Миграция агентлигининг Москвадаги ваколатхонаси: янги ташкилотдан янги умидлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUzbek

Ваколатхона очилдими ёки очилиш арафасида?

"Буюк келажак" нодавлат нотижорат ташкилоти эксперт Саиднўмон Мансуровнинг Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москвадаги ваколатхонаси раҳбари этиб тайинлангани ҳақида Facebook даги саҳифасида эълон қилди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг расмий сайтлари ва ижтимоий тармоқларидаги саҳифаларида ҳеч қандай маълумот берилмаган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикасининг Москвадаги элчихонаси расмий сайтлари ҳам бу борада ҳозирча жим.

Аммо миграция агентлигининг Москвадаги вакили тайинлангани ҳақидаги хабар матбуотда тарқала бошлади.

Россия-Ўзбекистон: 2018 йил мигрантлар учун нега оғир келди?

Россия: Ўзбекистон ҳукумати юбораётган мигрантлар кўчада қолмоқда

Ўзбекистон-Россия: Мигрантлар юк ташувчилардан нега норози?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUzbek

Россияда Ўзбекистон ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ваколатхонаси очилдими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook

Би-би-си Ўзбек хизмати шу савол билан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига мурожаат қилди. Вазирликнинг матбуот хизмати ваколатхона расман очилганини билдирди.

- Агентликнинг Москвадаги ваколатхонаси Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонасида жойлашган. Ҳозирча хона ажратилган ва у ерда таъмирлаш ишлари кетаяпти, - деди Меҳнат вазирлиги матбуот хизмати ходими Алишер Элмуродов.

BBC Uzbek элчихона билан боғланди. Баҳриддин исмли мулозим хона ва таъмирлаш ҳақидаги маълумотларни тасдиқлаб, вакилнинг хонаси консуллик бўлимида эканлигини ойдинлаштирди ва бошқа изоҳ бера олмаслигини айтди.

Биргина вакилнинг Москвадаги минглаб муҳожирларга хизмат кўрсатиши қай даражада имконли?

Миграция агентлигининг Москвадаги ваколатхонасининг штат бирлиги қандай бўлади?

Россиянинг бошқа ҳудудларида оғир аҳволга тушиб қолган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари қаерга мурожаат қилишлари мумкин бўлади?

Бу каби саволлар ҳозирча очиқ қолмоқда.

Суриштирувларимиздан аниқланишича, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москвадаги ваколатхонаси очилиш арафасида.

Ҳозирда хужжатлаштириш жараёни якунига етмоқда.

Элчихона ходимига кўра, ташкилот расман иш бошлаганидан сўнг барча маълумотлар расмий сайт орқали оммага етказилади.

Матбуот учун очиқлик бўладими?

Расмий идоралардан Ташқи миграция агентлигининг Москвадаги вакилини сўраб-суриштиримиздан кўра, "Буюк келажак" эксперти Саиднўмон Мансуровни топишимиз енгилроқ кечди.

Эксперт вакилнинг Би-би-сига билдиришича, янги ваколатхона Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларига амалий ёрдам кўрсатувчи идора бўлади.

- Вакиллик Россия ҳудудида оғир аҳволга тушиб қолган меҳнат муҳожирларини ватанга қайтаришда, яқинлари мусофирликда вафот этганларга ёрдам кўрсатиш, уларнинг ҳуқуқлари ҳимояси ва муҳожирлар дуч келаётган бошқа муаммоларини ўрганиш ҳамда ечимини топишда кўмакчи бўлади, - деди Ташқи миграция агентлигининг Москвадаги вакили Саиднўмон Мансуров.

Вакил Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг муаммолари билан танишлиги, уларга ёрдам турларини кўриб чиқиш билан бирга, бу соҳада тажрибаси катта бўлган ҳуқуқшунослар билан фикрлашиб иш кўраётганини маълум қилди.

- Валентина Чупик кўп йиллардан бери бевосита Россиядаги меҳнат муҳожирлари билан ишлайдиган тажрибали юрист. Шундай ҳуқуқ ҳимоячилари ва фаоллар билан биргаликда ҳаракат қилиш мақсадидамиз. Ва албатта, фаолиятимиздан ОАВни хабардор этиб борамиз, - деди Саиднўмон Мансуров.

Янги вакил олий таълимни Россияда олганлиги ва халқаро муносабатлар соҳасида 10 йилдан ошиқ иш тажрибага эканлиги маълум.

Агентлик билан суғурта бирга: бири пул беради, иккинчиси оладими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUzbek

Саиднўмон Мансуров "Ўзагросуғурта"нинг Москвадаги ваколатхонаси раҳбари ҳамдир.

Бу вакилликнинг ҳам ташкил этилганига кўп вақт бўлмаган.

2018 йил сентябрь ойида очилган "Ўзагросуғурта" ваколатхонаси яқинда Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари учун мўлжалланган "Патент+" деб номланган суғурта полисини жорий этган.

Бу борада ташкилот мигрантларга ихтиёрий-мажбурий суғурта полисларини сотишда етакчи бўлган "Русский стандарт" суғурта компанияси билан ҳамкорлик қилмоқда.

"Буюк келажак" халқаро ННТ матбуот хизмати маълумотига кўра, Саиднўмон Мансуров "Ўзагросуғурта" суғурта компанияси ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москвадаги ваколатхоналари раҳбарлиги лавозимларини бирга бошқаради.

Мустақил экспертларга кўра эса, бу вакилликлар бир-бирига қарши икки алоҳида тармоқ бўлиб, "бири муҳожирларга бепул ҳизмат кўрсатса, иккинчиси уларнинг пулини мажбурий олади".

- Аммо ҳозир миграция агентлигининг Москвадаги ваколатхонаси очилаётганига хурсанд бўлишимиз керак. Чунки шу пайтгача бу ташкилот жуда керак, аммо йўқ эди. Ҳозир бу икки соҳа бир-бирига қарама-қарши иш қилади, деб норози бўлишимиз бўлаётган катта ишни йўлини тўсиб қоладими, деб ўзимизни бирор фикр билдиришдан тиямиз, - дейди муҳожирлар учун бепул юрист Валентина Чупик.

Ҳали очилмаган, аммо иш қизғин

Айни пайтда янги ташкилот хужжатларни расмийлаштириш билан бир пайтда меҳнат муҳожирларига ёрдам бериш ишларини бошлаб юборган.

- Шу кунларда Москвада вафот этган ўзбекистонликларнинг жасадлари("Груз")ни ватанга юбораяпмиз. Мигрантларни вақтинчалик сақлаш марказида узоқ муддат қолаётган муҳожирларни ватанга юборишда мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳаракат қилаяпмиз, - дейди Саиднўмон Мансуров.

Миграция агентлигининг Москвадаги ваколатхонасининг расмий очилиши маросимига тайёргарликлар сўнгги босқичда.

Миграция йўналишидаги кузатувчилар ва экспертлар агентлик ваколатхонаси ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг иккинчи уйига айланади, деган умидларни билдиришмоқда.

Россияда энг кўп сонли меҳнат муҳожирлигидаги ўзбекистонликлар учун мазкур ваколатхона қўшни давлатлардан кўра энг кеч ташкил этилаётгани бўлди.

Марказий Осиёдан Тожикистон ва Қирғизистон давлатларининг Москвадаги ваколатхоналари 2015 йилдан буён фаолият юритиб келади. Ва бу давлатлар муҳожирлари ўзбекистонликларга нисбатан озчиликни ташкил этса-да, ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоясида анчайин устунликка эгалиги маълум.

Ўзбекистоннинг собиқ Президенти Ислом Каримов даврида Россияда минглаб ўзбекистонликларнинг меҳнат муҳожирлигида эканлигига ҳукумат даражасида кўз юмиб келинар эди. Марҳум Президентнинг ўзи эса муҳожирларни "дангасалар"деб атаб, улардан "жирканишини" билдирган.

Айни пайтда Россияда расман 2 миллионга яқин меҳнат муҳожирлари билан ўзбекистонликлар етакчиликни қўлдан бермай келаётир.

Уларга ҳукумат даражасидаги эътибор президент Шавкат Мирзиёев иқтидорга келганидан сўнг қаратила бошланди.

Ўзбекистонлик мигрантлар ҳар йили ортга юборувчи бир неча миллиард долларлик маблағлар эса, йилларки, мамлакат иқтисодини тутиб, юритиб келаётган энг муҳим молиявий манбалардан бири бўлади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek