Ўзбекистон ва дунё: Facebook, Google ва Twitter ни биз ўқиймизми ёки улар бизни?..

Фото муаллифлик ҳуқуқи WILLIAM WEST

Аксарият балки билар, балки билмас, аммо ўзингиз "like" босган, "share" қилган мақола, пост, видео материал сизни келгусида ҳам таъқиб қилиши мумкин экан.

Facebook, Twitter, Google сизга ахборот уммонида адашиб қолмаслигингиз учун (аслида реклама берувчиларга керакли истеъмолчини топиш, рекламани мақсадли йўналтириш учун) алгоритм жорий қилган. Бу алгоритм сиз нимани ўқисангиз, ёқтирсангиз барини ҳисобга олади ва сизга худди ўша мавзу ва мазмундаги постлар, сайтлар, видео материалларни топиб, таклиф қила бошлайди.

Ижтимоий тармоқларда фақат ўзингизга ўхшаган фикрдаги инсонларнинг профилларини таништиради, ҳаммаслаклар тўпланган гуруҳларни, саҳифаларни кўрсатади. Ўзингиз сезмаган ҳолда эътиқодингизни, қарашларингизни тасдиқловчи хабарларни, постларнигина ўқий бошлайсиз.

Бирор бир маҳсулотни қидириб кўринг, ана шу маҳсулот кейин сизни ростакамига Facebook, Google ва Twitter да "қидириб" юради.

Қизиқишингиз, қарашларингизга тўғри келмайдиган барча хабарлар, мақолалар фильтрлана бошлайди. Кўп ўқийсиз-у, аммо бир нарсани ўқийсиз, фақат бир мавзуда ўқийсиз, фақат бир нарсани кўрасиз.

Оқибатда аввалгидан билимдонроқ ёки кенг фикрлироқ эмас, аксинча, ўз қобиғига ўранган, тор фикрли одамга айланиб қолиш хавфи пайдо бўлади.

Ҳар замонда бир кўриниб қоладиган ўзгача фикрдаги материаллар сизга ахмоқона бўлиб кўрина бошлайди. Билмайсизки, ўша сиз ахмоқона деб ҳисоблаган гап кўпчиликнинг фикри ёки тасдиқланган илмий ҳақиқат бўлиши мумкин. Сиз эса бундан бехабарсиз. Чунки алгоритм сизга фақат ўзингизнинг эски қарашингизга мувофиқ хабарлар узатиб туради.

Ушбу жараён "Фильтрловчи пуфак" (Filter bubble) деб аталади. Бу жараён ўзингиз, ўз қарашларингизнинг акс-садосини ҳосил қилади (Echo chamber). Шу маънода акс-садодирки, сиз ўзгалар оғзидан аслида ўз овозингизни эшитасиз. Бошқаларнинг овози ўчади. Батафсилроқ (инглиз тилида) ўқиш учун бу ерга босинг.

"Filter bubble"нинг нимаси ёмон ва нимаси яхши?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Screenshot facebook

Ахборот кўпайиб борар экан, одам ўзига керакли ахборотни тополмай, кераксиз, ўзи учун аҳамиятсиз маълумотлар гирдобида қолиб кетади. Натижада ўзига кераклини топиш учун кўпроқ вақт сарфлаши зарур бўлади. "Filter bubble" сизга фақат ўзингизга керакли ахборотнигина ажратиб, саралаб беради. Бу керак, албатта.

Бироқ у фақат мавзуни эмас, балки мазмунни ҳам элакдан ўтказади. Иқтисодчига фақат иқтисодга доир мақолалар, постлар, хабарларгина эмас, балки унинг иқтисодий қарашларига мувофиқларигина кўринади. Либералга либерал, социалистга социалистик, консерваторга консерватив мазмундаги материллар таклиф қилинади.

Телефон сотиб оламан деб, интернетга кирдингизми, тамом, айнан сиз истаган телефон хилидагилари айланиб, ўргилиб чиқиб келавергани каби, бир марта либералларнинг сайтига кирсангиз, алгоритм сизга фақат либералларнинг сайтлари, мақолаю постларини кўрсата бошлайди. Дунёни либерал босгандек кўриниб кетади.

"Filter bubble" бир томондан одамларни бир-бирига яқинлаштирса, бошқа томондан жамиятда кескин қутбланишни пайдо қилади.

Бир хил қизиқиш, эътиқод ва диддаги одамларнинг ўзаро топишиши яхшику-я, аммо улар бошқалар ҳақида жуда оз маълумотга эга бўлади. Чунки "bubble" ўзгалар ҳақидаги маълумотни тўсиб қолади. Бошқача айтганда, гуруҳ ичида ўзаро мулоқот кучаяди ва, айни дамда, гуруҳлараро мулоқот сусаяди.

Мисол учун олайлик, ўзбек жамиятида диндор ва дунёвий қатлам ўртасидаги ижтимоий тармоқлардаги зиддият сақланиб тураверади.

Чунки бу икки гуруҳ ўртасида мулоқот ҳар замонда бир - турли хайп мавзулар кўтарилганда бўлади. Қолган пайтда ҳар икки гуруҳ ўз қобиғи ичида яшайди. Диндор диндорнинг постига "like" босади, алгоритм буни ҳисобга олади ва кейинги сафар яна ўша лайк босилган пост мазмунидаги ёки ўша пост эгасининг постларини қайта кўрсата бошлайди. Диндор ижтимоий тармоқларда фақат ўз фикрдошларини кўради ва фақат ўз фикрини тасдиқловчи постларни ўқийди. Дунёвийларда ҳам худди шунга ўхшаш жараён кетади. Иккала томонда ҳам мухолифига нисбатан тоқатсизлик кучайиши мумкин.

Мана шу маънода ижтимоий тармоқларни бутун жамият аъзолари ўртасидаги мулоқот воситаси дейиш нотўғри.

Ижтимоий тармоқлар сизни тушкунликка солиши мумкинми?

Ижтимоий тармоқлар: "Путин ҳақиқий дўстимиз экан!"

Facebook даги ўзбекларни бирлаштирган Бахтинисо оламдан ўтди

#10YearChallenge: 10 йил ичида дунё не қадар ўзгарди?

Echo chamber фақат интернет асрида пайдо бўлдими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Google screenshot

Виртуал олам реал ҳаётнинг бир акси холос, зотан. Интернет бўлмаган замонларда ҳам одамлар фақат ўзига ўхшаганлар билан мулоқот қилган. Гуруҳбозликлар, алоҳида ҳаракатлар, партиялар "echo chamber" вазифасини бажарган. Маслакдошлар ўзаро мулоқот қилган. Динлар, мазҳаблар, тиллар ана ўша "echo chamber"лардир. Улар ўртасида мулоқот етарли бўлмаганда ўзгалар ҳақидаги асоссиз стереотиплар, хурофий қарашлар шаклланган.

Интернет бўлмаган замонларда "filter bubble" вазифасини газеталар, радио, ТВ каналлар бажарган. Ҳар бир газета ёки ТВ каналнинг ўз мухлислари бўлгани ва уларнинг ҳам ҳар бири мафкуравий томондан турлича мавқе тутганини ҳисобга олсак, социалистлар/капиталистлар/марксистлар/феменистлар/атеистлар чиқарган газета ўқувчилари фақат ўз қарашларини тасдиқловчи, қўлловчи хабарлар, мақолалардан баҳраманд бўлган.

ТВ каналлар билан ҳам айни шу ҳолатни кузатиш мумкин. Бугун рус ТВ каналларини кўриш билан чекланаётганлар бир-бирига ўхшаш фикрлаши бежизга эмас.

Инсон - ижтимоий ҳайвондир. У яшаш учун гуруҳ ёрдамига муҳтож, гуруҳ эса ишончли, таниш ва хавфсиз бўлиши керак. Шунинг учун ҳам инсон ўзига ўхшаганларни қидираверади. Бу нормал жараён.

Инсоннинг қанчалик ақлли ва онглилиги унинг мана шу жараёндан қанчалик эркинроқлиги билан белгиланади. Таълим ҳам ана шунга хизмат қилиши керак.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek