Ўзбекистон: Иккига бўлинган ижтимоий тармоқ қайта бирлашадими?

ижтимоий тармоқлар

Ўзбекистон Республикасининг чет элларда ижобий имиджини шакллантиришга масъул этиб тайинланган мулозим, вазифасига киришишидан бироз олдин ёзган изоҳи учун учун ўлим таҳдидлари ва троллар ҳужуми остида қолди.

Би-би-си билан суҳбатда Бош прокуратура масъули айни масалага ҳуқуқий баҳо берилишда унинг "ниҳоятда нозик эканлигини" инобатга олинишини айтди.

Наргиза Раҳимова (ижтимоий тармоқларда Саидова бўлиб чиқади) Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директорининг ўринбосари лавозимига тайинланишидан уч кун олдин Facebook да қолдирган изоҳи интернетдаги ўзбек сегментини жунбушга келтирди.

Изоҳи ортидан ўлим таҳдидлари олган Раҳимова ҳуқуқ тартибот органлари томонидан ҳимояга олинганди. Ҳодисага Дин ишлар қўмитаси изоҳ берди. Би-би-си Бош прокуратурадан ҳам бу борада муносабат олди.

Наргиза Раҳимова ўлим таҳдидлари остида Би-би-си манбаларига кўра, ўзи ва фарзандлари ҳаётидан хавотирда, уйидан чиқолмай ўтирмоқда.

Аммо Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари ёки мулозимлар айни масалада ўз мавқеиларини очиқ ва расман баён қилгани йўқ.

Ўзи нима бўлганди?

Facebook да Hayot Baxtiyor O'gli томонидан: "Битта хотинни эплай олмайдиган латта эркаклар ва эрининг устига эшак қилиб миниб олган шаллақи хотинлар қўшхотинликка қарши чиқади фақат", деб ëзган изоҳига Наргиза Раҳимованинг берган жавобини кўплаб мусулмонлар Пайғамбар (С.А.В) нисбатан ҳақорат дея қабул қилишди.

Раҳимова "Пайғамбаримиз Хадича онамиз тирикликларида устига хотин олмаганлар. Билмадим, балки ўша пайт сўтакроқ бўлгандирлар. Балким Хадича онамиз шаллақи аëл бўлгандирлар, бунисини сиз яхшироқ биласиз. Ҳазрати Али ҳам Фотима онамизнинг устига хотин олмаганлар. Бу жуда кулгили ҳол, албатта", дея Hayot Baxtiyor O'gliнинг изоҳига жавоб берганди.

Ушбу изоҳ ўша кунлари омма эътиборидан четда қолган. Бироқ Наргиза Раҳимова Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директорининг ўринбосари лавозимига тайинлангандан сўнг, Facebook даги James Carter (ҳозир бу профил ўчириб ташланган) таниқли блогерларга бу машмашали изоҳни жўнатади.

Яна бир блогер Раҳимжон Турдиев Наргиза Раҳимова амалдор бўлгани учун James Carterнинг хатидан кейин бу масалани омма эътиборига ҳавола қилганини ёзди.

"Оддий одам бўлса Худо урибди, баттар бўл деб эътиборсиз қолдирардим. Аммо мансабдор шу гапни ёзса бу катта фалокат биз учун деб ҳисобладим. Чунки ҳозир кимнинг қўлида кучи, мансаби бўлса хоҳлаганини қиляпти", деган масалани жамоатчиликка биринчилардан бўлиб олиб чиққан Раҳимжон Турдиев.

Ижтимоий тармоқларда асосан фақатгина Раҳимованинг изоҳлари туширилган скриншотлар яшин тезлигида тарқай бошлади.

Ҳатто YouTube видео тармоғида ҳам бу масалани бир томонлама, салбий ва нафратга тўла талқин қилган чиқишлар пайдо бўлди.

Таҳдидлар ва сукут сақлаётган расмийлар

Изоҳ қолдирганлар амалдор динни ва Ислом пайғамбарини очиқдан очиқ ҳақорат қилди, деган маънода собит туришиб, ҳақорат ва таҳдидларга эрк беришди.

Жунбушга келганлардан бир қанчаси Наргиза Раҳимова нисбатан ўлим таҳдидларини қилди. Унинг фарзанди билан тушган сурати ижтимоий тармоқларда тарқатила бошланди.

Изоҳлар орасида қатл қилишга чақириқлар, лаънатлашлар, қамоқ жазоси, тошбўрон қилишга ундаш, отиш, Оллоҳдан жазо ва инсоф сўрашлар бор эди.

Наргиза Раҳимова ҳаётига нисбатан ўлим таҳдидларидан сўнг ҳуқуқ-тартибот идоралари уни ва оиласини қўриқлаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Тошкентлик журналистнинг Би-би-си билан суҳбатда айтишича, "...энг қизиғи, бир аёл, она ва амалдорга нисбатан шунча очиқ таҳдидларга қарамай, бирор бир расмий чиқиб, Ўзбекистондаги мавжуд қонунларни эслатмади. Бундан ҳам даҳшатлиси Наргиза Саидовани ҳақоратлаётганлар ва таҳдид қилаётганлар унинг аслида нима демоқчи эканини эшитишни ҳам исташмади. Бу "диндор"лар гўё Оллоҳнинг раҳмидан умидини узган, қаҳридан қўрқмайди!.."

Би-би-си машмашага сабабчилардан бўлган Hayot Baxtiyor O'gli билан боғланди. Унинг айтишича, унга нисбатан ҳам турли таҳдидлар бўлган.

Наргиза Раҳимованинг гапини тарқатганлар унинг қайси изоҳга жавоб ёзганини бирга келтирмади. Контекстдан узиб олиш натижасида Наргиза Раҳимованинг гаплари ҳақиқий ҳақоратдек жаранглади.

Наргиза Саидова асли нима демоқчи бўлган?

Наргиза Саидованининг изоҳига биринчилардан бўлиб журналист ва блогер Қаҳрамон Асланов эътибор қаратди.

"Шу жавобни кўпчилик ҳақорат деб билиб, опани айблаяпти. Айблаш майли, қарғаётган, сўкаётган ва кофирга чиқараётганлар бор. Аммо бу ерда опанинг нияти, мақсади ҳақорат бўлмаганини, фақат кескин бир фикрнинг нотўғри эканига ишора бермоқчи бўлингани кўриниб турибди", деб ёзди Қаҳрамон Асланов.

Аслановнинг тушунтиришича, Наргиза Раҳимова ўша комментни омма учунмас, конкрет бир инсонга жавобан ёзган. Яъни, назарда тутилган мақсадни, кинояни айнан ўша одам тушунишини билгани учун фақат унга қарата ёзган, холос. "Контекстдан суғуриб олганда, сал хунук кўринса ҳам аслида, мазмунан бу қадар тўполонга асос йўқ, менимча", дейди у.

Асланов яна Раҳимованинг ишлатган тил услубига ҳам эътибор қаратган.

"Ўша фикр ёзилишидан мақсад нима эди, эътибор берилиши керак. Наргиза Саидова «пайғамбар» эмас «пайғамбарИМИЗ», «Хадича» эмас, «Хадича ОНАМИЗ» деб ёзганига эътибор берилса, ният ҳақорат ёки мазах бўлмаганини тушуниш осон", деб ёзган Қаҳрамон Асланов.

Шундан сўнг интернетдаги Наргиза Раҳимова манзилига йўналтирилган нафрат бироз сўнгандай бўлди.

Лекин шундай бўлса-да, унинг истеъфосини талаб қилувчи чақириқлар бўлди.

"Бир эътироз, кинояни эплаб ёза олмасдан бутун ижтимоий тармоқларни остин-устун қилган одам қандай қилиб бутун бошли Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги имижи, обрўси ва нуфузини ҳимоя қилиши мумкин?! Наргиза Раҳимова ишдан бўшатилсин!", деб ёзди блогер Санжар Саид.

Шов-шувлардан 1,5 кун ўтиб, 9 март куни azon.uz таҳририятига келган Наргиза Раҳимова мусулмонлардан узр сўради.

"Қисқача айтадиган бўлсам, тушунмовчилик бўлган. Асосий ниятим, мен Худонинг бир бандаси сифатида турли талқинларга сабаб бўлган, кескин тортишувларга сабаб бўлаётган ўша фикрларим учун барча мусулмонлардан самимий узр сўрамоқчиман», деди Наргиза Саидова видеомурожаатида.

Узр сўраш ортидан унга нисбатан бўлган нафрат ва ҳақоратлар бироз камайгандай бўлди.

Аммо шунда ҳам ижтимоий тармоқларда тайинли ва бетайин ҳисоблар эгаларидан айримлар унга нисбатан таҳдидларни давом эттирди.

Бу каби таҳдидларга ўзини диндор сановчи бошқа ўзбекистонликлар ҳам қарши чиқаётганини кузатиш мумкин.

"Энди биродар, мен сизга юзланмоқчиман! Бир мўмин хато қилса, тавба-тазарруълар билан кечирим сўраса, хей мен ҳам мусулмонман, сизларданман деса яна уни қатл қилиш, муртад деб ўлдириш, омматан сазойи қилишга чақириш жасорати сизга қаердан келди?! Нимага бунчалик нафратга тўлиб кетган ичингиз? Нимага Исломни фақат қотил ва мақтуллар, кофир ва муртадлар, азоб ва уқубатлар дини ўлароқ кўрсатишга уринаверасиз? Нимага дин душманларига тайёр ўлжа бўлиб бераверасиз", деб ёзди Шовқинхўжа Кўпгапхўжа номли фойдаланувчи.

Ўзбекистонлик бўлмаган троллар фабрикаси ишга тушдими?

Раҳимова мавзуси асосан Facebook ва YouTube каналларида муҳокама қилинди. Эътиборли томони твиттердаги ўзбеклар орасида бу мавзу асосий бўлмаган бўлса-да янги очилган русийзабон твиттерчилар мавзуни фаол олиб чиқишди.

Асосан бир томонлама ва Наргиза Раҳимовани ёмонлашга қаратилган твитларни кузатувчилар Ўзбекистонга алоқадор бўлмаган ботлар эканлигини айтишмоқда.

"Бир неча юзга яқин ботлар активлашган. Улар яхши молиялаштириляпти. Ольгинский ботлари дейишяпти. Булар ўша Украинада фитна чиқарганлардир. Саидованинг ёнини олмоқчи эмасман. Шунчаки провокаторлар қуролига айланиб қолманглар", деб ёзди телеграмдаги Safari канали.

Бош прокуратура муносабати

Би-би-си ушбу ҳолатларга ҳуқуқий баҳо беришни сўраб, Бош прокуратурага мурожаат қилди.

"Жараён ҳуқуқий доирада ўрганилмоқда, мазкур вазиятга ҳуқуқий баҳо беришдан ташқари масаланинг ниҳоятда нозик эканлиги ва катта ижтимоий резонансга сабаб бўлганлигини инобатга олиш зарур", дейди Бош прокуратура матбуот котиби Сурайё Раҳмонова.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги дин ишлар бўйича қўмита номларни ва айнан ҳодисани тилга олмасдан воқеага умумий муносабат билдирди.

"Юртимиз ҳудудида диний манбалар, қадриятлар, муқаддас туйғулар ҳурмат қилиниши шарт. Уларга нисбатан ҳақоратли сўз ишлатиш, ёмон муносабатда бўлишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Ўзбекистон Республикасининг "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги қонунда фуқароларнинг диний эътиқоди билан боғлиқ ҳис-туйғуларини ҳақоратлаш, диний қадриятларни оёқ ости қилиш қонунда белгиланган жавобгарликни келтириб чиқариши келтириб ўтилган", дейилади муносабатда.

Би-би-си билан суҳбатда бўлган тошкентлик журналистнинг айтишича, дин ишлари бўйича қўмитанинг бу чиқиши "Наргизанинг изоҳини юлиб олиб, талқину таҳдид қилаётганларникидан ғоявий фарқ этмайди. Дин ишлари бўйича қўмита муносабат билдирса, бутун бошли мавзу ва Наргиза жавоб қилган Ҳаёт Бахтиёр ўғлининг даъвосига ҳам муносабат билдириши керак эди".

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek