Ўзбекистон: Умрбод ўзбек футболидан четлатилган Бабаян қандай қайтди?

Бундан бир йил аввал шов-шув билан ўзбек футболидан бир умрга четлатилган мураббий Самвел Бабаяннинг яна унга қайтиши жавоблардан кўп саволларни пайдо қилди. Мухлислар Бабаяннинг қайтишидан эмас, балки Ўзбекистон футбол ассоциациясининг "субутсизлиги" ва нопрофессионаллигидан кўпроқ норози бўлмоқда.

Бир вақтлар Пахтакор ва Миллий терма жамоани бошқарган мутахассис энди Тошкентнинг "Локомотив" клуби президентига маслаҳатчи бўлди.

Бабаяннинг кутилмаганда ўзбек футболига қайтиши кўпчиликни ҳайратлантирган бўлса, қайтишнинг ҳуқуқий асослари эса жавоб ўрнига туганмас саволлар пайдо қилмоқда.

Маълум бўлишича, 2018 йилнинг 15 январ куни ЎФФ Ижроия Қўмитаси қарори билан бир умрга футболдан четлатилган Самвел Бабаян орадан роппа роса 15 кун ўтиб яна ўзбек футболига қайтарилган.

Эндиликда Ўзбекистон Футбол ассоциацияси бўлган ташкилот томонидан 27 феврал куни чиқарилган баёнотда айтилишича, бунга Тошкентнинг "Бунёдкор" клуби ёзган кафолат хати сабабчи бўлган экан.

Эътиборли томони Бабаяннинг 15 кундан сўнг ўзбек футболига қайтарилгани шу вақтгача ҳеч қаерда ошкор қилинмаган.

Бабаяннинг кун.узга айтишича, уни миллий терма жамоада бош мураббий бўлиб ишлаганида кўрсатган ватанпарварлиги учун оқлашган. Ва ЎФАдагилар буни ҳеч кимга ошкор қилмасликни илтимос қилишган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images/Olympic.uz
Image caption Бабаяннинг 2 ҳафтадан сўнг ўзбек футболига қайтганидан Умид Аҳмаджоновнинг хабари борми?

Бундан ҳатто Бабаянни ортга қайтарган ЎФА Ижроия Қўмитаси аъзоси, ЎФА 1- вице президенти Умид Аҳмаджоновнинг ҳам хабари бўлмаган кўринади.

Аҳмаджонов ўтган йилнинг 20 апрел куни championat.asia сайтига берган интервюсида Бабаян борасида шундай деган.

"Унинг борасида позициямиз ўзгармайди. Миллий терма жамоадан ўз манфаати йўлида фойдаланган деб ҳисоблаганимиз учун ҳам яқин орада ўзбек футболига қайтаришни режалаштираётганимиз йўқ", деган Умид Аҳмаджонов.

Савол туғилади, Аҳмаджонов ўзи аъзоси ва бошқарувчиларидан ҳисобланган ЎФФ ижроия қўмитаси қароридан хабари йўқмиди? Хабари бўлган бўлса у жамоатчиликни алдадими? Аҳмаджонов Бабаяннинг қайтганидан хабари бўлмай туриб гапирган бўлса ЎФАни ким бошқаряпти? Ўзбекистон Футбол ассоциацияси футболни бошқаришда қанчалик мустақил?

ЎФАнинг мустақил ташкилот эмаслигига, унга қандайдир кучлар босим ўтказаётган бўлиши мумкинлигига Телеграмда 70 минг ўқувчиси бор блогер Хушнудбек Худайбердиев шубҳа билдирган.

У ЎФА томонидан чиқарилган баёнотдан қуйидаги иқтибосни келтирган.

"ЎФА бундан буён Самвел Бабаян Ўзбекистоннинг ҳеч қайси терма жамоасида фаолият юритишига йўл қўймайди. Қўшимчасига, кейинги фаолиятини Самвел Бабаянсиз тасаввур қила олмаган "Локомотив" футбол клубининг қарорига ҳам қаршилик кўрсатмайди", дейилади.

Қизиқ, жуда қизиқ., дейди Хушнудбек Худайбердиев.

"Мана шу банд кўп нарсани айтиб турибди. Демак, тахмин қилсак, ЎФА раҳбарияти ҳалигача Бабаянни кўргани кўзи йўқ, унинг футболга қайтишидан умуман манфаатдормас. Аммо қандайдир «юқори кучлар» босими остида бунга қаршилик қила олишмаганига шаъма қилаётгандек гўё", дея фикр билдиради xushnudbek.uz канали юритувчиси.

Мухлисларнинг кўпчилиги Бабаян можаросида мураббийга эътироз билдирмаган. Уларни жунбушга солаётган нарса Ўзбекистон Футбол ассоциациясининг ўз сўзида турмагани, ўзи чиқарган қарорларга ўзи амал қилмаслиги ва субутсизлиги.

"Бабаян билан ишим йўқ, ЎФАнинг субутсизлигига ҳайрон қолаяпмиз. Айнан Бабаян мавзусида ЎФАга кимдир босим ўтказган бўлиб чиқяпти. Акс ҳолда улар ўз қарорини 15 кунда ўзгартирмас, уни дисфликациясини бекор қилганини 1 йил бекитиб юрмас эди", деб ёзади твиттер фойдаланувчиларидан бири.

Мухлислар умрбод деб қабул қилган қарорини 15 кунда ўзгартирадиган ва ўзи чиқарган қоидаларга амал қилмайдиган ташкилот ва унинг раҳбарияти керакми йўқми деган саволларни беришмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek