Ўзбекистон: Кубатин иши Мирзиёев ислоҳотлари учун синов

Ёш тарихчи олим Андрей Кубатин устидан жиноят ишини сохталаштирган МХХ ходимлари, адолатсиз ҳукм чиқарган судьялар лавозимларидан озод этилдилар.

Аммо икки йилдирки бегуноҳ тадқиқотчи тутқунликда қолмоқда.

Бу Бош Прокуратура Ўзбекистонда жиноят ишлари сохталаштирилганини эътироф этган кунларда кузатилмоқда.

Ҳозир ҳам Андрей Кубатинга руҳий босим ўтказиляпти, дейди опаси Клара Сахарова.

Адолатсиз суд ҳукми устидан Ўзбекистондаги барча мутасадди идораларга мурожаатлари наф бермаганидан кейин Клара Сахарова Президент Шавкат Мирзиёевга видео мурожаат билан чиқишга қарор қилди.

"Энди Ўзбекистон давлатида қаерга мурожаат қилай?", деб сўрайди Клара Сахарова социал медиада тарқалган видеода.

Андрей Кубатин бошиданоқ қонунга зид равишда ҳибсга олинган.

2017 йил мартида гўёки кимнидир ҳақорат қилишда айблаб, милиция идорасига олиб борилган.

Сўнг Тошкентнинг Панелнийсидаги муваққаят изоляторга 15 суткага қамашган.

Андрей Кубатин устидан ватанга хиёнат жиноят иши қўзғатилган.

Дастлабки терговда МХХ ходимлари Андрей Кубатинга жисмоний ва руҳий босим ўтказганлар.

2017 йил 1 декабрида Ҳарбий суд Андрей Кубатинни 11 йилга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарган.

Маҳкама ёш олимни ватанга хиёнат қилишда айбдор деб топган.

Ҳукмга кўра, Андрей Кубатин Туркия фуқаросига 1000 АҚШ доллари эвазига гўёки Ўзбекистон Давлат архиви ва Шарқшунослик институтида сақланган электрон китобларни сотган.

Аммо суд жараёни пайтида Кубатин бу китоблар архивдан олинмагани, маълумотларнинг аксари Интернетда очиқ эканлигини айтганига қарамасдан, ҳакам бу важларни инобатга олмаган.

Дастлабки терговда тарихчи олим китобларда давлат сири йўқлиги ҳақида экспертиза хулосасини берган.

Бироқ бу хулоса МХХ терговчиларини қондирмаган.

Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик хизмати терговчилари Андрей Кубатинни пантуркийлик ғояларини тарқатиш, миллий ва динлараро низо қўзғаш, Ўзбекистоннинг геологик бойликлари ҳақидаги маълумотларни четга чиқаришда айблаганлар.

2018 йил майида ўтказилган аппеляция маҳкамаси Кубатинни 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш ҳақида қарор қабул қилди.

Тошкент Шарқшунослик институти доценти Андрей Кубатин ўзбек тили шеваларини мукаммал билади, шу билан бирга тарихчи ва қадимшунос сифатида истеъдодли ёш олим сифатида танилган.

Дунёдаги нуфузли 40 олим Президент Мирзиёевга мурожаат қилдилар, айбсиз Кубатинни озодликка чиқаришга кўмаклашишни сўрашди.

Олимлар, Кубатин ёш бўлишига қарамай, дунёнинг академик доираларида яхши танилган шарқшунос олим эканини таъкидлаганлар.

Кўпчилик назарида Андрей Кубатиннинг иши Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда бошлаган ислоҳотлар, хусусан, адолатли судлов тизимини барпо этиш йўлидаги ислоҳот учун синовдир.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ