Ўзбеклар ва дунё, темурийзодалар хавотирда: Ўзбек тилини унутиб қўймасак бўлди

Буюк соҳибқирон Амир Темурнинг бугун ҳаёт бўлган юз мингдан ортиқ авлодлари ўз она тилларини йўқотиб боришаётганидан афсус ва хавотирда.

Би-би-си Ўзбек Хизмати яқинда темурийзода - жаҳондаги энг буюк ва қудратли салтанаталардан бири асосчисининг 10-авлоди вакили билан суҳбатлашишга муваффақ бўлди.

Ҳатто ўзи ҳам ўзбек тилида бироз қийналиброқ сўзлашувчи Абдулраҳим Солиҳийнинг айтишича, айниқса, фарзандлари ва набираларининг тақдиридан жиддий хавотирдалар.

Суҳбатдошимизга кўра, ўз пайтида Темурийлар сулоласи ва салтанатининг пойтахтларидан бири бўлган Ҳирот вилоятида соҳибқирон авлодларининг сони бугун 100 минг кишидан ортади.

Бундан ташқари, улар бутун Афғонистон бўйлаб сочилиб кетишган, аммо аниқ сонларига оид аниқ маълумотлар имконли эмас, дейди у.

Давомий қуролли низолар сабаб, Афғонистон аҳолиси бир неча ўн йиллардан буён расман рўйхатга олинмагани ҳам бор гап.

Абдулраҳим Солиҳийнинг айтишича, темурийзодалар ўз насл-насаблари ва она тилларини сақлаб қолишлари учун ҳукумат ва мамлакат даражасида эътибор зарур.

"Насаблари - темурийзода эканликлари шахсларини тасдиқловчи ҳужжатларда ёзилиши, миллатлари туркийлар, дея мамлакат конституциясида қайд этилиши ва ўз тилларида кўпроқ дарслик, ўқув қўлланмалари яратилиши шарт".

Суҳбатдошимизга кўра, "бу иш бугун ўзлари - ёлғиз темурийзодалар қўлларидан келмайди".

Тарих ва тарихий манбалар эса, Темурийлар ўз она тиллари - туркий тил равнақи ва ривожига алоҳида эътибор беришганига далолат қилади.

Уларда Темурий шаҳзодаларнинг кўпчилиги давлат бошқаруви билан бир қаторда бадиий ижод билан ҳам шуғулланишгани кўрилади.

Болливудда гап: 'Амир Темур исмини қўйиб, хато қилишган...'

"Амир Темур институтини ташкил қилиш керак"

Голливуд Амир Темур ҳақида филм олмоқчими?

Бугунги темурийзодалар

Фото муаллифлик ҳуқуқи BEHROUZ MEHRI

Абдулраҳим Солиҳий билан суҳбатимиз тафсилотларидан маълум бўлишича, темурийзодалар сиёсий бўладими, ижтимоий, иқтисодий ва ёки маданий - ҳозир мамлакат ҳаётининг барча жабҳаларида фаол.

Ораларида ўқитувчидан тортиб, таниқли тарихчи, рассом, ёзувчи, шоир, наққош ва созандагача бор.

Сиёсат соҳасида кўтарилган мақомлари эса, ҳалича вилоят ҳокимию, коррупцияга қарши кураш идораси раҳбари ва миллат вакили даражасидан юқорига ўтмаган.

Маълум бўлишича, темурийзода аёллар ҳам анчагина фаол, аксарияти олий маълумотли, қўлларида дипломлари бор.

Ҳозир 45 ёшлар атрофида бўлган Абдулраҳим Солиҳийнинг ўзи Ҳирот вилояти Халқ кенгаши вакили бўлади.

Икки қиз ва икки ўғилнинг отаси.

Мактабда муаллималик қилувчи аёли келиб чиқишлари қадим Марв(ҳозирги Туркманистон ҳудудлари)га бориб тақалувчи марвийлар авлодидан.

Узоқ йиллик урушлар гидобида бўлган Афғонистондаги Темурийлар давридан қолган тарихий обидаларнинг тақдири ҳам давомий равишда жиддий хавотирларга сабаб бўлиб келади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ЮНЕСКО жамғармаси, Оғахон фонди, Ўзбекистон ва Туркия томонининг айрим саъй-ҳаракатларига қарамасдан, ҳатто, халқаро экспертлар ҳам бу соҳада қилиниши керак бўлган ишлар ҳануз бирталай эканидан бонг уришади.

Афғонистонлик масъуллар биргина Ҳиротнинг ўзида Темурийлар давридан қолган тарихий-маданий обидаларнинг мингга яқин эканини айтишади.

Маълум бўлишича, Афғонистондаги темурийзодаларнинг ўзлари "Буюк темурийлар тамаддуни" жамғармасига ҳам асос солишган.

Аммо марказий ҳукуматнинг эътиборсизлиги ва молиявий қийинчиликлар боис, жамғарманинг фаолияти улар умид қилганидек эмас.

Қаҳрамонимизнинг айтишича, ҳали-ҳануз ўзига Ўзбекистонга бориш, буюк боболари - соҳибқирон Амир Темурнинг қабр-мақбарасини зиёрат қилиш насиб этмаган, бунга шу ёшгача имконли бўлмаган.

Афғонистондаги темурийзодалардан бунга муваффақ бўлганлари ҳам бармоқ билан санарли, дейди суҳбатдошимиз.

Аммо, у кишига кўра, шу яқин йилларда ўзининг азалий ва чин кўнгилдан қилган бу орзусини амалга ошириш режаси ва нияти бор.

Темурийзода Абдулраҳим Солиҳий билан эксклюзив суҳбатни Ҳиротдаги мухбиримиз Ҳумоюн Ҳадид уюштирган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek