Ўзбекистон, рўмолли талаба: Ўзимни жамиятда аҳамиятсиз парчадек ҳис қилдим

Давлат бюджети асосида Халқаро Ислом академиясига ўқишга қабул қилинган хоразмлик Луиза Мўминжонова рўмол билан ўқишга қўйилмайди. Натижада 140 соатдан кўп дарс қолдирган деган сабаб билан ўқишдан ҳайдалган.

Луиза Ислом академиясини диний эътиқодига қаршилик қилгани учун маҳкамага берган. 20 феврал куни Шайҳонтохур маъмурий суди ушбу ишни кўриб чиқади.

Би-би-си маҳкама олдидан Луиза Мўминжонова билан суҳбатлашди.

У ўқишга кирганидан сўнг академия ҳудудидаги ётоқхонага жойлашади.

Луизанинг айтишича, ўқиш бошланмасдан ётоқхонада академия ҳудудида рўмол ўраб юришга қарши тарғибот бошланади.

"Ўқиш бошланганининг иккинчи куни эди, бир марта дарсга ҳам кирмадик. Чамадонларимизни олиб, қўпол равишда ташқарига улоқтиришди. Коммендант роса бақирди. Қизлар йиғлаб, бақириб ичкарида роса тўпалон бўлди. Хоразм вилоятиданман, ҳам Тошкентда яқинларим йўқ. Қиз бола ҳолимда ташқарида қолиб кетиш жуда оғир бўлди. Ойимга қўнғироқ қилиб йиғладим, у киши ҳам роса қайғурди", дейди у.

Луизанинг таъкидлашича, академия маъмурияти унга ўша вақти ўқишдан ҳайдалганлиги тўғрисида қоғоз кўрсатган.

Бир кун ҳам ўқишда ўқимаган собиқ талаба ётоқҳонадан қувилгач Хоразмга қайтиб кетади.

Бироздан сўнг унга Ислом академиясидан қўнғироқ қилиб, нима сабабдан ўқишга келмаётгани билан қизиқишади.

Луизанинг рўмол билан борсам киритасизларми, деган саволига,маъмуриятдан қўнғироқ қилган шахс "ички тартиб қоидаларга амал қилиш" кераклигини айтган.

Шундан сўнг Луиза Мўминжонова 140 соатдан кўпроқ дарс қолдиргани сабаби билан ўқишдан ҳайдалгани тўғрисида буйруқ келади.

"Муслималар жамиятдан ажралиб қолишини истамасдим. Маҳадда ўқиса уйдан чиқмаслик керак бўладиган вазиятлар бўлади. Бундай нарса эмас, аслида Ислом дини буни талаб қилмайди. Биринчидан, давлатга ўз ҳиссамни қўшиш ниятида, иккинчидан динимни ҳам қўлдан келганча ўрганиш ниятида айнан шу масканни танлаган эдим", дейди у.

Халқаро Ислом академияси айни дамда маҳкама кетаётгани боис Луиза Мўминжонова иши бўйича изоҳ берилмаслигини билдирди.

"Суд ўтиб бўлсин, кейин изоҳ берилади. Ҳозир ҳеч нарса айтилмайди", дейди ўзини котиб деб таништирган Шоҳрух Гадаев.

18 феврал куни Халқаро Ислом академияси "Ҳижобга иштиёқмандлик: танлаш эркинлиги ва қонун талаблари" номи остида баёнот жойлаштирди.

Унда 5 февраль куни Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур маъмурий судида халқаро ислом академияси қошидаги лицейида таҳсил олаётган 17 ёшли ўқувчининг отаси ўқув муассасасининг раҳбарияти ҳижобда машғулотларда иштирок этишни ман қилганлиги учун судга берган даъвосига муносабат билдирилган.

Маҳкама 15 февраль куни отанинг аризасини қондирмади.

Академия ҳижоб борасида ёзган ОАВни холисликка чақирган.

"Шубҳасиз, бу иш мураккаб, аммо уни баҳолашда биз яна бир бор объективлик ва босиқлик билан ёндашувга чақирамиз", дейилади унда.

Академия ўз ҳудудида рўмолга рухсат бермасликда қонунга асосланганини ёзган.

"Ўзбекистон халқаро ислом академияси раҳбарияти ушбу ва бошқа шунга ўхшаш вазиятларда "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги қонунга амал қилади. Қонунга кўра жамоат жойларида ибодат либосларида юришларига йўл қўйилмайди".

Бироқ академия дин ишлари бўйича қўмитанинг Ислом шариатида "махсус диний либос", "ибодат кийими" деган тушунча мавжуд эмаслиги тўғрисидаги хулосасини эслаб ўтмаган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов 2013 йилнинг 25 ноябрида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси Усмон Алимовга берган хулосасида шундай деган.

"Қадимдан юртимизда яктак, дўппи, рўмол кабилар ўзбек халқининг миллий кийимларидан ҳисобланиб келинган. Диний қоидалар беркитишини талаб қилган аъзоларни ёпиб турувчи кийимни шахс барча ҳолатларда, шу жумладан ибодат пайтида ҳам кийиши мумкин", дейилади унда.

Диний қўмитанинг ўша вақтдаги раиси анъанавий либосда жамоат жойда юриш қонун бузилишига олиб келмаслигини таъкидлаган.

"Хулоса ўрнида шуни айтиб ўтиш лозимки, юртимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари тўлиқ таъминланаётган бир пайтда анъанавий миллий либосда жамоат жойида юриш қонун бузилишга олиб келмайди", деган Ортиқбек Юсупов.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek