Ўзбекистон: Зокиржон Алматов Андижон учун масъулиятни зиммасига олди

Image caption Европа Иттифоқи ҳукумат кучларини Андижондаги намойишчиларга қарши "номутаносиб куч ишлатиш"да айблаган

Ўзбекистоннинг собиқ ички ишлар вазири Зокиржон Алматов 2005 йилнинг майида Андижонда ҳукумат кучлари содир этган амаллар учун масъул эканини айтган.

Истеъфодаги генерал-полковник бу ҳақда қонли воқеаларнинг навбатдаги санаси арафасида Qalampir.uz нашрига берган интервьюсида гапирган.

"Ўша пайтда президент топшириғи билан штаб (бошлиғи вазифасини)ни мен бажарганман. Мен ўша ерда ишни ташкил қилганман. Асосий қарорни мен қабул қилганман", - - деган 69 яшар Алматов.

Зокиржон Алматов ИИВга қайтди

Россиялик журналист: 'Андижондан кейин Каримовдан нафратландим'

Алматовнинг қайтиши. МХХ кучсизландими?

15 йил давомида Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига раҳбарлик қилган Алматов 2006 йил январида соғлиги ёмонлашгани сабаб истеъфога чиқарилганди.

У халқаро ҳамжамият "қирғин" деб тасвирлаган қонли воқеалар боис Европа Иттифоқига кириши тақиқланган 12 нафар Ўзбекистон ҳукумати мулозимлари рўйхатининг бошида бўлган.

Алматов 2005 йилнинг 13 май куни Андижонда ҳокимият биносини эгаллаб олган исёнчилар раҳбари билан музокаралар олиб борган ва уларни намойишлар аёвсиз бостирилиши ҳақида огоҳлантирган.

У Ислом Каримовнинг ўлимидан кўп ўтмай ҳокимиятга қайтарилган.

2016 йил декабрида Алматовнинг коррупцияга қарши кураш бўйича янги ташкил этилган идоралараро комиссия раҳбари этиб тайинлангани хабар қилинган, аммо бу расман ҳеч қачон тасдиқланмаган.

Алматов 2018 йил 27 февралидан буён Ички ишлар вазирининг маслаҳатчиси ҳисобланади.

'Оғир масала'

18 март куни Qalampir.uz онлайн нашрининг YouTube каналида чоп этилган интервьюсида Зокиржон Алматов Андижон воқеалари "ҳаётидаги энг оғир нуқталардан биттаси" эканини таъкидлаган.

Ўзининг сўзларига кўра, "шу нарсаларнинг олдини олса бўлмасмиди? Шу даражада одамлар ваҳшийлашиб кетганмиди?" деган саволлар уни кўп қийнайди.

Аммо айни пайтда собиқ вазир ўзи ва ўша пайтдаги давлат раҳбари (Ислом Каримов) зиддиятни тинч йўл билан ечиш учун барча чораларни кўрганликларини айтган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Qalampir.uz
Image caption Зокиржон Алматовга кўра, ҳукумат Андижонда қон тўкилмаслиги учун "барча чораларни кўрган"

Алматовга кўра, отишмалар Қирғизистонга чиқиб кетаётган исёнчиларнинг "тасодиф туфайли ҳарбий қисм бошлиғини отиб қўйиши"дан сўнг бошланган.

"600га яқин одамни биз тинчлик йўли билан Қирғизистон давлатига ўтказиб қўйдик. Тасодиф туфайли улар постда бир ҳарбий қисм бошлиғини отиб ўлдиришган. Ана шундан кейин улар билан ўша ердаги солдатлар ўртасида отишма содир бўлиши натижасида инсонлар ҳалок бўлди, ярадор бўлди, ана унинг асосий сабаби", - деб айтган Зокиржон Алматов.

У Андижонда юзлаб одамлар ҳалок бўлгани ҳақидаги даъволарни рад этган.

"500-1000 та одам ҳалок бўлди, деган гаплар нотўғри", - деган Ўзбекистоннинг бош милиционери.

У Андижонда давлат тўнтаришига уриниш бўлганини айтиб, ҳукумат кўрган чораларни ҳимоя қилган.

"Ҳокимият биносини эгаллаб олди, ИИВга ҳужум қилди, ўтган-кетганни отиб ўлдирди. Давлат тўнтаришидан дарак берадими бу? Америка ёки Европада террористлар шундай ҳаракатни содир қилса, улар қанақа чорар кўрарди?", - дея хитоб қилган истеъфодаги генерал.

Шоҳидларга кўра, 2005 йилнинг 13 май куни қоронғу тушиши билан Андижондаги исёнчилар эгаллаб олган ҳокимият биноси БТРлардан ўққа тутилган.

Европа Иттифоқи ва Қўшма Штатлар Ўзбекистон ҳукумати аксарияти қуролсиз намойишчиларга қарата огоҳлантиришсиз ўт очиши натижасида аёллар ва болаларн дохил юзлаб бегуноҳ инсон ҳалок бўлганини айтган.

'Тошкент қассоби'

Зокиржон Алматов ўз интервьюсида ҳукумат кучларига ўт очиш ҳақидаги буйруқ ким томонидан берилганини айтмаган.

2005 йилнинг 14 май куни Тошкентдаги матбуот анжуманида президент Ислом Каримов "ҳеч ким отишга буйруқ бермагани"ни айтганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Independent
Image caption Ғарб матбуоти Зокиржон Алматовни "Тошкент қассоби" деб тасвирлаган

Ҳукумат аксарияти "Акромийлар" диний-экстремистик оқимига мансуб шахслардан иборат 187 киши ҳалок бўлганини айтиб келади.

Расмий Тошкент воқеалар юзасидан халқаро текширув ўтказиш чақириқларини рад этган.

Зокиржон Алматов Ўзбекистонинг янги тарихидаги энг қонли воқеалар борасида матбуотга гапираётган биринчи собиқ юқори мартабали ҳукумат мулозимидир.

Президент Шавкат Мирзиёев ҳозирга қадар Андижон воқеалари юзасидан ҳеч қандай баёнот бермаган.

Ўзбекистон матбуотида воқеалар ва уларнинг қурбонлари хотирланмайди.

Ғарб матбуоти Зокиржон Алматовни "Тошкент қассоби" деб тасвирлаган.

Европа Иттифоқининг Андижон воқеалари боис Ўзбекистонга нисбатан жорий этган қурол-яроғ эмбаргоси ва виза чекловлари 2009 йил октябрига қадар амал қилган.

2006 йилда Германия федерал прокурори бир гуруҳ андижонликларнинг даволаниш учун ушбу мамлакатга сафар қилган Зокиржон Алматов устидан жиноят иши очиш ҳақидаги талабномасини рад этганди.

Ушбу талабномани қўллаб-қувватлаган Ҳьюман Райтс Уотч инсон ҳақлари ташкилоти Зокиржон Алматов бошқарган Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги Андижонда тинч намойишчиларнинг ўққа тутилиши ва мамлакатда йиллар давомида диндорлар ҳамда сиёсий мухолифларга нисбатан қўллаб келинган қийноқлар учун масъул эканини айтган.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbekBBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.