Ўзбекистон: Мунаққид ва фаол Ботир Норбой оламдан ўтди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Screenshot/Abdulaziz Mahmudov
Image caption Ҳаммаслак ва ҳамфикр дўстлари Ботир Норбойни ўз фикрини айтишдан қўрқмаган зиёли, ўзбек тили ва адабиётининг жонкуяри сифатида эслашади

Таниқли адабиётшунос олим ва мухолифат фаоли Ботир Норбой 24 февраль куни 72 ёшида оламдан ўтган.

Хабарларга кўра, унинг жанозаси якшанба куни Юнусободдаги "Оқтепа" масжидида ўқилган ва шу ердаги қабристонга дафн этилган.

Ботир Норбой аввалроқ даволаниш учун Туркиядан Тошкентдаги уйига келгани айтилади.

Ботир Норбой: ноҳақликка қарши курашчанлик болалигимидан руҳимга сингган

Жонкуяр

Филология фанлари доктори, профессор Ботир Норбой сўнгги йилларда Туркиядаги Кастамону университетида ўзбек тили ва адабиётидан талабаларга сабоқ бераётганди.

У 1980-йиллар охирида миллий мустақиллик учун бошланган курашнинг олдинги сафларида бўлган ва илк мухолифат ташкилоти "Бирлик"нинг таъсисчи аъзоларидан саналади.

1991 йил декабридаги илк президент сайловлари ортидан бошланган сиёсий таъқиблар Ботир Норбойни ҳам четлаб ўтмаган.

У сиёсий қарашлари боис университетда ёшларга таълим беришдан четлатилади ва мақола ҳамда китоблари нашр этилмайди.

1990-йиллар ўрталарида Қозоғистондаги олий ўқув юртларида ўзбек тилидан сабоқ берган олим 2000-йиллар бошида бир муддат Би-би-сининг жамоатчи мухбири сифатида ҳам фаолият олиб борган.

Андижон воқеалари ортидан у Қозоғистонга кўчиб ўтишга мажбур бўлади, кейинроқ эса Туркияга жойлашади.

Таниқли журналист Карим Баҳриев марҳум ҳақида ўзининг Фэйсбукдаги саҳифасида мана буларни ёзди:

"Хақ сўзлари учун қувғинда бўлиб, аввал Қозоғистонда талабаларга сабоқ бердилар, охирги йилларла Туркияда 40000 толиби бор Кастамону университетида Туркистон адабиётидан дарс берардилар. Туркийлар учун ўрта тил масаласини кўтарардилар. Охирги марта Истанбулда Туркистон мухторияти анжуманида кўришган эдик. Яқинда йўллар очилиб, Тошкентга келгандилар. Бироз дард чекдилар. Аллоҳ гуноҳларига каффорат қилсин".

Ботир Норбой адабий танқидчиликка доир қатор китоблар муаллифи эди.

Аввалроқ у Би-би-сига Ўзбекистонда тақиқланган шоир ва ёзувчилар ижоди ҳақидаги китоб устида ишлаётганини айтган эди.

Қозоғистонда экан, ўзбек тилидаги мустақил газета нашрини йўлга қўйган ва ўзбек адабиётига доир китобни нашр эттирган.

Ҳаммаслак ва ҳамфикр дўстлари Ботир Норбойни ўз фикрини айтишдан қўрқмаган зиёли, ўзбек тили ва адабиётининг жонкуяри сифатида эслашади.

Би-би-си Ўзбек хизмати таҳририяти марҳумнинг оила-аъзоларига ҳамдардлик изҳор қилади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ