Ўзбекистон, Тошкент: Шавкат Мирзиёев минтақани бирлаштирмоқчи

Ҳозир Ўзбекистон, Марказий Осиё қаршисида турган асосий муаммолар нимада?

Ўзбекистон, минтақага таҳдид солаётган асосий хавф-хатарлар-чи?

Бугун минтақа давлатларининг интеграциясига нималар тўсқинлик қилмоқда?

Уларни бартараф этишда халқаро ҳамжамият қандай ёрдам бера олади?

Ўзбекистон пойтахти Тошкентда худди шу саволлар ва муаммоларга бағишланган икки кунлик халқаро анжуман иш бошлади.

Халқаро анжуман президент Шавкат Мирзиёев қудратга келган ўтган икки йилнинг ичидаёқ расмий Тошкентнинг яхши қўшничиликка асосланган янгича минтақавий сиёсати, ҳатто, халқаро миқёсда эътироф этилган бир манзарада бўлиб ўтмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи President.uz

Президент Шавкат Мирзиеёв, ҳали Ўзбекистоннинг муваққат президенти экан, ташқи сиёсатда минтақа ўзлари учун устивор йўналиш бўлиб қолишини алоҳида қайд этган.

Бу тамойил 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясидан ҳам ўрин олган.

Ўзининг Ўзбекистон раҳбари сифатида илк хорижий давлат ташрифини ҳам минтақа давлати - Туркманистондан бошлаган.

Икки йилнинг ўзида барча Марказий Осиё давлатларида расмий ташриф билан бўлиб қайтган.

Бу сафарлари манзарасида мезбон ва меҳмон давлатлар президентлари ораларида ҳал этилмаган бирор бир муаммо қолмаганини расман ва ошкора баён қилишган.

Уларнинг сирасида марҳум президент Ислом Каримов бошқаруви даврида минтақада ҳатто уруш келтириб чиқариши мумкин, деган хавотирларга сабаб бўлганлари ҳам ана шу қисқа вақтнинг ичида ўзининг ечимини топган.

Минтақада қурилаётган йирик ГЭСлар масаласи юзасидан бир тўхтамга келинган, уларни ҳамкорликда барпо этиш истаги янграган, ўзаро парвозлар қайта тикланган, ёпиб қўйилган йўллар, чегара назорат ўтиш нуқталари очилган. Чегара демаркация ва делимитацияси жараёни жадаллашган.

Ўзбекистоннинг минтақада ягона энергетика тизимини тиклашга доир сайъ-ҳаракатлари ва интилишлари ҳам аксарият минтақавий экспертларнинг эътиборларини ўзига тортган.

Расмий Тошкентнинг минтақавий сиёсатидаги бу каби ўзгаришлар президентларнинг бир-бирларига тақдим этган юксак давлат мукофотларида ҳам ўзининг акси, ифодасини топган.

Янгича ташқи сиёсат: Марказий Осиёда 'музлар' буткул эрийдими?

Ўзбекистонга келган энг кўп чет элликлар кимлар?

Ўзбекистон ва Тожикистон ва ниҳоят энг муҳим битим ижросига киришишдими?

Ўзбекистон-Туркманистон, Мирзиёев-Бердимуҳамедов: Виза, чегара масаласи нима бўлди?

Мирзиёев ва минтақавий ташаббуслар

Фото муаллифлик ҳуқуқи President.uz

Орада кечган вақт давомида президент Шавкат Мирзиеёв Марказий Осиё давлатлари минтақавий иқтисодий форумини ташкил қилиш таклифи билан чиққан.

Самарқанд Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Марказий Осиё бўйича халқаро конференцияга мезбонлик қилган.

Бу ҳам президент Мирзиёевнинг минтақавий ҳамкорлик тенденциялари ва яхши қўшничилик муносабатларини кучайтиришга йўналтирилган ташаббусларидан бири сифатида эътироф этилган.

Мирзиёев буларнинг барчаси манзарасида мунтазам равишда Марказий Осиё давлат раҳбарларининг маслаҳат учрашувларини ўтказиш ғоясини ҳам ўртага ташлаган.

Ўзбекистон раҳбари кўзда тутган бу каби маслаҳат учрашувининг дастлабкисига аллақачон Қозоғистон пойтахти Остона мезбонлик қилиб улгурган.

Расмий Тошкент президент Шавкат Мирзиёев бошқаруви остида минтақа хавфсизлигига асосий хавф манбаси сифатида кўрилувчи Афғонистонга нисбатан сиёсатини ҳам кескин ўзгартирган.

Афғонистонга, президент Ислом Каримов даврида анъанага айланганидек хавфсизлик призмаси орқали эмас, интеграцион мавқеъда ёндашишларини намоён этган.

Узоқ йиллик қуролли низолар ичида эканига қарамай, Афғонистон билан ҳар томонлама ҳамкорликка зўр беришларини баён қилган.

Афғон можаросига тинч йўл билан ечим топиш аҳди билан Ўзбекистон ўзининг дипломатик саъй-ҳаракатларини қайта жонлантирган. Бу йўлда аллақачон йирик Тошкент халқаро анжуманига ҳам мезбонлик қилган.

Айрим халқаро ҳисоб-китобларга таянилса, Марказий Осиё мамлакатларининг кооперация алоқаларини самарали йўлга қўйиш натижасида минтақа ялпи ички маҳсулоти ўн йилда камида икки баробар кўпайиши мумкин.

Агар, энг сўнгги ҳисоб-китобларга таянилса, минтақа аҳолисининг сони ҳозир 70 миллион кишидан ортади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Valery Sharifulin

Бугун, 19 феврал куни пойтахт Тошкентда иш бошлаган ҳамда "Марказий Осиёда ўзаро муштараклик: таҳдидлар ва янги имкониятлар" мавзусидаги халқаро конференцияда дунёнинг қирққа яқин давлатидан 100 дан ортиқ вакилларнинг иштирок этишаётгани айтилади.

Расмий хабарларга кўра, бу анжуманда ҳам минтақавий ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати муҳокама қилинади.

Бундан ташқари, хавфсизлик, савдо, транспорт, сувдан фойдаланиш, таълим ва илм-фан соҳаларида алоқаларни мустаҳкамлаш масалаларига ҳам эътибор қаратилади.

Халқаро анжуман Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази томонидан ташкил этилган.

Иштирокчилар орасида АҚШ, Буюк Британия, Германия, Россия ва Хитой каби дунёнинг йирик сиёсий ва иқтисодий қудратлари ҳамда қатор минтақавий ўйинчи давлатлар вакиллари ҳам бор.

Тадбирда, шунингдек, Европа Иттифоқи, Шимолий кенгаш, Америка давлатлари ташкилоти, Арктика маслаҳатлашув кенгаши минтақавий тузилмалари, Жаҳон банки, Жаҳон савдо ташкилоти, Европа инвестицион банки ва бошқа халқаро молия институтлар намояндалари ҳам ҳозир эканликлари айтилади.

Эртага, 20 феврал куни якун топувчи мазкур анжуман тафсилотларини Би-би-си Ўзбек Хизмати билан бирга бевосита кузатиб боринг.

Тошкентдан уюштирган ва уюштиражак жонли мулоқотларини Би-би-си Ўзбек Хизматининг YouTube даги каналида томоша қилинг ва ўз фикрларингиз билан ҳам ўртоқлашинг.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek