Ўзбекистон: Ер бериш тартибини бузганлик учун жиноий жавобгарлик жорий этилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Uriel Sinai/Getty Images
Image caption Ўзбекистонда ер бериш ва ер эгалиги борасидаги қонунчилик ўзгармоқда

Ўзбекистон қонунчилигига ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик чораларини кучайтирувчи тузатишлар киритилди.

4 мартда қабул қилинган ЎРҚ-526-сон қонун уч ой ўтгач кучга киради.

Мазкур ўзгаришларга биноан, ер бериш тартибини бузганлик учун жиноий жавобгарлик жорий этилмоқда.

Айни пайтда бунинг учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 66-моддаси бўйича фақат маъмурий жазо чораси назарда тутилган.

Ер бериш тартибини бузганлик учун маъмурий жазо қўлланилса, аммо жиноят яна қайтарилса, жавобгар томон 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Охирги йилларда Ўзбекистон матбуотида ер эгалиги ва ер бериш тартиби билан боғлиқ ҳуқуқий можаролар кўп ёритилмоқда. Арз қилувчилар ўз иншоотлари учун гўёки қонуний йўл билан сотиб олинган ерлар эндиликда ноқонуний дея топилаётганидан шикоят қиладилар.

Маҳаллий ҳокимиятлар ерларни бериш тартибига хилоф равишда амал қилган ҳоллари аниқланган. Баъзи ҳолларда, ноқонуний йўл билан берилгани аниқланган ер устида қурилган турар жойларнинг эгалари ернинг ҳокимиятдаги янги маъмурият томонидан тортиб олиниши туфайли уйсиз қолишмоқда.

Янги қонунга кўра, суғориладиган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга йўл қўймаслик бўйича чоралар кўрмаганлик учун ҳам маъмурий ва жиноий санкциялар жорий этилади. Бунинг учун ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ёки ижарачилар жавобгарликка тортилади.

Шунингдек, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олганлик учун жарималар икки баравар оширилади. 15 суткагача маъмурий қамоққа олиш тарзидаги муқобил вариант ҳам сақланиб қолди.

Ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш деганда ваколатли органнинг қарорисиз, ер участкаси чегараси жойида белгиланмасдан, ер участкаларининг планлари (чизмалари) ва тавсифлари тузилмасдан ҳамда ер участкаларига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатига олинмасдан ер участкаларининг эгаллаб олиниши тушунилади.

Қонун «Халқ сўзи» газетасида чоп этилган ва 6.06.2019 йилдан кучга киради.

"Ёмон хабар берсангиз, инвестор келмайди" - Тошкент ҳокими

Би-би-си тергови: Бузилаётган уйлар бўйича Тошкент ҳокимлиги жавоб берди

Суд уч ака-ука журналистларнинг уйини тортиб олиш қарорини ўз кучида қолдирди

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek