Ўзбекистон: Tashkent cityнинг британиялик "ғалати" инвестори

Image caption Жаҳонгир Ортиқхўжаев ўзининг Tashkent City инвесторларидан бири эканини тасдиқлаган

Лондондаги OpenDemocracy ташкилоти "Тошкент-сити" инвесторларидан бири бўлган Британиянинг Corso Solutions ширкати пул ювишда гумон қилинган шубҳали халқаро тармоқ билан алоқаларга эга эканини иддао қилган.

Бу ҳақда гуруҳнинг 22 февраль куни эълон қилинган навбатдаги тадқиқотида айтилади.

Тадқиқотни олиб борган британ журналистларида Corso Solutions LP ширкатининг икки нафар ҳамкорлари шубҳа уйғотган.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев Tashkent City бўйича бор ҳақиқатни айтдими?

Ўзбекистон: Tashkent City - "Сирли" инвесторлар кимлар?

Мирзиёев Tashkent Cityда нималарни кўрмади?

Текширув жараёнида Ҳиндистон фуқаролари экани айтилган бу икки шахснинг номлари Британия реестрида кўплаб масъулияти чекланган ширкатларнинг директорлари сифатида қайд этилгани аниқланган.

OpenDemocracy ҳар икки шахс Россия фуқароси бўлган ишбилармон томонидан тузилган ёки у билан алоқаси бўлган ширкатларнинг директорлари эканини аниқлаган.

Британ журналистларининг айтишларича, россиялик ишбилармон масъулияти чекланган ва бошқа кўринишдаги ширкатлар тузиш бўйича халқаро тармоққа раҳбарлик қилади.

Учовлонга тегишли аксар ширкатлар Лондондаги икки манзилда рўйхатдан ўтгани айтилади.

Булар - 91 Battersea Park Road ва 507 Green Lanes.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Valery Sharifulin

OpenDemocracyнинг иддао қилишича, тадқиқотда номи тилга олинган Россия фуқароси Гонконгдан Янги Зеландиягача бўлган кўплаб оффшор ширкатлари тармоғини бошқаради.

Ўзининг Россияда жойлашган веб-сайтида у Британия Виргин ороллари ва Кипр дохил дунёнинг ўнлаб давлатларида ширкатлар тузиш ва банк ҳисоблари очиш хизматини таклиф қилиши айтилган.

"Савол Corso Solutionsнинг ҳақиқий эгаси кимлигида. Инвесторга бу каби ношаффофлик нима учун керак бўлиб қолди?", дея савол қўйган OpenDemocracy.

Эдинбургнинг тор кўчаси

Corso Solutions номи Ўзбекистон матбуотида биринчи марта 2018 йил сентябрида "Тошкент-сити" инвесторлари қаторида тилга олинган.

Шундан буён Corso Solutions Ўзбекистонинг энг йирик қурилиш лойиҳасига айнан қанча ва қандай инвестиция киритгани борасида аниқ маълумот топишнинг имкони бўлмаган.

Британ реестри маълумотларига кўра, Corso Solutions LP 2017 йил майида Эдинбургда (Шотландия) масъулияти чекланган шерикчилик ширкати сифатида рўйхатдан ўтган.

Ширкатнинг юридик манзили - 101 Rose Street South Lane.

Бошланғич капитали 99 фунт стерлинг (ёки 129 АҚШ доллари-таҳр).

OpenCorporates онлайн маълумотлар базасига кўра, Corso Solutions рўйхатдан ўтган Шотландия пойтахтининг кўримсиз тор кўчасидаги уй 1563 та ширкатнинг юридик манзили бўлиб хизмат қилади.

"Эдинбургдаги бу манзил прокси-адрес сифатида ишлатилади", - деб айтган молиявий жиноятлар бўйича маслаҳатчи Грэм Борроу.

Corso Solutions юзасидан илк хавотирлар ўтган йил сентябрида янграган.

Шотландиянинг The Herald газетасига кўра, ширкат Британияда кучга кирган янги қонунга мувофиқ, ўзининг ҳақиқий эгасини ошкор этиши керак эди, аммо ҳозиргача бу юз бермаган.

Би-би-си Тошкент шаҳар ҳокимлигига "Тошкент-сити" инвесторлари юзасидан бир неча марта мурожаат қилган, аммо жавоб ололмаган.

OpenDemocracy "Тошкент-сити" инвесторлари борасидаги қарор маъмурий кенгаш томонидан қабул қилингани ва ушбу кенгашга Бош вазир Абдулла Арипов раҳбарлик қилишига ҳам эътибор қаратган.

Маъмурий кенгаш ҳақидаги маълумот аввалроқ Gazeta.uz нашрида чоп этилганди.

Коррупцион схемалар

Ўтган ой OpenDemocracy "Тошкент-сити"нинг уч хорижий инвесторларидан бири бўлган Германиянинг Hyper Partners GmbH ширкати ўзининг ҳақиқий эгаларини яшираётгани, унинг айрим эгалари Қозоғистон ва хитойлик уйғур ишбилармонлари бўлиши мумкинлигини айтган эди.

Бунга жавобан, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев хорижлик инвесторларнинг пулларини текшириш уларнинг ваколатига кирмаслигини айтган.

"Муҳими,- деган у, - лойиҳа амалга оширилмоқда, энг муҳими хориж ширкати бизнинг бозоримизга инвестиция киритмоқда", - деб айтган Ортиқхўжаев.

У ўзининг "Тошкент-сити" инвесторларидан бири эканини тасдиқлаган, аммо пул ювиш ва коррупцион схемалар ҳақидаги иддаоларни рад этган.

Умумий қиймати 1,3 миллиард долларга тенг бўлган "Тошкент-сити" савдо марказлари, парклар, элита уйлар ва бизнес-марказларни ўз ичига олади.

Лойиҳа Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистонни инвесторлар учун очиқ, дўстона ва замонавий давлатга айлантириш режаларининг бир қисми.

Марҳум президент Ислом Каримов даврида Ўзбекистон юқори даражадаги коррупциядан азият чеккан ва хорижий инвесторларларнинг шубҳали келишувлар асосида иш олиб боргани маълум.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги охирги тадқиқотда келтирилган фактларга муносабат билдирмаган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси ва суд идоралари ҳам ҳозирга қадар "Тошкент-сити" атрофидаги пул ювиш ва коррупция иддаолари юзасидан сукут сақламоқда.

Бош прокуратура мулозими Би-би-сининг бу ҳақдаги саволига жавобан ҳозирча "Тошкент-сити"ни текширишга асос йўқлигини айтган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek