Ўзбекистон: АҚШ Гулнора Каримовага айблов эълон қилди

Нью-Йорк жанубий округи федерал прокуратураси Ўзбекистоннинг марҳум президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова ҳамда "Ўздунробита"нинг собиқ бош директори Беҳзод Аҳмедовга қарши расмий айблов эълон қилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

46 ёшли Гулнора Каримова ҳамда 44 яшар Беҳзод Аҳмедов пул ювиш мақсадида жиноий тил бириктиришда айбланмоқда.

МТС Ўзбекистон туфайли АҚШга миллиард долларга яқин жарима тўлайдиган бўлди

Ўзбекистон, Бош прокуратура: Гулнора Каримова жазонинг қолган қисмини умумий тартибли колонияда ўтайди

Ўзбекистон, Гулнора Каримова ва Швеция маҳкамаси: Телиа собиқ ижрочи раҳбари айбдор эмас

Аҳмедов шунингдек, АҚШнинг хорижда коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонунини бузганликда ҳам гумон қилинган

АҚШ прокуратураси ҳужжатларида айтилишича, гап Америка судлари тарихида бу қонуннинг ҳозирга қадар мисли кўрилмаган бузилиши ҳақида бормоқда.

Икковлон Ўзбекистон телеком бозорида 2001 йилдан бошлаб амал қилган коррупцион схемани ташкиллаштиришда айбланади.

1 миллиард долларлик пора

Америкалик прокурорларга кўра, Гулнора Каримова жаъми 865 миллион доллар пора олган, Аҳмедов эса МТС билан бир қаторда Россиянинг "Вымпелком" ва Швециянинг Telia Company AB (собиқ Teliasonera) ва уларнинг Ўзбекистондаги шаҳобчаларига айни схемани қўллашда ёрдам берган.

Ҳужжатларда айтилишича, Гулнора Каримова Ўзбекистон ҳукуматига таъсиридан фойдаланиб, бу ширкатларга мамлакатда узоқ ва муаммосиз фаолият олиб боришларида кўмак кўрсатиш эвазига пора талаб қилган.

Айтилишича, коррупцион схема 2001 йилдан 2012 йилгача амал қилган.

АҚШ прокуратураси илгарит сурган пул ювиш айблови кўплаб банк транзакциялари билан боғлиқ.

Афтилишича, Гулнора Каримова жиноий йўл билан топилган пулларни яширишда Латвиядан тортиб АҚШгача кўплаб банклардан фойдаланган.

36 бетдан иборат айбномада кўпгина коррупцион схемаларга доир тафсилотлар келтирилган.

Пайшанба куни МТС телекоммуникация оператори АҚШ адлия вазирлиги ҳамда унинг қошидаги Қимматбаҳо қоғозлар ва биржа бўйича комиссияси билан келишувга эришгани маълум қилинганди.

Унга кўра, компания Ўзбекистондаги «бир амалдорга» берилган поралар туфайли 850 миллион доллар миқдорида жарима тўлаши шарт.

Бир кун аввал эса, Ўзбекистон Бош прокуратураси Гулнора Каримованинг қамоқхонага ўтказилганини эълон қилганди.

Бош прокуратурага кўра, 2018 йил 1 июлидан буён уй қамоғида сақланган Гулнора Каримова "жазони ўташ тартиби ва шартларини қасддан бузгани" учун жазонинг қолган қисмини умуий тартибли колонияда ўтайди.

Гулнора Каримованинг 2017 йил 18 декабрда 10 йилга озодликдан маҳрум этилгани, кейинроқ бу муддат 5 йиллик озодликни чеклаш жазосига алмаштирилгани айтилган.

Бош прокуратура Гулнора Каримова "жиноят иши бўйича аниқланган ўзи томонидан етказилган зарарнинг қопланишига фаол тўсқинлик қилгани"ни айтган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek