Ўзбекистон: Ўз жонига қасд қилган дипломат нега ДХХ изоляторида ушлаб турилибди? (Видео)

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг собиқ юқори даражали ходими Қодиржон Юсупов давлатга ҳиёнат қилишда айбланиб ҳибсга олинган.

Унинг оиласига кўра, Давлат хавфсизлик хизмати уни оиласи томонидан ёлланган адвокат ва яқинлари билан кўришишга рухсат бермаяпти.

Вояга етган уч фарзанднинг отаси, 67 ёшли Қодиржон Юсупов ҳибсга олинишидан бир ҳафта аввал ўзини Тошкент метросидаги поезд остига ташлаб ўлдиришга уринган.

Ўзбекистоннинг Судан, Австрия ва Британиядаги элчихоналарида юқори лавозимларда фаолият юритган дипломат Қодиржон Юсупов ўн йилдирки нафақада эди.

Би-би-си танишиб чиққан икки шифокор хулосаларига кўра, Юсупов кўп йиллардан бери руҳий хасталикдан жабр чекиб келган.

Тиббий ҳужжатларга кўра, оиласида шизофрения хасталиги бўлган Юсуповда ўзини йўқотиб қўйиш, улуғлик васвасаси, депрессия, ҳамда ўзини ўлдириш истаги қайд қилинган.

Юсуповнинг шифокорларига кўра, у "Севпрам" антидепрессант дорисини қабул қилиб келаётганди. Бироқ, бу муолажа тўсатдан тўхтатилса, беморнинг руҳий ҳолати кескин ёмонлашиши мумкин.

Ўз жонига суиқасд ҳаракати

Юсуповнинг Лондонда яшовчи ўғли Бобур Би-би-си билан суҳбатда отасининг руҳий аҳволи ҳақида сўзлаб берди.

"3 декабрь, душанба эди. Мен Телеграмдан отамдан смс олдим. Унда отам, "ўғлим, мени кечир, бошқа бундай яшолмайман, уйқусизлик мени ўлдиряпти, кечир, алвидо," деб ёзган экан. Лондон вақти билан 7ларда уйғонгандим, дарҳол отамга сим қоқдим, жавоб бўлмади. Кейин укамга қилдим... Билсам, отам Тошкентдаги Пушкин метростанциясига бориб, ўзини поезд остига ташлабди.," - дейди у.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Bobur Yusupov
Image caption Қодиржон Юсупов кўп йиллардан бери руҳий хасталиги учун тиббий муолажа олиб келган

Қодиржон Юсуповнинг поезд остига сакраши акс этган хавфсизлик камераларидаги ёзув, Бобурга кўра, унинг оиласига милиция ходими томонидан кўрсатилган. Унда ҳақиқатдан ҳам Юсупов сўмкасини елкасидан олиб ерга қўяди ва поезд келаётганда остига сакрайди. Поезд тўхташга уринса-да, уни босиб кетади.

Юсупов мазкур суиқасдда омон қолди, касалхонага ётқизилгач, унда мия чайқалиши ва бир елкаси сингани аниқлади.

Унинг кенжа ўғли Темурнинг билдиришича, отаси касалхонада нималарнидир алжирарди, ва ўзининг хорижий агент эканини ҳам айтиб, тушунарсиз баёнотлар қилган. Буларга гувоҳ бўлган милиция сўнгра ДХХ зобитларини чақирган. Бир ҳафтадан сўнг эса у олиб кетилган.

"Уларнинг айтишича, отам Ғарбга ишлайди. 2015 йилдан эмиш. Тергов кетаяпти дейишди. Ўша куниёқ дадамнинг компютери, телефони олиб кетилди ва икки кун уйимиз тинтув қилинди. Укамнинг айтишича, отам ноадекват аҳволда эди. Мен биламан, отамда кўп йиллар ақлий соғлиқ муаммолари бўлган. Эслайман, биринчиси Венада 1995 йилда бўлганди, унда у инфаркт бўлишига сал қолган. Мен 10 ёшда эдим. Дадам жуда катта стресс остида ишлаётганди. Будапештда катта Европа Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти саммитини уюштирганди. Кейин ўлим тўшагидагидек ётиб қолган. Тошкентга қайтганида, у ҳеч ўзида эмасди. Йиғларди кўп, ерни ўпиб, уйдаман дерди, Қуръони Каримни ўқирди. Мен у билан гаплаша олмасдим, майда чуйдага тутақиб кетарди, якка ўзи ўтириб, нималарнидир ўзига гапирарди," - дейди Бобур Юсупов.

Айни дамда Юсуповнинг давлатга қандай ҳиёнат қилгани, бу борада қандай далил-исбот борлиги на адвокат, на оиласига маълум қилинган. Уларга кўра, руҳий хаста одамнинг алжирашигина унинг 100 кундирки ДХХ ҳибсхонасида қолишига сабаб бўлмоқда.

Би-би-сига мурожаатида Юсуповнинг рафиқаси Феруза Юсупова ўз турмуш ўртоғининг соғлиғидан қаттиқ ҳавотирда эканини билдирди.

Унинг айтишича, Ташқи ишлар вазирлиги унинг руҳий хаста эканидан хабардор эди, чунки 1995 йилдаги инқирози ортидан Вазирлик маҳсус комиссия тузиб, уни қайта суҳбатдан ўтказган ва қайта ишга ёллаганди.

Ҳимоясиз

Айни дамда Юсупов оиласида томонидан ёлланган мустақил адвокатга ўз мижози билан кўришишга рухсат берилмаяпти. Адвокат Аллан Пашковский бир неча бор уриниши ортидан унга бир марта Юсупов билан кўришишга изн берилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Bobur Yusupov
Image caption Унинг оиласига кўра, Ташқи ишлар вазирлиги Юсуповнинг руҳий хасталигидан яхши хабардор эди

"Адвокат билан кўришишга бир мартагина рухсат беришди, 4 январда. Терговчи дарров адвокатимизга бир хатни рўкач қилган, гўёки унга отам имзо чеккан. Отам биз ёллаган бу адвокатни умуман учратмаган бўлса ҳам, бу аризада гўёки унинг исми шарифи ва адвокат фирмасини номини келтириб, ундан воз кечган, мени давлат ҳимоячиси ҳимоя қилсин деб ёзган. Адвокатимиз, қонунга биноан, отам билан яккама якка учрашишга рухсат сўраганида, унга рад жавоб қилишди. Бу қисқа учрашув чоғида терговчилар отамни ёлғиз қолдиришмаган. Адвокат дадамдан уч марта сўраган, ўзингиз бунга имзо чекдингизми, деб. Дадам жавоб бермаган. У ўзини жуда ғалати тутган. Ҳадеб ярим соқолимни олдим, ярмини олмадим, деб хавотирга тушаверган," - дейди Бобур.

Юсуповнинг руҳий хаста эканини тасдиқловчи ҳужжатлар давлат идораларида мавжуд, аммо адвокатга улар берилмаяпти, дейди дипломатнинг оиласи.

Адвокатнинг уринишларига давлат идоралари рад жавобини бермоқдалар.

Давлат томонидан тайинланган ҳимоячи эса, Юсуповнинг оиласига кўра, унинг бемор эканини исботлашга мутлақо уринмаяпти ва мижози камида 10 йилга қамалишини таъкидламоқда.

Би-би-си мазкур ҳолатга аниқлик киритишни сўраб Ўзбекистон Бош прокуратурасига қуйидаги саволларни берди:

Би-би-си: Қодиржон Юсуповга қандай айблов қўйилган?

Бош Прокуратура: Қодиржон Юсуповга нисбатан ЖКнинг 157-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

(Давлатга хоинлик қилиш, яъни Ўзбекистон Республикасининг фуқароси томонидан жосуслик, чет эл давлатига, чет эл ташкилотига ёки уларнинг вакилларига давлат сирларини етказиш ёхуд Ўзбекистон Республикасига қарши душманлик фаолияти олиб боришда бошқача ёрдам кўрсатиш йўли билан Ўзбекистон Республикасининг суверенитетига, ҳудудий дахлсизлигига, хавфсизлигига, мудофаа салоҳиятига, иқтисодиётига зарар етказишга қаратилган қасддан содир этилган қилмиш.)

Би-би-си: Нега унинг оиласи билан кўришишига рухсат берилмаяпти?

Бош Прокуратура: Юсуповнинг оила-аъзолари тергов органига учрашув юзасидан тегишли тартибда мурожаат қилган тақдирда, ЖПК талаблари асосида уларнинг учрашув масаласи кўриб чиқилади. ЖПКнинг 230-моддаси. Ушлаб турилган шахсга қариндошлари ва бошқа шахслар билан учрашувга ушлаб турилган шахслар сақланадиган жойнинг маъмурияти ушлаб туриш тўғрисидаги материаллар қайси терговчи ёки суриштирувчининг иш юритувида бўлса, фақат ўша терговчи ёки суриштирувчининг ёзма рухсати асосида ижозат беради, ҳимоячи билан учрашув бундан мустасно.

Би-би-си: Нега унинг оиласи унинг аҳволидан бехабар қолдирилмоқда?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Bobur Yusupov
Image caption Икки психиатр шифокор хулосаларида, Юсуповнинг руҳий беқарор экани бир неча бор қайд қилинган

Бош Прокуратура: Юсуповнинг оила-аъзолари унинг аҳволидан қонуний ҳимоячиси орқали хабардор бўлишлари ёки тергов органига тегишли тартибда мурожаат қилган тақдирда, ЖПК талаблари асосида уларнинг учрашув масаласи кўриб чиқилади. Бундан ташқари, сингиллари Вазиранинг 2 маротаба, Назира ва ўғли Темурларнинг 3 маротабадан Юсуповнинг руҳий ва жисмоний аҳволи ҳақида терговчига телефон қўнғироқлари орқали берилган саволларига тўлиқ жавоб берилиб келинган.

Би-би-си: Юсупов қаерда сақланаяпти?

Бош Прокуратура: ДХХ тергов изоляторида сақланмоқда.

Би-би-си: Унинг руҳий ташхиси терговчилар томонидан ҳисобга олинадими?

Бош Прокуратура: Ҳозирги кунда Юсуповнинг руҳий аҳволи қониқарли, келгусида унинг руҳий ҳолатида ўзгариш бўлган тақдирда, тегишли тартибда ЖПК талаблари асосида ҳал этилиши таъминланади.

Хавотир

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи халқаро Human Rights Watch ташкилоти Би-би-си билан суҳбатда Юсуповнинг аҳволидан хавотирда эканини айтди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Bobur Yusupov
Image caption Унинг оиласига кўра, ўз хасталигини назорат қилишга уринган Юсупов руҳий хаста болаларга хайрия йиғиш билан шуғулланиб келарди

"Биз истеъфодаги ўзбек дипломати Қодиржон Юсуповнинг ҳибсда ушлаб турилганидан жуда хавотирдамиз. Биз билишимизча, у руҳий касаллик туфайли жиддий жароҳатлар олиб касалхонага тушганидан бир ҳафта ўтиб, 10 декабрда ДХХ томонидан ўз палатасидан олиб кетилган. Бизга маълумки, жаноб Қодиржонов Ўзбекистон ташқи ишларида узоқ йил фаолият юритган ва ташқи ваколатхоналарида ишлаб обрў қозонган. Энди эса 157-модда, яъни ҳиёнат дея у ўта ноаниқ ва тушунарсиз айбловлар билан қўлга олинган. Оиласи хабарларига кўра, ўзбек ҳукумати, хусусан хавфсизлик хизмати Ўзбекистон қонунчилигини бузишдек ўта ёмон анъанасини давом эттиряпти, ва унинг Аллан Пашковский исмли адвокатига мустақил кўришиш рухсатини бермаяпти. Шунингдек, бир неча ойки жаноб Юсупов ўз оиласи, рафиқаси ва фарзандларини кўришига рухсат берилмаяпти. Бу жуда ҳам хавотирли. Айниқса, Ўзбекистонда 157 модда яқин ўтмишда кўп суиистемол қилинганини ҳисобга олсак. Бу ҳолатда инсоннинг руҳий хасталиги ҳақида ҳам гап кетаётгани назарда тутилса, ўзбек ҳукумати терговни шаффоф қилиши керак. Ҳукумат зудлик билан жаноб Юсуповга ўз оиласи ва адвокати билан кўришишга имконият яратиши керак ва қонунга биноан амал қилиши керак. Буни зудлик билан қилишади деб умид қиламиз," - деди ташкилотнинг Марказий Осиё бўйича директори Стив Свердлов.

Бобур Юсупов мазкур воқеалардан бутун оиласи ларзага келгани ва отасига бу каби муносабат қилинаётганидан норози эканини айтади.

"Биз бу инсон кекса ёшда эканини, ва унда ҳақиқатдан ҳам руҳий муаммолар борлигини эътиборга олишларини истаймиз. Буни айтиш бизга осон эмас. Чунки жамиятимизда бунга нисбатан ёвқараш бор. Отамнинг обрўйи юқори, уни ҳамиша ҳурмат қилишган. Унинг руҳий хаста эканини тан олиш бизга осон эмас. Лекин 30 йилки дунё бўйлаб ўз ватанининг обрўйини ва манфаатларини ҳимоя қилиб келган одамга энди қип қизил жиноятчидек муносабат қилишяпти."

https://www.bbc.com/uzbek/uzbekistan/2016/02/160222_cy_mahmud_yuldoshev

Жамшид Каримов руҳий шифохонадан озод этилди

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbekBBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.