Ўзбекистон ва дунё: Камбағалга пул бер-да, кейин кўр...

Моддий ёрдам Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Финляндия икки йил давомида молиявий аҳволи оғир ва ишсиз фуқароларнинг ўзини ўнглаб олиши учун моддий кўмак беришни тажриба қилиб кўрди. Бироқ ёрдам олган фуқаролар иш топиб, ҳаётини яхшилаш ўрнига шунчаки боқимандага айланиб қолдилар, демоқда тадқиқотчилар.

2017 йил январь ойидан 2018 йил декабрига қадар 2,000 нафар ишсиз финлар уй ижара ҳақини тўлаш учун 560 евро ($634)га тенг ойлик моддий ёрдам олиб келдилар.

Мазкур тажрибадан мақсад ойлик моддий ёрдамнинг фуқароларнинг иш топиш ва ҳаётини ўнглашга ундаши ёки йўқлигини аниқлашдан иборат эди.

Тажриба муаллифлари, агар ишсиз ва қашшоқ одамнинг ойлик чиқимлари қоплаб берилса, унда яхши яшаш ва ишлашга бўлган интилиш кучайишидан умид қилган эдилар.

Тажрибада иштирок этган фуқаролар иш топишни ҳаёлига келтирмаган бўлса ҳам, янада бахтлироқ бўлганини маълум қилган.

Финляндия айнан ишсизларга эътибор қаратилган бундай тажрибани синаб кўрган Европадаги биринчи давлатга айланган. Тажриба давлатга тегишли Ижтимоий Суғурта Институти (Кела) томонидан амалга оширилган ва унга тасодифий асосда танлаб олинган 2,000 нафар ишсиз ва моддий аҳволи оғир фуқаро жалб этилган.

Тажриба илк кезларида ўзига халқаро жамоатчилик эътиборини қаратган эди. Бироқ ҳозирда тадқиқот муаллифлари қувонарли натижаларга эришмаганларини маълум қилмоқда.

Ўзбекистонда энг кам иш ҳақи 24 доллар бўлади, бой ва камбағаллар ўртасидаги фарқ кескинлашган

Ўзбекистон: Тошкентликлар ишёқмас, шубҳали инвесторлар билан ишим йўқ - Тошкент ҳокими

"Яна қимматлашиш, лекин Ўзбекистон нархларни эркинлаштириши лозим"

Бундай тажриба фақат Финляндияда ўтказилганми?

Аксар ривожланган давлатлар фуқароларнинг ойлик даромадидан сарфланадиган чиқимларни турли йўллар билан қисман қоплаб берувчи ижтимоий ёрдамлар тизимини қўллайди.

Масалан, соғлиқни сақлаш, транспорт ва таълим хизматлари учун тўловларда имтиёзлар бериш ёки уларнинг буткул бепул бўлиши шулар жумласидандир.

Бироқ Финляндия қўллаган тажрибада айнан ишсизларга эътибор қаратилган. Уларнинг ўртача ойлик харажатларини деярли тўлиқ қоплаб бериш орқали ижтимоий фаолликка таъсир кўрсатишга ҳаракат қилинган.

Ижтимоий кўмакнинг бундай усули тўғрисида Томас Мур бундан 503 йил муқаддам ўзининг «Утопия» асарида илк бор батафсил баён қилган эди.

Ҳозирда Финляндия тажрибасига ўхшаш схемалар бутун дунёда синаб кўрилмоқда. Кения ғарбидаги бир қишлоқда истиқомат қилувчи вояга етган фуқароларга 12 йил давомида ҳар ой $22 миқдорида моддий кўмак кўрсатувчи синов ишга тушган. Ушбу тажриба 2028 йилга қадар давом этиши режалаштирилган.

Италия ҳукумати ҳам ўхшаш тажрибани жорий қилиш устида иш олиб бормоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Финландия ҳукумати тажриба учун икки мингга яқин ишсизни танлаб оларкан, уларни саралаб ўтирмаганди.

Бу каби тажрибалардан мақсад нима?

Фуқароларни ойлик асосий даромад билан таъминлаш ғояси тарафдорларининг ишонишича, бундай ижтимоий кўмаклар одамларнинг қашшоқликдан чиқиб олишига имкон беради, ойлик харажатлари қопланган шахсда турмуш тарзини яхшилаб, иш топиш ёки янги касб-ҳунарларни ўзлаштиришга иштиёқ пайдо бўлади.

Кела институти тадқиқотчиларидан бири бўлмиш Миска Симанайнен Финляндияда қўл урилган тажриба муаллифларидан бири. У Би-би-сига фин ҳукумати айни усул билан «ижтимоий ҳимоя тизимини ислоҳ қилиш» мумкинлиги ёки йўқлигини билишга уриниб кўрганини маълум қилди.

Хўш, тажриба иш бердими?

Ҳукуматдан ойлик моддий кўмак олган финляндияликлар, кўзланганидек, иш топа олдими?

Бу саволнинг жавоби «иш» тушунчасининг қандай таърифланишига боғлиқ, дейди тадқиқотчилар.

Агар «иш» деганда, меҳнат фаолияти орқали турмуш шароитини ўнглашга уриниш назарда тутилаётган бўлса, у ҳолда тажриба муваффақиятсизликка учради.

Жаноб Симанайненнинг айтишича, тажрибада иштирок этган баъзи одамлар иш топа олган, аммо уларнинг меҳнат самарадорлиги бошқа оддий фуқароларникидек қониқарли даражада бўлмаган.

Ҳозирда тадқиқотчилар бундай ҳолат сабабларини ўрганиш билан банд. Тажриба юзасидан якуний хулосалар 2020 йилда эълон қилиниши режалаштирилган.

Ижтимоий-моддий ёрдам фуқароларни иш топишга рағбатлантирмаган бўлсада, тажрибада қатнашганларнинг аксарияти ҳаёти бахтлироқ кеча бошлагани ва ўзидаги тушкунлик даражаси кескин пасайганини маълум қилган.

Иштирокчилардан бири Би-би-сига шундай дейди: «Ҳали ҳам ишсизман. Кўрсатилган ёрдам ҳаётимни буткул ўзгартириб юборди, дея олмайман. Руҳий томондан анча енгил тортдим, лекин молиявий аҳволим ҳали ҳам ўша-ўша.»

Ижтимоий ёрдам нега салбий натижаларга олиб келиши мумкин?

Иқтисодчилар, айниқса, сиёсатчилар фуқароларни ойлик асосий даромад билан таъминлаш ғоясини камдан-кам ҳолларда қўллаб-қувватлайди.

Кўплаб мутахассисларнинг изоҳлашича, бундай кўмаклар орқали одамларнинг шахсий бойлик ва истеъмолчилик қуввати даражасини оширишга куч берилади. Оқибатда, компаниялар истеъмолчилар эҳтиёжидан анча ортиқ маҳсулотлар ишлаб чиқаришга зўр бериб, ресурсларни аёвсиз сарфлашни кучайтиради.

Иқтисодчи Грейс Блекли мавжуд иқтисодий тизимларни тубдан ислоҳ қилмай туриб кўрсатилган бундай ёрдамларни «ёриқларни суваб қўйиш»га қиёслайди.

Бундан ташқари мутахассислар ижтимоий кўмакларнинг давлат учун қимматга тушиши, одамлардаги боқимандалик кайфиятини кескин ошириши ва ижтимоий-иқтисодий фаолликни сусайтириб, иқтисодиётга ўнглаб бўлмас зарар етказишини таъкидлайди.

Маълумот ўрнида: айни дамда Финляндияда яшаётган 5,5 миллион фуқаронинг 8,1 фоизи ишсиз. Ҳукумат икки йил давомида 2,000 нафар фуқаронинг ойлик асосий даромади ($634)ни қоплаб бериш йўлида 20 миллион евро ($22.5 миллион) маблағ сарфлаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ