Ширинликдан тишлари тушган Турсунбой: Ўзбекистон болалар учун энг яхши қаҳрамонларни танлади

Турсунбой ва Қўчқорвой эртак ёки мультфильм қаҳрамони бўлиши мумкин Фото муаллифлик ҳуқуқи Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги
Image caption Турсунбой ва Қўчқорвой эртак ёки мультфильм қаҳрамони бўлиши мумкин

Ўзбекистонда болалар учун янги персонажлар яратиш бўйича танлов бўлиб ўтди. Танловда ғолиб бўлган қаҳрамонлар орасида ширинликни кўп еганидан тишлари тушиб қолган Турсунбой ҳам бор.

"Персонаж зерикарли бўлмаслиги керак. Унинг ўз характери, ажралиб турадиган жиҳати бўлиши керак. Бўлмаса зерикаларли бўлиб қолади. Оддий, фақат яхши ўқийдиган персонаж жуда кўп. Болаларни бу нарса ўзига тортмаслиги мумкин", дейди кўрик-танловда иккинчи ўринни олган Хуршид Турсунбоев.

Унинг "Турсунбой ва Қўчқорвой" персонажи табиийлиги билан ажралиб туради.

"Менинг персонажим - Турсунбой реал ҳаётдан олинган. У ширинликларни жуда яхши кўради, тишларининг тўкилиб тушгани ҳам шундан. Унинг энг яқин дўсти - Қўчқорвой. Лекин Қўчқорвой дўстининг қучоқлаши, у билан ўйнашини кўпам ёқтирмайди, унга ўт ва ем бўлса бўлди", дейди Хуршид Турсунбоев.

Гулистон Ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежининг иккинчи курсида таҳсил олаётган 17 ёшли Хуршид болалар учун қаҳрамонларни танлаш танлови ҳақида Тошкентдаги ИНҲА университетидаги ўқийдиган қариндошидан эшитган.

У келажакда қаҳрамони иштирокида аннимациялар яратишни мақсад қилган.

"Ғоям бўйича Қўчқорвой ҳайвонлар ичида одамларнинг тилини тушунадиган ва гаплаша оладиган жонивор бўлади. Унинг сирини Турсунбой билиб қолади. Кейин иккаласининг саргузаштлари бошланади", дейди у.

Ёш болалар учун севимли қаҳрамонларни яратиш ва уларни саралаб олиш учун Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги махсус кўрик танлов ташкиллаштирган.

4 март куни ушбу танлов якунланиб ғолиблар тақдирланди.

Танловда 270 нафар ижодкор иштирок этди. Улардан 1000 дан зиёд иш келиб тушди.

Асарларнинг 17 таси кўрик-танловнинг якуний - финал босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. Финалчиларнинг 10 нафари онлайн овоз бериш йўли билан сараланган, қолган 7 нафари ташкилотчилар томонидан танлаб олингани айтилмоқда.

Биринчи ўринни "Буюк болакайлар" персонаж тўпламини тақдим қилган Тоҳир Исломов олди. Ушбу персонажлар тарихий шахсларнинг болаликлари қандай бўлганлиги борасида ўқувчига тасаввур беради.

У 10 миллион сўм пул мукофотига эга бўлади.

Иккин ўринни Хуршид Турсунбоев олди, коллеж талабаси 6 миллион сўмга эга бўлади.

Учинчи ўринга Лейла Мўминова лойиқ деб топилган. Анора персонажини тақдим қилган Лейла 4 миллион сўм пул мукофоти олади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги
Image caption Ўзбек халқ эртакларидан таъсирланиб яратилган Анора замонавий, ташқи қиёфаси ва ички дунёси бугунги болаларга яқин бўлади.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Ахборот хизмати раҳбари Ҳикматилла Убайдуллаевнинг айтишича, танловда иштирок этган қаҳрамонлар келажакда йўқолиб қолмайди. Улардан болалар учун яратиладиган мультфильм, эртакларда фойдаланилади.

"Ўйлайманки, бугун биз ўзбекистонлик болалар учун севимли персонажлар, бир-биридан чиройли миллий қаҳрамонларнинг яратилганига гувоҳ бўлдик. Танловга тақдим этилган барча ишлардан имкон қадар фойдаланишга ҳаракат қиламиз. Ушбу қаҳрамонлар яқин келажакда мультфильм, эртак ва ҳикоя қаҳрамони бўлиб болалар орасига, уларнинг қалбига кириб боради", дейди у.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар