Москвадаги ўзбек аёл: Россия демографиясини кўтарайлик!

Айни пайтда Россияда 500 мингга яқин ўзбекистонлик аёллар меҳнат муҳожирлигида. Тирикчилик, пул топиш мақсадида мусофирлик йўлини танлаган ўзбек хотин қизларини турли соҳаларда кўриш мумкин.

Би-би-си ўзбек хизмати Москвада муҳожирликдаги бир неча аёлларнинг байрам арафасидаги кайфиятлари ва фикрларини билди.

- Москвада ҳали қор кетмагани, совуқлиги учун 8 март баҳор байрами эканлиги бизга унчалик ҳам сезилмайди. Байрамни уч ўғлим ва хўжайиним билан оила даврасида, ихчамгина қилиб нишонлаймиз. Барибир бу ерда Ўзбекистоннинг иссиқ тафти, баҳорини нафаси етмай туради, - дейди тикувчи Раъно Ишанханова.

Асли ўзбекистонлик Шаҳодат Тошматовага кўра эса, "қишнинг қирқ даражалик қаҳратонида ҳам байрамона кайфият ҳосил қилиш мумкин"

Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг 30 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Уларнинг 45 фоиздан зиёди хизмат кўрсатиш соҳаларида меҳнат қилмоқда. Таҳлилчилар, уларнинг атиги 2 фоизи ўз мутахассислигига кўра иш топа олганлигини айтишади.

Ўзбекистонда Тошкент Молия институтини тамомлаган Гавҳар Очилова ҳам 10 йилга яқин рус оилаларида энагалик қилганлигини гапириб берди.

- Аввалига иш топа олмай кўп қийналдим. Хўжайиним билан келганлигим учун улар аввалига ишлашимни истамади. Аммо тирикчилик, ишламасам бўлмасди. Рус тилини билганим, олий маълумотлилигим қўл келиб, энага бўлиб ишга жойлаша олдим, - дейди собиқ молиячи.

Россиядаги ўзбекистонлик аёлларнинг катта қисмини оиласиз аёллар (бева, ажрашган, ёлғиз оналар) ташкил қилади. Кейинги йилларда турмашга чиқмаган қизларнинг ҳам Россияга ишлашга келаётгани кўпайгани кузатилмоқда.

Россияда жинсий зўравонлик, алдовлар, одам савдоси қурбонлари билан боғлиқ вазиятларда ҳам ўзбекистонлик хотин-қизлар сони салмоқли.

- Муҳожир аёллар ҳимоясиз. Улар учун муҳожир аёллар қўмитаси каби бирон ташкилот йўқки, дардини эшитадиган, ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қиладиган. Ҳуқуқшунослардан ташқари, уларга кўп ҳолларда шифокорлар, психолог ёрдамлари керак бўлиб туради. Аммо бу борада ҳам бош уриб борадиган эшиклари йўқ, - дейди жамоатчи фаол Нигора Жўраева.

Муҳожирликда ҳомиладорлик, фарзанд кўриш ва саломатлик масалалари ҳам ўзбекистонлик аёлларнинг оғриқли мавзулари бўлиб келаётир.

Акушер-гинеколог Янглиш Эгамова аёлларга байрам тилакларини билдирар экан, муҳожираларнинг ўз саломатликларига бефарқлиги ҳақида сўз очди.

- Соғлом онадан баркамол фарзанд туғилади. Сиз кучли бўлингки, яна Навоийлар, Рўдакий, Ибн Синолар дунёга келсин. Ўзбекистон, Тожикистон, Россия демографиясини кўтаринглар, - дейди шифокор Эгамова.

Статистик маълумотларга кўра, сўнгги йилларда Россия демографияси муҳожирлар ҳисобига барқарорлашмоқда. Меҳнат муҳожирлари оқими билан бир қаторда муҳожираларнинг Россияда туғилаётган болалари ҳам аҳоли сонининг кечкин камайиши олдини олиб турибди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek