Шу гапга ишонибми ёки бошқа стериотиплардан келиб чиқибми аёлларга нисбатан, айтиш мумкин бўлса, иккинчи даражада деб қараймиз (бу жуда ёмон ҳолат!). Аслида дунё бўйича аёллар ва эркакларнинг нисбати қандай? Ўзбекистонда бу масалада нима гаплар?

Умумий ҳолда айтиш мумкин, дунё бўйича эркаклар сони аёлларникидан кўп! Келинг, гапни биология тили билан тушунтириб кўрай. Айрим жинсли организмларда (одам ҳам айрим жинсли организм) Фишер тамойилига кўра қоида бўйича жинслар нисбати 1:1 га тенг бўлади. Лекин амалда ўғил ва қиз чақалоқларнинг туғилиш нисбати жуда оз нисбатларда фарқ қилади. АҚШ Марказий разведка бошқармаси (МРБ) нинг 2014-йилги маълумотига кўра бутун дунё бўйича туғилиш кўрсаткичи бўйича 100 та қиз болага 107 та ўғил бола тўғри келган. 2017-йилда бутун дунёда 100 та аёлга 102 та эркак тўғри келиши қайд этилган.

Ушбу рақамларни давлатлар кесимида кўрилса янада юқори кўрсаткичлар келиб чиқишига гувоҳ бўлиш мумкин. Масалан, Хитойда ўтган асрда «Бир оила - бир фарзанд» демографик сиёсати сабаб ўғил ва қиз болаларнинг сони орасида сезиларли даражада тафовут юзага келган. Жумладан, ушбу давлатда 100 та қиз бола чақалоққа 115 та ўғил бола чақалоқ тўғри келган (!) ва бу дунёдаги энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Ҳиндистонда бу кўрсаткич 100:112, Арманистонда 100:113, Ветнам ва Озарбайжонда 100:111, Албанияда 100:110 ни ташкил этади.

Ўзбекистонда эса 100 та қиз бола чақалоққа 106 та ўғил бола чақалоқ тўғри келади. 2016 йилги маълумотга кўра бутун дунёда Қозоғистонни ҳисобга олмаганда (Қозоғистонда шу йили 100 та қиз бола чақалоққа 94 та ўғил бола чақалоқ тўғри келган) барча давлатларда ўғил бола чақалоқлар қиз бола чақалоқларга нисбатан кўп туғилган.

Ана энди Халқаро манбалар тарқатган хабарлардан ўзимизнинг миллий - Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси тарқатган хабарга кўз тутамиз, унга кўра 2017 йилда бутун Республикасида 715 519 та чақалоқ туғилган бўлиб, 100 та қиз болага 108,5 та ўғил бола тўғри келган. Ёш давомида ўзгариб борадиган жинслар нисбатига эътибор берадиган бўлсак ҳам Ўзбекистонда аёллар ва эркаклар ўртасида кескин тавофутни учратмаймиз. Жумаладан, 0-14 ёш оралиғида 100 та қизга 105 та ўғил бола, 15-24 ёш оралиғида эса 103 та, 25-54 ёш оралиғида эса 99 та, 55-64 ёш оралиғида 90 ва 65 ёшдан катта ёшлилар орасида 74 та эркак тўғри келишини кўриш мумкин.

Юқоридаги кичик таҳлилдан келиб чиқиб айтиш мумкинки, жамиятда аёллар эркакларга нисбатан кўпайиб кетгани йўқ, кўча тили билан айтганда дарахтни тепсангиз қиз ёғилмайди. Хитой ва Ҳиндистон каби аҳолиси Ер шари аҳолисининг 35 фоизини ташкил этувчи мамлакатларда умумий ҳолда эркаклар сони аёлларникидан кўп. Хитойлик мутахассисларнинг фикрича 2030-йилга бориб Хитойда 30 млн ортиқча балоғатга етган эркак киши бўлар экан. Бу эса ўз навбатида жуда кўплаб ижтимоий ва демографик муаммоларни келтириб чиқаради. Шу боис Хитой ҳукумати «Бир оила - бир фарзанд» сиёсатидан чекинишни маъқул кўрди.

Хулоса шуки, аёлларга нисбатан мияда қотиб қолган стериотипларни ўзгартириш вақти келди. Хулоса ўзингиздан...

Аёллар: Енгилоёқ эмасмиз, бизга бундай қараманг

Аёлларнинг узоқ умр кечириш сабаби гендами?