Ўзбекистон ва дунё: Турк сериаллари ўзбек қизларини бузадими?

Ижтимоий тармоқлардаги босимлардан сўнг Ўзбекистондаги ZO'R TV канали Туркияда суратга олинган "Ҳовли" сериали намойишини 22.30 га кўчирди. Ўзбекистонда сериаллар борасида иккинчи маротаба кўтарилган баҳсу мунозараларда томонлар яна иккига бўлинган.

Бир томонга кўра, Турк сериаллари томошабинларнинг аҳлоқини бузишга хизмат қиляпти. Уларни тақиқлаш керак ёки муқобилини чиқариш керак.

Иккинчи томоннинг фикрига кўра, бу серилларни тақиқламаслик керак.

13 февраль чоршанба BBCUZBEK.COM YouTube даги каналида жонли дастурда ана шу мавзу кўтарилди.

Унда журналист, аний дамда Туркияда истиқомат қилаётган блогер Санжар Саид ҳамда UzAnalytics халқаро лойиҳалар муҳаррири. Лондондан Зайнаб Муҳаммад Дўст қатнашди.

Дастурни Рустам Қобил олиб борди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images/Facebook

Санжар Саидга кўра, муҳит ва бошқа ижтимоий-иқтисодий омиллар ҳам борки, сериаллар бевосита ёки билвосита одамлар онгига таъсир кўрсатиши мумкинлигини рад этиб бўлмайди.

"Биринчи ва энг асосий омил - моддий, иқтисодий муаммолар. Ўзбекистон аҳолисининг катта қисми (бўлиб ҳам асосий вақтини сериал кўришга сарфлайдиган одамлар) даромади ўртачадан паст. Бор-йўғи 1 фоиз аҳолининг ойлик даромади 1,6 млн сўмдан юқорини ташкил этади (ЮНИСЕФ), 10 фоизга яқин аҳоли тўйиб овқатланмайди (Жаҳон банки)", дейди у.

Блогернинг таъкидлашича, Ўзбекистонда ота-оналар рўзғор ва еб-ичиш дардидан ортиб болаларига етарлича вақт ажратолмайди; уларни сериаллар ёки бошқа ташқи таъсирлардан ҳимоя қилиш қуроллари ва усулларига эга эмас; болалари учун муқобил таклифларни илгари сура олмайди.

"Сериални танқид қилаётган юртдошларимизнинг, айниқса, "ZO'R-TV"га телефон қилиб, муҳаррир билан бўлган суҳбатни диктофонга ёзиб олиб, ижтимоий тармоқларга қўйган жасоратли фуқароларнинг кўзларига нега фақат аёлларнинг бузуқлигию маънавиятсизлиги кўрингани менга қоронғу", деб ёзади журналист Бобомурод Абдулла.

Унинг эътиборини Туркия қамоқхоналаридаги маҳкумаларнинг шарт-шароит тортган.

"Шунчалик жасоратли экансизлар, миллат ва унинг маънавияти ҳақида жон куйдираётган экансизлар, нега Омбудсманга, Олий Мажлисга, президент маъмуриятига телефон қилиб, "Бизнинг қамоқхоналарда қачон шундай шароит ва ҳуқуқлар таъминланади?" - деб сўрамайсизлар, талаб қилмайсизлар?", дейди у.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek