Ўзбекистон янгиликлари: "Навбаҳор" фанатлари ҳалок бўлди, Тошкентда рўмол маҳкамаси

11 мартга ўтар кечаси Тошкентдаги ўйинни кўриб уйига қайтаётган 2 наманганлик мухлис йўл транспорт ҳодисасида ҳалок бўлди, 3 киши комада қолмоқда. Тошкентда Халқаро Ислом академияси устидан навбатдаги маҳкама бошланди.

10 мартдан 11 март кунига ўтар кечаси Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида "Нексия" ва "Дамас" автомашиналари иштирокида мудҳиш йўл-транспорти ҳодисаси содир бўлди.

Натижасида 4 киши ҳалок бўлган.

Уларнинг 2 нафари "Навбаҳор" футбол клуби мухлислари, яна икки нафари қарама-қарши томонга ҳаракатланиб кетаётган "Дамас" автомашинасидаги йўловчилар бўлган, дея хабар бермоқда "Навбаҳор" клуби фанатларининг сайти лочинлар.уз.

"Нексия"да бўлган "Навбаҳор" жамоасининг 5 нафар мухлиси Суперлиганинг 1-тур доирасида "Қўқон-1912"га қарши ўйинни Тошкентдаги стадионда томоша қилиб, Наманганга қайтаётган бўлган.

Хабарда айтилишича, Ҳодиса "Ангор" пост яқинида содир бўлди, машиналар ёниб кетган. "Нексия"даги яна 3 нафар мухлис айни вақтда комада қолмоқда.

"Ўйин Тошкентда эмас, балки водийдаги стадионларнинг бирида ўтказилганида, мухлисларнинг тақдири мана шундай фожиали якунланмаган бўлар эди", деб ёзмоқда лочинлар.уз сайти.

"Навбаҳор" майдони таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани туфайли ўйинга тайёр бўлмаган. Ўйин нима сабабдан водийдаги бошқа стадионда эмас, айнан Тошкентга кўчирилганига Профессионал футбол лигаси изоҳ бермаган.

Тошкентда ҳижоб ҳимояси учун маҳкама

Маъмурий ишлар бўйича Тошкент шаҳар судида Халқаро Ислом академияси устидан суд жараёни бошланди. Академия қошидаги лицейга рўмол билан киритилмаётган ўқувчи қизнинг отаси адвокат Абдувоҳид Яқубов туман суди қароридан норози бўлиб шикоят киритган.

Адвокат Абдувоҳид Яқубов бугунги суд жараёни рисоладагидек бўлганини айтмоқда. Судя Холмамат Ҳасанов адвокатнинг шикоятини диққат билан тинглаган ва унинг иш юзасидан мустақил исломий мутахассис чақириш таклифини қондирган.

Судья Холмамат Ҳасанов Академиянинг рўмолни ечиб ўқишга кириш талабига Диний қўмита хулоса беришга ҳақли эмаслигини айтган. Чунки у жавобгар шахс.

Яқубов шунингдек, туман судясининг ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари юзасидан хусусий ажрим чиқаришни сўраган. Жумладан, адвокат Абдувоҳид Яқубов туман судяси Шуҳрат Мўминов судга кузатувчи бўлиб келганларнинг паспорт нусхаларини олишни талаб қилишини, уларга нисбатан босим сифатида кўришини айтади.

Шаҳар судида бўлиб ўтган бугунги жараёнга жамоатчилик томонидан қизиқиш катта бўлгани айтилмоқда. Уни кузатиш учун инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва оддий кузатувчилардан иборат 30-35 нафар одам келган. Аввалига техник ходимлар уларни суд залига киритмаган. Бироқ кейинчалик уларнинг бир қисми судга қўйилган.

Суд жараёни 13 март соат 15:00 да давом этади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek