Ўзбекистон: ДХХнинг янги раиси Абдусалом Азизов қандай одам?

Mudofaa vazirligi matbuot xizmati

Сурат манбаси, Mudofaa vazirligi matbuot xizmati

Сурат тагсўзи,

Абдусалом Азизов ўтган ой охирида АҚШдаги ўзбек-америка қўшма ҳарбий машқларини кузатган

Абдусалом Азизовнинг Давлат Хавфсизлик Хизмати раиси этиб тайинланиши унинг ҳокимият ўтиш жараёнида Президент Шавкат Мирзиёевнинг яқин иттифоқчисига айланганини кўрсатади.

Азизовнинг ўтмишдоши, Ихтиёр Абдуллаев ўзбек махсус хизматлари тарихига энг қисқа вақт бошқарган раҳбар сифатида киради - у лавозимда бор-йўғи бир йил ўтирди, холос.

2018 йилда истеъфога чиқарилган ва ҳозирда сенатор ҳисобланган Рустам Иноятов раҳбарлик қилган даврда Миллий Хавфсизлик Хизмати мамлакатнинг энг қудратли ва қўрқинчли идорасига айланганди.

2016 йилда ҳокимиятга келганидан буён Президент Мирзиёев МХХ-ДХХ нинг қудратини сезиларли даражада чеклади ва унинг кўпгина собиқ генералларини турли айблар билан қамоққа ташлади.

Кимнинг одами?

59 ёшли Абдусалом Азизов сўнгги икки йилда ички ишлар вазирлиги ва қуролли кучларда амалга оширган ислоҳотлари билан танилди.

Унинг раҳбарлиги остида ўзбек ички ишлар идоралари 2005 йилда қудратли собиқ ИИВ вазири Зокиржон Алматовнинг истеъфоси ортидан МХХга бой берган нуфузини анча тиклаб олгани айтилади.

Рус тилидаги Узметроном нашри Азизов Алматовнинг "протеже"си бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзди.

Президент Мирзиёев Азизовга 2017 йил январида генерал-майор, орадан икки йил ўтиб эса, генерал-лейтенант унвонини берди.

Таржимаи ҳол

Абдусалом Азизов 1960 йил 20 январда Тошкентда туғилган.

Ўзбекистон ИИВ Академиясини тугатган.

2003 йилда Ўзбекнефтегаз миллий нефт ва газ компанияси бошқарув кенгашининг раиси этиб тайинланган.

2006 йилда эса "Ўзнефтмаҳсулот" АЖ раҳбари.

2008 йилда Ички ишлар вазири ўринбосари этиб тайинланган Азизов бир ой ўтиб, вазирнинг биринчи ўринбосари лавозимига ўтказилади.

2017 йил январида Ички ишлар вазири этиб тайинлангунига қадар етти йил давомида Жиззах вилоят ИИБ бошлиғи бўлиб ишлаган.

2017 йил 4 сентябрда Азизов Ички ишлар вазири лавозимидан озод этилган ва Мудофаа вазири этиб тайинланган.

Баёнотлар

Азизов Ички ишлар вазири экан, ўз қўли остидаги ходимларни одамларга ёмон муомаласи учун танқид қилган.

"Сизлар бекорга ички ишлар идораларининг формасини киймайсиз. Бу мода ёки одамларни қўрқитиш учун эмас. Форма сизларга тинчлик ва осойишталикни сақлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ва жиноятчиликнинг олдини олиш бурчини юклайди",- деб айтган Азизов 2017 йил майида.

2017 йил октябрида МДҲ мудофаа вазирларининг йиғилишида қатнашиш учун Тожикистонга сафар қилган Азизов Ўзбекистон ҳамдўстликнинг жанубий чегаларини қўриқлаш учун барча чораларни кўради, айтган.

"Биз Афғонистон билан чегарадошмиз. Агар Тожикистон ё Қирғизистонда бирон нарса содир бўлса, бу шубҳасиз, Ўзбекистонга таъсир қилади. Чунки минтақа муштарак бир орган ва умумий қон айланиш тизимидир. Мамлакатларимиз ўртасида баъзи ҳудудларда чегара ҳам йўқ. Шунинг учун бу соҳада ҳамкорлик ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлар муҳим".

Мирзиёев ва Иноятов ўртасида

Лондондаги таҳлилчи Алишер Илҳомовга кўра, Азизовнинг ДХХ раиси этиб тайинланиши Президент Мирзиёев ва собиқ МХХ раиси Иноятов ўртасидаги қудрат учун курашнинг бир қисмидир.

"Бир томондан, ДХХ раҳбарининг ўзгариши Иноятовнинг мавқеъини заифлаштириб, Мирзиёев ҳокимияти вертикалини мустаҳкамлайди. Иккинчи томондан эса, президент бундан қандай фойдаланиши номаълум", - деб ёзди Илҳомов ўзининг Фэйсбук саҳифасида.

Сурат манбаси, Gazeta.uz

Сурат тагсўзи,

"Соғлиги туфайли" ишдан олинган Ихтиёр Абдуллаевнинг кейинги тақдири ҳақида расмий маълумот йўқ

Унинг фикрича, Facebook ва YouTubeнинг блокланиши атрофидаги вазият даракчи бўлиб хизмат қилиши мумкин.

"Агар блок яқин орада олиб ташланмаса, тайинлов сиёсий курсга таъсир кўрсатмайдиган шунчаки навбатдаги кадрлар ўзгариши бўлади".

Илҳомовга кўра, охирги пайтларда ислоҳотлардан ортга чекиниш кузатилган.

Ўзбекистонда Facebook ва YouTube бир неча ой давом этган муаммолардан сўнг 19 февраль куни VPN сиз очила бошлагани хабар қилинган.

Туркияда яшаётган мухолифатдаги "Эрк" партияси раҳбари Муҳаммад Солиҳнинг фикрича, ДХХ раҳбариятидаги ўзгаришга тизимда ислоҳотларнинг йўқлиги сабаб бўлган.

"Амалда МХХ ДХХга айланганидан буён тизимнинг одамларга муносабатида ҳеч нарса ўзгармади. Шу маънода, ҳозирги ўзгариш ижобий кўринади. Умид қиламизки, ДХХнинг янги раҳбари Абдусалом Азизов ўз ўтмишдошининг хатоларини такрорламайди ва тизимга мутлақо янгича сиёсатни тадбиқ қилади. У МХХнинг ўтмишидан сабоқ олади ва халқнинг эрки ва ҳурриятига дахл қилмайди, деб умид қиламиз", - деган Муҳаммад Солиҳ.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek