Ўзбекистон ва Россия: Мирзиёев Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига қайтадими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Mikhail Svetlov

Россия томонининг яна бир бор баён қилишича, минтақада ИШИД хавфи нафақат сақланиб қолмоқда, балки янада кучайиб бораётир.

Бу ўзлари, МДҲдаги иттифоқчилари ва айниқса, Марказий Осиё давлатлари учун жиддий таҳдиддир.

Айни мазмундаги баёнот билан бу гал Россия Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили чиққан.

Замир Кабулов ўзининг сўзларида янада узоқроққа кетган.

Бу таҳдидни муносиб қарши олиш учун Марказий Осиёдаги иттифоқчилари билан шай туришларини ҳам айтган.

Бирор чора кўрар, деб, америкаликларни кутиб туришга вақтлари йўқлигини алоҳида қайд этган.

Вакилга кўра, Афғонистонда ИШИДнинг ҳозирлиги кенгайиб бормоқда.

Ва бу Афғонистоннинг Марказий Осиё минтақасига бевосита чегарадош шимолий вилоятларини ҳам кўзда тутади.

Замир Кабулов бу ҳақда ўзининг куни-кеча Россиянинг Sputniknews.ru интернет нашрига берган суҳбатида тўхталиб ўтган.

У бу вилоятлардаги ИШИД жангариларининг сонини, айрим ҳисоб-китобларга таяниб, 3 мингга нисбат берган.

ИШИД ўз сафларини собиқ толиблар ва Яқин Шарқдан қайтаётган жангарилар ҳисобидан тўлдираётганини айтган.

Гуруҳ тайёргарлик жамлоқлари, хизматга ёллаш марказларини ташкил қилаётганини иддао қилган.

Бу каби жамлоқларда Марказий осиёлик жангарилар ҳам тайёргарликдан ўтишларини айтган.

Замир Кабуловга кўра, ИШИД Марказий Осиёда кенгайиш учун Афғонистон шимолини ўзи учун плацдармга айлантирмоқчи, деган ўйдалар.

Эслатиб ўтиш жоиз, яқинда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳам худди шу ҳақда баён қилганди.

Ўзбекистон, Россия ва АҚШ: Ўзбекистон яна Россия таъсирига тушадими?

Ўзбекистон - Россия: Ўзбекистон фуқаролари таҳдидми?

Россия Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев номини ишга солиб, Спутник орқали ясама Facebook саҳифаси очган

Такрорий баёнотлар

Бу президент Путин махсус вакили ва Россия томонининг илк бор айни мазмундаги баёнот билан чиқиши эмас.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, қанчалик "хавотирли" мазмунда бўлмасин, уларнинг бу каби расмий ва ошкора изҳоротлари экспертлар томонидан ҳеч қачон бир хилда қарши олинмаган.

Айрим экспертлар эса, бугун ИШИД таҳдидини "кучайтириш" билан Россия Ўзбекистонни яна Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига тортмоқчи, деган фикрда.

Аммо, бошқа томондан, шу кунларда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги махсус кучларининг Афғонистонга бевосита чегарадош Сурхондарё вилоятида аксилтеррор машқларини ўтказишганига оид хабарлар ҳам олинган.

Бу каби хабарлар минтақавий матбуотда бу яқин йиллар ичида кузатилмагани ҳам бор гап.

Бошқа томондан, воқеаларнинг сўнгги ривожи АҚШ Афғонистон Толибон ҳаракати билан жадал музокараларга киришган бир пайтга тўғри келган.

"Афғонлараро илк мулоқот"га мезбонлик қилиш билан Москва ҳам бу жараёндан четда қолмаслик истагини яна бир бор ошкора баён қилган бир манзарада кузатилган.

Бу каби мулоқотлар эса, ва ниҳоят 17 йиллик афғон уруши якун топиши мумкин, деган умидларни пайдо қилган қўймаганди.

Шундай экан буларнинг барчаси нималарга далолат қилади?

Би-би-си Ўзбек Хизмати худди ана шундай савол билан Қозоғистондан етакчи минтақавий таҳлилчи Досим Сатпаевга мурожаат қилди:

Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook

Досим Сатпаев: Афғонистондаги ИШИД тарафдорларининг аниқ сони ҳануз маълум эмас. Бу борадаги рақамлар турлича. Дейлик, расмий Кобул уларнинг сонини икки мингга яқин дейди. Уларнинг катта қисми айнан Афғонистон шимолига тўғри келиши айтилади. Афғонистоннинг бу минтақалари аксарият Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош. Шундай экан, бу муаммо биз учун ҳақиқатан ҳам долзарб. Чунки Сурия ва Ироқда ИШИД сафларида жанг қилган жангариларнинг муайян қисми Афғонистонга ўтишган. Ҳозир бу ҳақда ҳамма айтаяпти. Америкаликлар ҳам, россияликлар ҳам, Марказий Осиё давлатлари хавфсизлик хизматлари ҳам. Бошқа томондан, шуни ҳам таъкидлаб ўтиш керакки, ИШИД муаммосини ихоталанган ҳолда ечиб бўлмайди. Бунинг учун барча масъул тизимларнинг комплекс, мувофиқлашган ёндашуви тақазо этилади. Бу ҳалиям Афғонистонда ҳозир бўлган америкаликларни ҳам кўзда тутади. Бундан ташқари, ИШИДнинг толиблардан кам хавф эмаслигини яхши англаб турган афғон раҳбариятини ҳам. Айни ўринда яна бир муҳим нуқтани назардан қочирмаслик лозим. Ҳатто Афғонистоннинг ўзида ҳам ИШИДнинг жиддий рақиби бор. Бу рақиб яна ўша Афғонистон Толибон ҳаракатининг ўзи бўлади. Ҳаракат сўнгги йилларда ИШИдга қарши фаол жанг олиб бориб келади. Худди шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон ҳам, айниқса, яқинда қудратга келган президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлиги остида бекорга Толибон ҳаракати билан мулоқотларни йўлга қўйишга зўр бераётгани йўқ. Томонлар яқинда пойтахт Тошкентда музокаралар олиб боришди. Ўзбекистон ҳукумати толиблар ва афғон ҳукумати ўртасидаги бирор бир шартларсиз бевосита музокараларга исталган пайтда мезбонлик қилишга тайёр эканлигини ҳам баён қилди. Демоқчиманки, ҳозир айрим Марказий Осиё давлатлари толиблар билан сиёсий мулоқотга киришиш ҳаракатида. Чунки улар ҳаракат ҳам ИШИДга қарши курашда ўзларига кўмакчи бўлиши мумкинлигини англаб туришибди.

Би-би-си: Сизга яхши маълумки, бу Россия томонининг ИШИД таҳдиди билан боғлиқ сўнгги йилларда қилаётган биринчи баёноти эмас. Экспертлар орасида расмий Москванинг бу чиқишларини президент Путиннинг, айниқса, сўнгги йилларда кучайиб бораётган империалистик амбициялари ва Кремлнинг минтақадаги геосиёсий манфаатлари билан изоҳлаётганлари ҳам озмунча эмас. Эксперт сифатида, шахсан сиз бу каби фикрларга қандай қарайсиз? Уларга қанчалик қўшиласиз?

Досим Сатпаев: Ҳа, бу ерда Россия фактори ҳам бор. Чунки, ҳақиқатан ҳам, россиялик айрим мулозимлар томонидан қилинаётган бу каби ақлга зид баёнотлар кам бўлаётгани йўқ. Уларнинг орасида ҳатто юқори мартабалилари ҳам бор. Яқинда гўёки "АҚШ қандайдир тўқнашувларга гиж-гижлаш илинжида вертолётларда Марказий Осиё чегараларига яқин ерларга ИШИД жангариларини ташлаётгани"га оид баёнотларгача бўлди. Бунинг қанчалик мантиқдан йироқ гап экани ҳаммага яхши аён. Аммо буларнинг барчаси ҳозир кўпчилик россиялик мулозимларда кузатилувчи ташвиқот жазавасидан ўзга нарса эмас. Иккинчидан, Россия бу йўл билан бошқа бир мақсадларни ҳам кўзлаган. Дейлик, расмий Кремль жангарилари Тожикистон, Ўзбекистон билан чегарани ёриб ўтиши, Марказий Осиёга бостириб кириши, уларга фақатгина Россия Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти орқали ёрдам бериши мумкин деб, ИШИД таҳдиди билан қўрқитишга зўр бериши мумкин. Бу ташкилотга эса, Марказий Осиё давлатлари ичидан ёлғиз Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон аъзо. Ўзбекистон ва Туркманистон КХШТ га кирмайди. Менинг тушунишимча, бу давлатлар ўзлари мустақил ҳолда ҳар қандай таҳдидни бартараф этишга ҳозир. Аммо, менинг назаримда, Марказий Осиё давлатлари худди Европа мисолида бўлгани каби, ўзларининг ягона мудофаа ҳудудларини яратишлари керак. Бешовлон минтақа хавфсизлигини таъминлашда ҳаммувофиқ иш тутишга зўр беришлари лозим. Бу минтақа давлатлари мудофаа, хавфсизлик тизимларининг ҳам ҳамкорликда иш олиб боришларини кўзда тутади. Менимча, бунинг аллақачон вақти етган. Эртами-кечми, томонлар худди шунга боришади. Чунки бу масалада уларнинг ё Россия, ё Хитой ва ё АҚШга орқа қилишларига ҳожат йўқ. Буни дунё тажрибаси ҳам кўрсатган. Дейлик, бир давлат ўзидан кучлироқ ўйинчи мамлакатнинг ҳарбий соябонига умид қилади. Аммо эртами-кечми бу давлат ўз ҳаққини талаб қилиб қолади. Шунинг учун Марказий Осиё давлатлари учун бу каби мамлакатнинг ё Россия ва ё Хитой бўлишидан фойда йўқ. Чунки бу давлатлар минтақа хавфсизлигини шундоққина таъминлаб беришмайди. Бунинг албатта қандайдир баҳоси бўлади.

Би-би-си: Агар, жавобингиздан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, Россия ИШИД таҳдидига оид баёнотлари билан бир маънода Ўзбекистон ва Туркманистонни Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига тортмоқчи? Шундайми?

Досим Сатпаев: Ҳа, худди шундай. Менимча ҳам улар бунга ўхшаш баёнотлари билан энг аввало Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти фавқулодда ҳолат юз берган тақдирда, жангарилар ҳужумини даф этишда Ўзбекистон ва Туркманистонга кўмакка келиши мумкин бўлган ягона тузилма эканига ишора қилишмоқда. Аммо мен Ўзбекистон раҳбарияти бу ташкилотга қайтишига шубҳа қиламан. Худди шу жумладан, Туркманистон ҳукумати ҳақида ҳам. Чунки Туркманистон шундоқ ҳам расман нейтрал давлат ҳисобланади. Агар, яна Ўзбекистонга қайтсак, расмий Тошкентнинг ташқи сиёсат концепцияси ҳали ҳам ўша-ўша, уни ҳеч ким ўзгартирганича йўқ. Бу концепцияда Ўзбекистоннинг бирор бир ҳарбий-сиёсий тузилмага қўшилмаслиги очиқ-ойдин қилиб ёзиб қўйилган. Бу Ўзбекистоннинг суверен манфаатларига дахл қилиши мумкин бўлган минтақавий ташкилотларни ҳам назарда тутади. Шунинг учун ҳам, Ўзбекистоннинг КХШТига қайтиши эҳтимолдан йироқ бир масала. Ҳозир Россия билан фаол ҳамкорлик қилаётганига қарамай, ҳатто, янги президенти бошқаруви даврида ҳам расмий Тошкент бунга бормайди. Менимча, Ўзбекистон ўзининг хавфсизлиги масаласини ўзи ҳал қилади. Чунки бу ҳар бир давлат мисолида бўлгани каби Ўзбекистоннинг ҳам суверен ҳуқуқи саналади.

Би-би-си: Агар, ИШИД таҳдиди жиддий тус оладиган бўлса-чи? Бу Ўзбекистонни Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига қайтишга ундаши, мажбурлаши мумкинми?

Досим Сатпаев: Менимча, ҳатто ИШИД таҳдиди кучаядиган тақдирда ҳам, бу эҳтимолдан йироқ бир ишдир. Чунки Ўзбекистон ўз Қуролли Кучларининг қанчалик жанговарлиги борасида минтақада энг пешқадам мавқеъда. Бунга сўнгги халқаро рейтинглар ҳам далолат қилади. Шунинг учун ҳам, назаримда, Ўзбекистон раҳбарияти бу масалани мустақил ҳолда ҳал қилишни афзал билади. Ёки Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотининг аъзолари бўлишса-да, қолган Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликка боради. Мисол учун, бирор бир таҳдид бўй кўрсатган тақдирда, Қозоғистон уларнинг бу каби сўровларига, "лаббай", деб жавоб беради. Яъни, минтақадаги қўшниларининг дастагини олиш учун Ўзбекистоннинг албатта Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти аъзоси бўлиши шарт эмас. Бу том маънода соф яхши қўшничилик ва ҳамкорлик мазмунидаги қўллов бўлади.

Би-би-си: Худди шу ўринда яна бир бор ИШИД таҳдидига қайтсак? Сизнингча, демак, бу хавф бугун минтақада жиддий ва реал?

Досим Сатпаев: Ҳа, шундай. Менимча, ИШИД таҳдиди минтақада йил сайин кучайиб, ошиб боради. Чунки, истаймизми йўқми, аксарият Марказий Осиё давлатлари Афғонистон билан бевосита чегарадош. Менимча, бу каби таҳдид қаршисида энг мўрт чегара Ўзбекистон-Афғонистон, Тожикистон-Афғонистон эмас, Туркманистон-Афғонистон чегараси бўлади. Бошқа томондан, радикалларнинг нуқтаи назаридан келиб чиқиб айтилса, Туркманистонга берилган зарба Каспий минтақасига берилган зарба бўлади. Яъни, агар, ёриб киришга муваффақ бўлишса. Бу эса, энди фақат Туркманистон эмас, бутун Каспийбўйи давлатлари учун жиддий муаммога айланади. Нафақат Россия ёки Озарбайжон, балки Эрон учун ҳам. Худди шунинг ҳам учун ҳам, бу каби эҳтимолий ҳужум қаршисида энг мўрт чегара туркман-афғон чегараси бўлади.

Би-би-си: Расмий Ашхобод, Туркманистон томони буни биладими, англаб етганми, етаяптими?

Досим Сатпаев: Туркманистон бу каби хавфнинг мавжудлигини яқин-яқингача расман рад этиб келган. Ҳатто, ўтган йил ҳам худди шундай мазмундаги баёнот билан чиққан. Аммо Туркманистоннинг ўзида ҳозир ҳарбийлар сафарбарлиги ёки ҳарбий хизматга ёллаш жараёнининг қанчалик фаоллик билан кечаётгани эса, бунинг тескарисига далолат қилади. Яъни, мазкур жараён Туркманистон раҳбариятининг бундай хавф мавжудлигини англаб етаётганига далолат қилади. Лекин бошқа бир масала ҳам бор. У ҳам бўлса Туркманистон Қуролли Кучларининг қанчалик жанговарлиги масаласи. Туркманистоннинг бошқа куч ишлатар тизимлари каби, Армиясининг аҳволи ҳам бугун кўнгилдагидек эмас. Ҳаминқадар. Бу ҳам катта риск дегани. Хаёлан айтган тақдиримизда, дейлик, ИШИД ёки бошқа радикал гуруҳларнинг ҳужуми қаршисида қолгудек бўлса, менимча, Туркманистонга энг аввало Ўзбекистон кўмакка келади. Чунки ҳали ҳозирда марҳум президенти Ислом Каримов бошқаруви пайтида бу икки давлат ўртасида айнан хавфсизлик соҳасида ўзаро ҳамкорлик, кўмакка оид битим имзоланган.

Би-би-си: Сўнгги пайтларда Афғонистон Толибон ҳаракати ҳам Америка Қўшма Штатлари ва ҳам Россия, яна Ўзбекистон билан ҳам фаоллик билан тинчлик музокараларига киришган. Сизнингча, бу музокаралар қандайдир бир маънода минтақадаги ИШИД хавфини камайтиришга хизмат қилиши, олиб келиши мумкинми?

Досим Сатпаев: Агар, бу музокаралар бирор бир жиддий натижа берса, ҳа, бунга кўмак қилиши мумкин. Чунки ИШИД толибларнинг ўзи учун ҳам хавф, таҳдид бўлади. Агар, Толибон музокарачи давлатлар билан тил топишадиган, Ўзбекистон дохил қолган Марказий Осиё давлатлари билан ҳам ҳамкорликка борадиган бўлса, бу, сўзсиз, минтақа хавфсизлигини таъминлашга ёрдам бера олади. Аммо бу каби музокаралар биринчи бор ўтказилаётгани йўқ. Агар, Ўзбекистон мисолида оладиган бўлсак, ҳали президент Ислом Каримов даврида расмий Тошкент бу борада ўзининг кенг қамровли концепциясини фаоллик билан илгари сурганди. Лекин биз Афғонистон билан боғлиқ тинчлик ёки музокаралар жараёнининг қанчалик оғриқли эканига гувоҳ бўлиб турибмиз. Чунки бу жараён катта сондаги ўйинчи давлатларни ўз ичига олади. Бундан ташқари, Толибонни ҳам бугун яхлит ҳаракат, деб бўлмайди. Гуруҳ сафлари тарқоқ, парчаланган. Лекин, ҳар қандай ҳолатда ҳам, ёмон музокаралар яхши урушдан кўра аъло. Бу мулоқотлар давом этиши, этдирилиши керак. Чунки Толибон ИШИД ўзи учун таҳдид эканини чуқурроқ ҳис этадиган бўлса, муайян соҳаларда Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликка бориши мумкин. Яъни, бу таҳдидга қарши ҳамкорликда курашиш маънисида. Бу эҳтимолни ҳам назардан соқит этиб бўлмайди. Айтишади-ку, дўстимнинг душмани менинг ҳам душманим, деб. Шунинг учун ҳам, ИШИДга қарши курашда Толибон Марказий Осиё мамлакатларининг ҳамкорига ҳам айланиши мумкин.

Би-би-си: Сиз бу борада қандай фикрдасиз? Ўз фикрларингиз билан Би-би-си Ўзбек Хизматининг ижтимоий мулоқот тармоқларидаги саҳифаларида ҳам ўртоқлашишни унутманг.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek