Ўзбекистон ва коррупция: Олий Мажлис коррупцияга қарши кураша оладими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Anadolu Agency/Getty Images
Image caption Янги раҳбарият ҳали ҳам коррупция борасида давлат стратегиясини ишлаб чиқмаган

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Коррупцияга қарши курашиш қўмитаси ташкил этилмоқда. Бу ҳақида Олий Мажлис сайтида хабар берилди.

Баёнотда айтилишича, бу қўмитага давлат органлари ва муассасаларида коррупцияга қарши курашиш бўйича ички дастурларни ишлаб чиқиб, ҳаётга татбиқ этиш жараёни устидан парламент назоратини амалга ошириш, коррупцияга қарши курашиш бўйича қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш ҳамда амалдаги қонун ҳужжатларини уларда коррупцияга олиб келувчи нормаларнинг мавжудлигини аниқлаш, таҳлил қилиш каби қатор вазифалар юклатилмоқда.

"Давлат ва жамият ривожига, халқнинг адолатга, эртанги истиқболга бўлган ишончига жиддий путур етказадиган хавфлардан бири коррупциядир. Мамлакатимизда кейинги пайтларда коррупцияга қарши кескин курашиш ҳамда унинг олдини олиш борасида аниқ чоралар кўрилаётганига қарамай, ушбу иллатни таг-томири билан қўпориб ташлашга, бундай салбий ҳолатларга тўлиқ барҳам беришга эришилганича йўқ," дейилади Олий Мажлис баёнотида.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон президенти этиб сайланганидан бери қатор юқори даражали мулозимлар терговга тортилган ва баъзилари устидан жиноий ишлар очилган.

Аммо, мазкур ишлар ривожи бўйича жамоатчиликка хабар берилмайди. Хусусан, Гулнора Каримованинг 1 миллиард долларлик даъвога тенг иши, Солиқ қўмитасининг собиқ раҳбари Ботир Парпиев тергови, собиқ Бош Прокурор Рашид Қодиров тергови Ўзбекистон расмий матбуотида ҳали ҳам ўта нозик ва ёпиқ мавзу бўлиб қолмоқда.

Айни дамда, собиқ президент Ислом Каримов даврида коррупция айблари билан лавозимидан олинган қатор мулозимлар ҳукуматга қайтган.

Нуфузли Халқаро Транспаренси ташкилотининг коррупция бўйича охирги йиллик ҳисоботида Ўзбекистон 180та давлат ичидан 158-ўринни эгаллаган.

Ҳисобот Ўзбекистонни олигарх-авторитар давлат сифатида тасвирлайди.

Унга кўра, Ўзбекистонда давлат ресурслари ҳокимият элитаси ҳокимиятни сақлаб қолиш учун суиистеъмол қилинади.

"Мамлакатда коррупциянинг кўлами ва шакллари ҳақида маълумот чекланган бўлса-да, мавжуд далиллар коррупция кенг тарқалганлигини ва фуқароларнинг кундалик ҳаётига таъсир кўрсатишини намойиш қилади. Коррупция мамлакат элитасига табиий захираларини ноқонуний равишда ўзлаштиришга имкон беради ва пахта плантацияларида инсон ҳуқуқлари бузилишига ёрдам беради," дейилади ҳисоботда.

Транспаренсига кўра, Ўзбекистон ҳукуматининг кенг кўламли ва систематик коррупцияга қарши кураши суст бўлиб қолмоқда.

Ташкилот Ўзбекистон ҳукумати идораларининг халқ олдидаги жавобгарлигини ошириш учун ҳақиқий ҳуқуқий ва институционал ислоҳотлар зарур эканини таъкидлайди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари асосида қатор иқтисодий дастурлар ишлаб чиқилган бўлса-да, Ўзбекистон ҳукумати Коррупцияга қарши кураш йўлида муайян стратегияни ишлаб чиқмаган.

МТС Ўзбекистон туфайли АҚШга миллиард долларга яқин жарима тўлайдиган бўлди

"Ижтимоий фикр": Ўзбекистонда коррупция бор

"Рашитжон Қодиров туғилган кунини уйида нишонлайди"

Ботир Парпиев Солиқ қўмитаси раиси лавозимидан бўшатилди

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Ўзбекистон: Мирзиёев, ислоҳотлар ва коррупция