Имон Каримова онасининг ҳибси акс этган видеони тақдим қилди

Би-би-си билан суҳбатда Имон Каримова ўз онасининг уй ҳибсидан куч билан қайта тутиб олиб кетилганини даъво қилди.

Ўзбекистоннинг марҳум президенти Ислом Каримовнинг невараси 20 ёшли Имонга кўра, онаси Гулнора Каримова бир неча шартлар асосида турмадан уй қамоғига 2018 йил июнида кўчирилганди.

Имон Каримова Би-би-сига онасининг уй кийимларида куч билан судраб олиб чиқилаётгани тасвирланган видеони тақдим этган.

Воқеа, унинг айтишича, 5 март куни рўй берган.

Би-би-сининг бу видеони мустақил манбалардан тасдиқлаш имкони йўқ.

Имоннинг айтишича, уй ҳибсига ўтказилиш шартларидан бирига кўра, Гулнора Каримова хорижда сақланаётган ўзига тегишли пул ва мулкларни Ўзбекистонга қайтариш бўйича ҳукумат билан ҳамкорлик қилиши керак эди.

Бу шартлар орасида Ўзбекистон ҳукуматида ҳозир қудратда бўлган айрим шахсларнинг номларини зикр этмаслик ҳам бор эди, дейди Имон.