Сиёсий маҳкум Искандар Худойберганов қамоқдан чиқишга умид қилмоқда

Искандар Худойберганов (чапда) ва "Эзгулик" фаоли Абдураҳмон Ташанов Фото муаллифлик ҳуқуқи "Эзгулик" жамияти
Image caption Искандар Худойберганов (чапда) ва "Эзгулик" фаоли Абдураҳмон Ташанов

25 йил муддатга қамалган Искандар Худойберганов соғлиғи яхши эканлигини ва қамоқдан чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий судига кассация тартибида шикоят қилганини билдирди.

Human Rights Watch ва Amnesty International томонидан сиёсий маҳкум деб топилган Искандар Худойберганов билан 25 феврал куни "Эзгулик" жамияти фаоли Абдураҳмон Ташанов учрашди.

Жаслиқ жазони ўташ муассасасида Искандар Худойбергановни кўрган Адбураҳмон Ташанов ундан илк бўлиб соғлиғи ҳақида сўраган.

"Муассаса раҳбарияти менга ижтимоий тармоқлар орқали кимдир менинг аҳволим оғирлиги, саломатлигим борасида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни етказганини айтишди. Бу ҳақиқатдан йироқ, мана ўзингиз кўриб турибсиз. Фақатгина бу ёлғон хабар яқинларимга ёмон таъсир ўтказишини ўйлаб, сиқилдим", деган Искандар Худойберганов.

"Эзгулик" хабарида айтилишича, Искандар Худойбергановнинг саломатлиги билан боғлиқ муаммо йўқ. У шу кунда муассаса қошида ташкил қилинган ёғоч ўймакорлиги цехида ишламоқда. Эрта-индин тикув цехига ўтиши мумкин.

Олдинроқ Искандар Худойбергановнинг Швецияда яшовчи синглиси Дилобар Эркинзода акасининг соғлиғидан хавотир олаётганини билдирганди.

"Жума куни қариндошимиз уйига бир одам келган милиция формасида. Акам ҳақида сўраган биринчи. Кейин Искандарни аҳволи оғир, яқинлари боришсин, деб айтиб кетган. Бу биринчи марта бўлаяпти. Олдин ҳеч ким келмаган, ҳеч қандай маълумот ҳам беришмаган. Шунга қариндошларим ҳам озгина ҳаяжонланиб у ходимни исм фамилиясини ҳам сўраш эсларидан чиқиб кетган", дейди Дилобар Эркинзода.

"Эзгулик" тарқатган хабарда айтилишича, Искандар Худойберганов Ўзбекистонда ҳокимият алмашгач Жаслиқда ўзгаришлар бўлганлиги ва у каби маҳкумларда озодликка чиқиш учун умидлар пайдо бўлганини билдирган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи "Эзгулик" жамияти
Image caption Искандар Худойберганов "Жаслиқ"даги шароитлар яхшиланганини айтган

"Ўзим ҳам шундан руҳланиб, ишим юзасидан 2018 йилнинг 28 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий судига кассация тартибида шикоят ёздим. Шикоятим кўрилаётгани ҳақида хабар келди. Мен билан қамалганларнинг ҳаммаси озодликка чиққанидан хабарим бор. Тўғри, аввал қаттиқ сиқилардим, ҳатто адвокат Майоров келганида у билан гаплашишга истак ҳам бўлмаган", деган Искандар Худойберганов.

Хабарда ёзилишича, шу кунда Жаслиқ лагерида маҳкумларнинг овқатланиш рациони бойитилган, Жазони ижро этиш Бош бошқармаси маъмурияти мазкур масалага қонунчилик талаблари ва халқаро стандартлардан келиб чиқиб ёндошмоқда.

Искандар Худойберганов 2001 йили Тожикистон ҳудудида қўлга олинган.

У Ўзбекистон конституцион тузумига тажовуз қилиш ва бир неча оғир жиноятларда айбланган Искандар Худойберганов 2002 йили ўлим Жазосига ҳукм қилинган.

Кейинчалик Ўзбекистонда ўлим жазосига бекор қилингач, 25 йил озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланган.

Искандар Худойбергановни айбдор деб топишда унинг тергов давомида берган иқрорномаси ва икки гувоҳ кўрсатмасига таянилган.

Судда гувоҳлар кўрсатмасини қийноқ остида берганини айтиб, ундан бош тортишган.

Искандар Худойбергавно уни ИИВ ертўласида қийноққа тутишганини айтган.

Судья Низом Рустамов "ИИВ санатория эмас", деб қийноқлар борасидаги эътирозларни эътибордан четда қолдирган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek