Ўзбекистон: Facebook ва YouTubeни ким блоклаганди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Uztelecom
Image caption "Ўзбектелеком" Facebook ва YouTubeга тўсиқ қўйилганини рад этиб келган

Бир ойдирки, Ўзбекистонда Facebook ва YouTube VPNсиз ишламоқда.

Олти ой давом этган блокдан сўнг ушбу икки оммабоп тармоқ шу йилнинг 22 февралида тўсиқсиз ишлай бошлаганди.

Бу вақт давомида блок қўйилганини рад этиб келган масъуллар ўтган ойнинг сўнгги ҳафтасида "техник муаммолар" ҳал этилганини айтишган.

Ўзбекистон ҳукумати Facebookка тўсиқ қўйганини рад этмоқда

Ўзбекистон: Ҳукумат веб-сайтларни суд қарорисиз ёпиши мумкин

Ўзбекистон: Ҳибсга олинган блогерлар сони 6 кишига етди

Айрим таҳлилчилар Facebook ва YouTubeга қўйилган тўсиқлар мамлакат хавфсизлик хизмати ДХХ раҳбариятидаги ўзгаришлар ортидан олиб ташланганига эътибор қаратишади.

ДХХ Ўзбекистоннинг халқаро телекоммуникация тармоқларига уланиш каналларини назорат қилади, деб ишонилади.

Сиёсий сабаблар

Facebookдаги муаммолар ўтган йилнинг 4 сентябрь куни бошланган.

Бу Ўзбекистонда биринчи марта ижтимоий тармоқ сайтига буткул тўсиқ қўйилиши эди.

Орадан бир ой ўтиб, 4 октябрь куни YouTube ҳам ишламай қолди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи HRW

Расмийлар дарҳол раддия беришга шошилдилар - уларга кўра, муаммога "техник масала" сабаб бўлаётганди.

Аммо ҳодисадан бир неча кун аввал қатор блогерларнинг ҳибсга олиниши ва ҳукуматнинг интернетни назорат қилишга қаратилган қарори Facebook ва YouTubeнинг блокланиши ортидаги сабаблар "техник" эмас, балки сиёсий эканига ишора қилаётганди.

Фойдаланувчилар оммавий равишда VPN (виртуал хусусий тармоқлар-таҳр.) фойдаланишга ўтган бўлсалар, ҳукумат идоралари ва агентликлар ўзларининг расмий Facebook саҳифаларини одатий равишда янгилашда давом этдилар.

Бу орада "Ўзбектелеком" Facebook маъмурияти билан алоқа ўрнатишда ёрдам сўраб, Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қилгани ҳақида расмий хабар тарқалди.

Хабар Ўзбекистондаги жамоатчилик ва интернет фойдаланувчиларнинг заҳарханда кулги ва танқидларига сабаб бўлди.

15 январь куни Facebook ва YouTube ишлаб кетгани ҳақида хабарлар чиққан, аммо фойдаланувчиларнинг қувончи узоққа чўзилмаган.

"Ё қудратингдан, Youtube ва Facebook ВПНсиз ишлаб кетди", деб ёзган Твиттер фойдаланувчиси.

Айримлар блокнинг вақтинча олиб ташланишини Президент Шавкат Мирзиёевнинг Германияга ташрифига боғлашган.

Германия расмийлари ўзбек томони билан расмий музокаралар чоғида сўз ва матбуот эркинлигининг аҳамиятини урғулагани хабар қилинганди.

Аммо...

Пировардида Facebook ва YouTubeга қўйилган тўсиқнинг олиб ташланиши Германияга сафарнинг эмас, балки ДХХ раҳбариятидаги кутилмаган ўзгаришнинг натижаси бўлганига кўпчилик ишонади.

Бу икки тармоқ Абдусалом Азизов ДХХ раҳбари этиб тайинланганидан бир ҳафта ўтиб, тўсиқсиз ишлай бошлаган.

Бир вақтнинг ўзида собиқ ДХХ раиси Ихтиёр Абдуллаев ҳамда ўнлаб бошқа юқори мартабали хавфсизлик мулозимлари ишдан бўшатилгани ва ҳибсга олингани ҳақида хабарлар олинган.

Ҳозирга қадар бу хабарларнинг биронтаси расман тасдиқланмаган.

Ихтиёр Абдуллаев расман соғлиги туфайли истеъфога чиқарилганидан бир кун ўтиб, Би-би-сининг Ўзбекистон ҳукуматига яқин манбалари ДХХнинг ахборот хавфсизлиги масалалари бўйича масъул мулозими (мулозимнинг исми Би-би-сига маълум-таҳр.) ишдан бўшатилгани ва ҳибсга олинганини айтган.

Тошкентдаги манбаларнинг айтишича, Youtube ва Facebookнинг блокланиши "ДХХ раҳбарияти томонидан тизимли тарзда олиб борилган кампаниянинг бир қисми бўлган, холос".

"Улар одамлар кайфиятида тушкунлик кучайгани, Ўзбекистоннинг ташқаридаги имижи яна ёмонлаша бошлаганидан манфаатдор бўлишган", - деб айтган Би-би-си манбаси.

Аммо Би-би-си ҳозиргача Youtube ва Facebookнинг блокланиши учун масъул бўлгани айтилган ушбу шахснинг ишдан бўшатилгани ва унга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани ҳақидаги маълумотни расмий манбалардан тасдиқлаш имконига эга бўлганича йўқ.

Айни пайтда хориждан юритиладиган мухолифат сайтлари ҳамда Fergananews.com каби қатор мустақил сайтлар ҳануз блокланганича қолмоқда.

Янги ҳукумат марҳум Ислом Каримов даврида тўсиб қўйилган ўнлаб сайтларни очишга шошилмаётир.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbe